Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЎЗБЕКИСТОНДА 2021 ЙИЛДАН МАЖБУРИЙ ТИББИЙ СУҒУРТА ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ Бош сахифа

26 апреля 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЎЗБЕКИСТОНДА 2021 ЙИЛДАН МАЖБУРИЙ ТИББИЙ СУҒУРТА ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатимизда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилиш мавзусида олий даражадаги сиёсий мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.

Унга молиявий ислоҳотлар ва мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш учун масъул бўлган вазирлик ва идора вакиллари, шунингдек, ЖССТ Европа минтақавий бюроси, Россия, Буюк Британия, Швеция, Испания, Латвия, Корея Республикаси каби етакчи мамлакатлар мутахассис ва экспертлари, халқаро молия тузилма вакиллари таклиф этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт тизимида муҳим ўзгариш ва янгиланишлар бўлмоқда. 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, тиббиёт ривожида янги даврни бошлаб берди.

Чунки унга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш, тиббиёт соҳасида замонавий бошқарув ва молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳудудларда “кластер” моделини шакллантириш, тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, сифати ва оммабоплигини ошириш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш, хусусий тиббиёт, давлат-хусусий шериклик механизми ва тиббий туризмни ривожлантириш орқали инвестицияларни кенг жалб этиш, фармацевика тармоғи, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тиббиёт фанини ривожлантириш ҳамда электрон соғлиқни сақлаш тизимини кенг жорий этиш каби устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мулоқот давомида ушбу Концепциядан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ислоҳ қилишнинг асосий кўринишларидан бири давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизими ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини татбиқ қилиш ишлари бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, юртимизда мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш мақсадида жорий йилдан тизимнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда. Мамлакатимизда ушбу жараён 2021 йилдан жорий этиш бошланади ва биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Мулоқотда ушбу жараёнда, аввало, мажбурий тиббий суғурта жамғармасини ташкил этиш экани таъкидланди. Соғлиқни сақлаш хизматлари учун барча ресурслар (даромад манбаларидан қатъий назар)ни тақсимлашда тенглик ва самарадорлик максимал даражада ҳисобга олинади.

Бўлиб ўтган мулоқотларда соҳани молиялаштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, мажбурий тиббий суғурта ҳамда электрон соғлиқни сақлашни жорий этиш каби масалалар яна бир бор атрофлича муҳокама этилди. Ўтган давр мобайнида жаҳон тажрибаси ва халқаро экспертлар таклифлари асосида ишлаб чиқилган соғлиқни сақлашни молиялаштириш хамда мажбурий тиббий суғуртани жорий этишга қаратилган стратегиямизга юқори баҳо берилди.

Қизғин кечган мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов, ЖССТнинг иқтисодий масалалар бўйича етакчи эксперти М. Якаб, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Л.Куппенс, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А. Шадманов иштирок этишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.