Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида Бош сахифа

14 декабря 2018

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида ID-1361

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг

БУЙРУҒИ

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги ПҚ–3968-сон “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, буюраман:

1. Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир

А. Шадманов

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2018 йил “____” __________даги

“_____” – сонли буйруғига илова

Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги ПҚ-3968-сонли “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида халқ табобатининг самарали ва хавфсиз усулларидан фойдаланган холда тиббий хизмат кўрсатиш тартиби ва ҳажмларини

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Халқ табобати – авлодлар тажрибасига таянган, халқ урф-одатларида ўз тасдиғини топган, тиббиёт ходимлари ҳамда махсус тайёрланган шахслар томонидан қўлланиладиган анъанавий ва муқобил тиббиётнинг тан олинган профилактика, диагностика ва даволаш усулларидир. Халқ табобатига оккультизм-афусунга оид ҳамда диний маросимларни ўтказиш кирмайди.

Анъанавий тиббиёт – маълум бир худуд ёки миллатга хос бўлган профилактика, диагностика ва даволаш усуллари (масалан, Хиндистонда йога, Хитойда игна билан даволаш, Ўрта Осиёда доривор ўсимликлар билан даволаш ва б.).

Муқобил тиббиёт – замонавий тиббиётга нисбатан қўшимча ёки муқобил вариант сифатида эътироф этиладиган профилактика, диагностика ва даволаш усуллари.

Қўшимча тиббиёт (Комплементар тиббиёт) – халқ табобатининг соғлиқни сақлаш амалиётида замонавий тиббиёт билан биргаликда қўлланиладиган умум эътироф этилган усуллари.

Замонавий (расмий) тиббиёт – илмий асосланган ва клиник амалиётда ўз тасдиғини топган усул ва ёндошувлар билан касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволашга қаратилган расмий илмий билимлар ва амалий фаолиятлар тизими.

2. Халқ табобатининг эътироф этилган усулларига қуйидаги гуруҳлар киради:

Биринчи гуруҳ – инвазив (тери бутунлигининг бузилиши билан боғлиқ)

усулларни қўлловчи ҳалқ табобати: акупунктура, су-джок терапия, хижома.

Иккинчи гуруҳ – ноинвазив усулларни қўлловчи ҳалқ табобати:

мануал терапия, акупрессура.

Учинчи гуруҳ – биологик инвазив воситаларни қўлловчи ҳалқ табобати: гомеопатия, гирудотерапия, апитерапия.

Тўртинчи гуруҳ – парҳез ва ўсимлик воситаларини қўлловчи ҳалқ табобати: фитотерапия, очлик билан даволаш.

3. Халқ табобати усулларини қўллаш билан амалга ошириладиган тиббий фаолият шифокорлар ва халқ табобати бўйича мутахассислар томонидан Соғликни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатураси асосида, амалга оширилади.

4. Замонавий тиббиёт усуллари билан тиббий ёрдамни кўрсатишга белгиланган талаблар, халқ табобати усулларини қўллаш билан тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларга ҳам тадбиқ этилади.

5. Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча (комплементар) усул сифатида маслаҳатлар бериш, диагностика қилиш, даволаш ва реабилитация шаклида тегишли амбулатория ва стационар турдаги тиббий ташкилотларда амалга оширилади.

6. Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизматлар барча тиббиёт ташкилотларида, жумладан давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида замонавий тиббиёт билан ўзаро комплементар хамкорликда амалга оширилиши мумкин.

7. Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан халқ табобати бўйича ихтисослашувдан ўтган ёки тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат берилган махсус халқ табобати усуллари бўйича курсларни тугатган шифокорлар (бундан кейин - халқ табобати шифокори) ҳамда одам анатомияси, физиологияси, фармакология, лаборатория ва инструментал диагностика, шунингдек биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалий кўникмалари бўйича махсус ўқув курсини тугатган шахслар (бундан кейин –халқ табобати мутахассиси) шуғулланишлари мумкин.

8. Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун шахсларнинг тиббиёт уқув муассасаларида ташкил этилган махсус ўқув курсларини ўташлари мақсадга мувофиқлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида белгиланади.

9. Халқ табобати усуллари билан даволашнинг мақсадга мувофиқлигини белгилашда халқ табобати мутахассисининг шифокор билан ўзаро хамкорлиги мажбурий шарт хисобланади. Бунда, маслахат, диагностика ва даволашнинг замонавий ёки халқ табобати усулларидан бирини танлаш хуқуқи беморда бўлади.

2-боб. Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби

10. Тиббиёт ташкилотларида беморларни халқ табобати мутахассислари томонидан қабул қилиш шифокор кўригидан сўнг амалга оширилади. Болалар ва хомиладор аёлларга халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш учун педиатр ёки гинеколог шифокорининг хулосаси талаб этилади.

11. Ўтказилган кўрик ва текширувлардан сўнг шифокор беморнинг амбулатор картасига ёки касаллик тарихига, шунингдек беморнинг қўлига бериладиган тиббий консультатив картасига ташхис ва тавсиялари тўғрисидаги, шу жумладан халқ табобати усулларини қўллаш бўйича ёзувини киритади.

12. Халқ табобати усулларини қўллашга қарши кўрсатмалар мавжуд бўлган тақдирда, шифокор бемор амбулатор карта ёки касаллик тарихига ушбу усулларни қўллаш оқибатида бўлиши мумкин бўлган асоратлар хақида беморга маълумот беради, бемор эса маълумот олганлигини тиббий хужжатларга имзо қўйиш билан тасдиқлайди. Мазкур ёзув беморнинг қўлига бериладиган тиббий консультатив картасида ҳам қайд этилади.

13. Халқ табобати мутахассиси беморнинг амбулатор картаси ёки касаллик тарихига халқ табобати усуллари билан ўтказилган муолажалар тўғрисида ёзув киритади.

14. Халқ табобати усулларини қўллаш билан тиббий хизматлар кўрсатиш мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ тиббий фаолиятда қўллаш учун рухсат этилган халқ табобати усуллари рўйхати асосида амалга оширилади.

3-боб. Халқ табобати усулларини қўллаш билан амалга ошириладига тиббий фаолиятни лицензиялаш

15. Халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда (тиббий таълим маълумоти мавжудлиги талаби бундан мустасно) амалга оширилади.

16. Халқ табобати усуллари билан тиббий хизматлар кўрсатишда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар учун белгиланган талаб, бу уларда тиббиёт ўқув юртларида махсус курсни тугатганликларини тасдиқловчи сертификатнинг мавжудлиги хисобланади.

17. Халқ табобати ихтисослигини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан тиббий техникага энг кам талаблар Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

4-боб. Якуний қоидалар

18. Халқ табобати усулларини қўллаш билан кўрсатиладиган тиббий хизмат бўйича белгиланган талаб ва шартларга риоя қилиниши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.

19. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар хисобланадилар.

20. Халқ табобати билан ноқонуний шуғулланиш, шунингдек халқ табобати усулларини қўллаш натижасида фуқаролар хаёти ёки соғлигига зарар етказиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

21. Мазкур Низом Ўзбекистон Републикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси

А. Икрамов


Кўчириб олиш pdf |