Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Уйда қолинг! Оставайтесь дома!

ВАЗИРЛИК АҲОЛИНИ КОРОНАВИРУСДАН ХАВОТИРГА ТУШМАСДАН, ОГОҲ БЎЛИШГА ЧОРЛАЙДИ Бош сахифа

28 февраля 2020

ВАЗИРЛИК АҲОЛИНИ КОРОНАВИРУСДАН ХАВОТИРГА ТУШМАСДАН, ОГОҲ БЎЛИШГА ЧОРЛАЙДИ

Айни кунларда дунёда, хусусан, Хитой, Жанубий Корея, Эрон ва Италия каби қатор давлатларда коронавирус инфекцияси кенг тарқалаётганлиги кузатилмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, жаҳонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 82 минг нафардан ошди, 2 800 дан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилди. Ҳозиргача Хитойдан ташқари ушбу инфекция 50 га яқин мамлакатда аниқланди. Дунёда эпидемик вазият кун сайин ўзгариб, касаллик шиддат билан бошқа давлатларга ҳам тарқалмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамалакатимиз аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар халқаро тиббий санитария талаблари асосида амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида батафсил тўхталиб ўтилди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассислари билан бирга, тегишли вазирлик ва идора мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Унда қайд этилганидек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, вирус бошқа мамлакатларда Хитойнинг ўзига қараганда тезроқ тарқалмоқда. Сўнгги бир кун ичида Италияда касалланганлар сони уч баробарга кўпайди ва ҳозирги кунда 450 нафардан ошди. Саудия Aрабистони расмийлари эҳтиёт чораси сифатида зиёратчиларнинг мамлакатга киришини вақтинча тақиқлаб қўйди.

COVID-19 инфекцияси бўйича юзага келган бундай нохуш вазият мазкур касалликнинг юртимизга четдан кириб келиш хавфини оширмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январь куни “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг ташкил этиш тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилиниб, тизимли чоралар амалга оширилмоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, COVID-19 инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида 53 та санитария-карантин пунктлари халқаро талаб ва мезонлар асосида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Юртимизга коронавирусни аниқлаш бўйича замонавий тест-системалари, шунингдек, тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тиббий техника ва тиббий буюмлар заҳираси яратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Лекин бу хотиржам бўлишга асос бўла олмайди, дейилди матбуот анжуманида. Шунинг учун ҳам кеча дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлигида, сўнг Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир раҳбарлигида “Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияси”нинг навбатдаги йиғилишида ҳам бу борада кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Мамлакатимиздаги барча ҳаво ва темир йўлларида ташкил қилинган санитария-карантин пунктлари, ҳудудларда тузилган штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналар ва корхоналар, маҳалла, ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларга давлат томонидан қўйилаётган талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш, мактабгача таълим, ўрта мактаб, олий ўқув юртлари ва жамоат жойларида санитария талабларига риоя қилиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари, эпидемия кенг тарқалган мамлакатлардан келган ҳар бир фуқарони тўлиқ 14 кунлик тиббий кузатувга олиш, бирламчи тиббиёт муассасаларининг врач ва патронаж ҳамширалари томонидан грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларини эрта аниқлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар яна бир бор қатъий кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга, хориждан келган фуқаролар орасида тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланганда, уларнинг барчасини коронавирус касаллигига махсус лаборатория текширувидан ўтказишга, шунингдек, касаллик тарқалишининг олдини олиш ва изоляция қилиш мақсадида, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан ҳарорати юқори бўлган беморларга уйида тиббий ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.

Анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари аҳолини коронавирус билан боғлиқ эпидемик вазиятдан хавотирга тушмасдан, огоҳ бўлишларини, жумладан, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини таъкидлаб ўтишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.