Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги Бош сахифа

25 июля 2016

Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги

Лойиҳа

Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган

Сенат томонидан маъқулланган

I боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади кариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асосларини ўрнатиш;

давлат бошқаруви органлари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг ижтимоий хизматларга мухтож деб топилган шахсларни аниқлаш ва уларни қонунда белгиланган тартибда сифатли ижтимоий хизматлар билан тўлақонли таъминлаш борасидаги масъулиятини ошириш.

2-модда. Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунчилик

Қариялар, ногиронлар ҳамда бошқа аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан ташкил топади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қариялар, ногиронлар ҳамда бошқа аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, унда халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аҳолининг ижтимоий заиф тоифалари — қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар кўрсатишга муҳтож деб топилган шахслар, шу жумладан:

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшовчи қариялар;

болаликдан ногиронлар, I ва II гурух ногиронлари;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар;

ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;

етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар.

ижтимоий хизматлар — ижтимоий хизматлар кўрсатишга муҳтож шахслар, ҳаёт тарзи сифатини ошириш, жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг ҳолда иштирок этиш учун имконият яратиш ва (ёки) ўзларининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ижтимоий хизматлар кўрсатишга муҳтож шахсларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар комплекси;

ижтимоий хизматлар етказиб берувчилар — давлат бошқарув органлари, жойлардаги ижроия хокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат органлари, шунингдек ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари.

ижтимоий хизматлар олувчилар— ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган шахслар;

ҳаётий холатини баҳолаш — ижтимоий хизматлар олишга мухтож шахсларнинг эхтиёжини аниқлаш;

ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури— ижтимоий хизматлар етказиб берувчи томондан ижтимоий хизматларни олувчи ёки унинг қонуний вакилининг фаол иштирокида ва ижтимоий хизматлар олувчининг хаётий холатини баҳоланиши асосида, ижтимоий хизматлар турлари, хажми, даврийлиги, уларнинг тақдим этилиши муддати ва шартлари киритилган холда  ишлаб чиқиладиган ҳужжат;

қария — қонунга биноан пенсия ёшига етган (эркаклар 60 ёш ва ундан юқори, аёллар 55 ёш ва ундан юқори) ёшга доир ижтимоий таъминот олиш хуқуқига эга бўлган, тўлиқ ёки қисман меҳнатга қобилиятини йўқотган холларда, қайсики жисмоний, ақлий, руҳий ва сенсорлик (сезги) органларидаги бузилишлари туфайли хаёт фаолияти чекланганлиги сабабли ижтимоий ёрдам ва кўмакка мухтож шахслар.

ногирон - жисмоний, ақлий, руҳий ва сенсорлик (сезги) органларидаги бузилишлари мавжудлиги туфайли ҳаёт фаолияти чекланган қонунда белгиланган тартибда ногирон деб топилган ва ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож шахс.

4-модда. Ижтимоий хизматларнинг асосий тамойиллари

Ижтимоий хизматлар кўрсатиш қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:

инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, ижтимоий хизматларни олишга мухтож бўлган шахсларга тенг имкониятларни таъминлаш;

ижтимоий хизматлардан баҳраманд бўла олиш;

ижтимоий хизматларининг тақдим этилишида аниқ йўналтирилганлик ва алоҳида ёндашув;

ижтимоий хизматларни олишнинг ихтиёрийлиги;

ижтимоий хизматлар олувчилар тўғрисидаги ахборотларнинг махфийлиги.

5-модда. Ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Ижтимоий хизматлар соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилар:

ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни ўз вақтида аниқлаш, ҳисобга олиш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш;

ижтимоий хизматлар олувчиларнинг оила ва жамият билан алоқаларини сақлаш, уларнинг одатдаги тинч муҳитда бўлиши учун зарур шароитларни яратиш;

давлат органларининг ижтимоий хизматлар билан таъминлаш борасидаги фаолиятининг ошкоралигини ҳамда очиқ-ойдинлигини таъминлаш;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш.

2-Боб Ижтимоий хизматларни етказиб берувчилар тизими ва ваколатлари

6-модда. Ижтимоий хизматларни етказиб берувчилар тизими

Ижтимоий хизматларни етказиб берувчиларлар тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат бошқаруви органлари;

маҳаллий ижроия ҳокимият органлари;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

нодавлат нотижорат ташкилотлар;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари;

7-модда. Давлат бошқарув органларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари

Давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида:

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий хизматлар сохасидаги қуйи ташкилотларнинг фаолиятини  мувофиқлаштиради;

аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларининг ижтимоий хизматларга бўлган талабини таҳлил қилади ва ижтимоий хизматларни етказиб берувчиларнинг доирасини кенгайтириш, ижтимоий хизматларнинг давлат харидини ташкиллаштириш ва амалга ошириш чораларини кўради;

ижтимоий хизматлар сохасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва илмий тадқиқотларни олиб боришни ташкиллаштиради;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш сохасидаги ахборотлаштириш тизимини шакилланишини таъминлайди;

ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни аниқлайди ва уларнинг талабларига мос ижтимоий хизматларни тақдим этиш ҳисобини олиб боради;

ижтимоий хизматларни тақдим этиш масалалари бўйича ижтимоий хизматларни етказиб берувчилар давлат, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда бўлади.

Давлат бошқаруви органлари қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.

8-модда. Давлат ҳокимияти органларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари:

Давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

ижтимоий хизматлар олишга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

ижтимоий хизматлар соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни аниқлайди, хисобини олиб боради ва уларга кўрсатилган ижтимоий хизматлар хисобини олиб боради;

аҳолининг ижтимоий заиф тоифаларнинг ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжларини таҳлил қилади, ижтимоий хизматларнинг янги турларини жорий қилади ва ижтимоий хизматларнинг давлат харидини амалга оширади;

ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида вазифалар бажарувчи давлат бошқаруви ҳудудий органларининг фаолияти устидан назорат қилади ва уни мувофиқлаштиради.

Жойлардаги ижро хокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий хизматлар соҳасидаги ваколатлари

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида:

давлат органлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ижтимоий хизматларни олишга мухтож шахсларни аниқлайди;

ижтимоий ҳимояга мухтож шахсларни ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг хисобини олиб боради;

давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларни, ижтимоий хизматлар етказиб берувчиларни, ҳомийларни, бошқа шахслар ва ресурсларни жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар кўради;

ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни қабул қилади, уларнинг ариза, таклиф ва шикоятларини кўриб чиқади, тегишли маълумот ва зарур маълумотномаларни қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этади;

кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳал этади ва муҳтож оилаларга нафақа тайинлайди;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш комиссиялар фаолиятини амалга оширишни таъминлайди;

давлат, нодавлат ва нотижорат органлари, билан ҳуқуқий, ижтимоий, педагогик, психологик ва тиббий ёрдам бериш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

10-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий хизматлар кўрсатишдаги ваколатлари

Нодавлат нотижорат ташкилотлари:

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурларини ва лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламининг ижтимоий хизматларга бўлган талаби юзасидан изланишлар олиб бориши;

давлат ижтимоий хизматлар етказиб берувчилар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши, унинг хулосалари асосида таклифлар тайёрлаши ва уларни ваколатли давлат органларига киритиши;

ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни аниқлайди, ҳисобини олиб боради ва уларга кўрсатилган ижтимоий хизматлар ҳисобини олиб боради;

ижтимоий хизматлар кўрсатиши;

давлат ижтимоий буюртмалари, субсидия ва грантларини олиши, давлат, корпоратив ва бошқа харидлар бўйича тендер ва биржа савдоларида иштирок этиши, ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар кўрсатиш, давлат томонидан молиялаштиришнинг бошқа шаклларини олиши;

халқаро ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар билан пулли ижтимоий хизматларни кўрсатиш, бошқа ишларни бажариш ёки ижтимоий хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартномалар тузиши мумкин.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий хизматлар соҳасида қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа фаолиятни ҳам амалга ошириши мумкин.

11-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий хизматлар кўрсатишдаги ваколатлари

Тадбиркорлик субъектлари:

ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат дастурларини ва ижтимоий хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши;

ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни аниқлайди, хисобини олиб боради ва уларга кўрсатилган ижтимоий хизматлар хисобини олиб боради;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламининг ижтимоий хизматларга бўлган талаби юзасидан изланишлар олиб бориши;

ижтимоий хизматлар кўрсатиши, шу жумладан интернат турдаги тиббий-ижтимоий ва таълим-тарбия муассасаларини ташкил этиш йўли билан ижтимоий хизматлар кўрсатиши;

давлат, корпоратив ва бошқа харидлар бўйича тендер ва биржа савдоларида иштирок этиши;

пулли ижтимоий хизматларни кўрсатиш, бошқа ишларни бажариш ёки ижтимоий хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартномалар тузиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектлари ижтимоий хизматлар соҳасида қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа фаолиятни ҳам амалга ошириши мумкин.

3 боб. Ижтимоий хизмат турлари ва уларни кўрсатиш шакллари

12-модда. Ижтимоий хизмат кўрсатиш шакллари

Ижтимоий хизматлар қуйидаги шаклларда кўрсатилади:

маслахат бериш хизмати;

уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар;

кундузги ва қисқа муддатли туриш муассасаларида  ижтимоий хизматлар;

интернат муассасалари ижтимоий хизматлар;

13-модда. Маслаҳат бериш хизмати

Маслаҳат бериш хизмати қуйидаги турларни ўз ичига олади:

Ижтимоий хизмат кўрсатиш масалалари бўйича маслахатлар бериб, тегишли ташкилотларга йўналтириш;

умумий ўрта, ўрта махсус ва касбий таълим олишда кўмаклашиш;

ишга жойлашишда кўмаклашиш;

хомийлик ва васийликни ўрнатишда, фарзандликка олишда, болаларни оилада тарбияланишга олиш (потранат) ва уларни интернат муассасаларига жойлаштиришда кўмаклашиш;

ота-оналар ёки уларни ўрнини босувчи шахсларни болалар интернат муассасалари тарбияланувчиларини  оилага қабул қилишга тайёрлаш;

маиший жойлаштириш ва моддий ёрдам олишда кўмаклашиш;

техник реабилитация воситаларини олишга кўмаклашиш;

Маслаҳатлар хизматлари қонун ҳужжатларига биноан бошқа хизматларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

14-модда. Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизмат турлари

Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар сирасига қуйидагилар киради:

маиший хизмат, озиқ-овқат, гигиена воситалари, дори-дармонларни харид қилиш ва уйга етказишни хисобга олган холда;

овқат тайёрлаш, уйни тозалаш, гигиена талабларига риоя қилишга кўмаклашиш;

зарур тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий кўрсатмаларга биноан протез ортопедик буюмлар ва техник реабилитация воситалари билан таъминланишига кўмаклашиш.

Уйда парваришлаш бўйича ижтимоий хизматлар қонун ҳужжатларига биноан бошқа хизматларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

15-модда. Кундузги ёки қисқа муддатли туриш муассасаларидаги ижтимоий хизматлар

Кундузги ёки қисқа муддатли туриш муассасаларида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар турларига қуйидагилар киради:

ўзига-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил ҳаракатланиш ва мўлжал олиш, муомала қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш, ўқиш ёки меҳнат фаолияти билан шуғулланишга кўникма хосил қилишга ўқитиш, шунингдек техник реабилитация воситаларидан фойдаланишга ўргатиш;

оила аъзолари ёки қонуний вакилларни соғлиқ холатида бузилишлар мавжуд, ногирон шахсларни парваришлаш, улар билан муомала қилиш ва уй шароитида уларни реабилитация қилиш кўникмаларига ўргатиш;

ота-оналар ва уларни ўрнини босувчи шахсларни болаларни, шу жумладан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага қабул қилинадиган, фарзандликка олинадиган болаларни  парваришлаш ва тарбиялаш кўникмаларига ўргатиш;

психологик ва ижтимоий-педагогик маслаҳатлар ўтказиш.

Кундузги туриш муассасаларида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар қонун ҳужжатларига биноан бошқа хизматларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

16-модда. Интернат муассасаларида ижтимоий хизматлар

Интернат муассасаларида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар турларига қуйидагилар киради :

мунтазам парваришлашни, маиший хизматни, мебел, инвентар, кўрпа-ёстиғи бўлган қулай ва шинам уй-жой, кийим-кечак ва пойафзал ва бошқа энг зарур буюмлар билан таъминлаш, ёши ва соғлиқ ҳолатини инобатга олган ҳолда овқатланишни ташкил қилишни таъминлаш;

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, диспансеризациядан ўтказиш, зарур бўлган ҳолда стационарларда даволаниш учун юбориш, тиббий кўрсатмаларга биноан дори-дармон, протез-ортопедик буюмлари, реабилитация техник воситалари билан таъминлаш;

махсус психологик ва педагогик ёрдам кўрсатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш;

қизиқишларни шакллантириш ва ривожлантириш учун дам олиш, клуб ва тўгарак ишларини ташкиллаштириш;

шахсларнинг интернат муассасаларидан чиқиши ва уларнинг мустақил ҳаёт кечириши ёки оилада яшаши учун шароитлар яратиш.

Интернат муассасаларида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар қонун ҳужжатларига биноан бошқа хизматларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

4.Боб Ижтимоий хизматларни тақдим қилиш

17-модда. Ижтимоий хизматларни тақдим қилишни ташкиллаштириш

Ижтимоий хизматларни тақдим қилишни ташкиллаштириш қуйидаги босқичлардан иборат:

Ижтимоий хизматларни олишга мухтож шахсларни аниқлаш;

Ижтимоий хизматларни олишга мухтож шахсларнинг  турмуш шароитини баҳолаш;

ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг якка тарздаги дастурини ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш;

Ижтимоий хизматларнинг якка тарздаги дастури мониторингини олиб бориш

18-модда. Ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни аниқлаш

Ижтимоий хизматлар кўрсатишга мухтож шахсларни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

уйма-уй юришда;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ёки оғзаки берган маълумоти асосида;

ижтимоий хизматларга мухтож шахснинг ихтиёрий мурожаати асосида.

19-модда. Турмуш шароитини баҳолаш

Турмуш шароитини баҳолаш ижтимоий хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Турмуш шароитини баҳолашга ижтимоий хизматларни олувчи ёки унинг қонуний вакилининг шахсий маълумотлар йиғишга розилик ифода этилган, ижтимоий хизматлар кўрсатилиши тўғрисидаги ёзма аризаси асос бўлади.

Шахснинг турмуш ҳаётини баҳолаш ижтимоий хизматларни етказиб берувчи масъул ходимлар томонидан амалга оширилади.

Ижтимоий хизматларни олувчилар ижтимоий хизматларга мухтожлиги тўғрисида қарорни қабул қилинишида ва уларнинг тақдим этилишида аҳамиятга эга булган маълумотни тақдим қилишлари керак ва тақдим қилинган бу маълумотларнинг аниқлигига жавобгардирлар

Турмуш шароитни баҳолаш натижаларига кўра ижтимоий хизматларни тақдим этувчилар томонидан қуйидаги қарорлар қабул қилинади:

шахснинг ижтимоий ҳимояга мухтожлигини эътироф этиш тўғрисида;

шахсни ижтимоий хизматларни тақдим қилишга ўтқазиш ва якка тартибдаги ижтимоий хизматлар дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида;

маслахат бериш тўғрисида;

шу тоифадаги шаҳсларни ижтимоий хизматлар курсатишга маъсул бошқа ташкилотларга юбориш тўғрисида;

ижтимоий хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги аризани рад этиш тўғрисида;

20-модда. Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш учун шахснинг турмуш шароитини баҳоланиши натижалари асос бўлади.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ишлаб чиқилиши ижтимоий хизматларни етказиб берувчилар масъул ходимлар томонидан, бевосита тегишли ижтимоий хизматларни етказиб берувчилар мутахассислар иштирокида амалга оширилади.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури ижтимоий хизматлар тури, уларнинг ҳажми, даврийлиги, етказиб бериш шартлари ва муддатлари ҳамда масъул шахсларни ўз ичига олади.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури хизматларни олувчи ёки унинг қонуний вакили иштирокида ишлаб чиқилади.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурига асосан ижтимоий хизмат олувчи ижтимоий хизмат олишдан тўлиқ ёки қисман бош тортишга хақли.

Ижтимоий хизмат олувчи ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурининг бажарилишини тўлиқ ёки қисман ёзма равишда инкор қилган холларда ижтимоий хизматларни тақдим қилувчилар ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурининг бажарилмаслиги учун жавобгар эмаслар.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурида мавжуд бўлган маълумотлар махфий ҳисобланади ва ижтимоий хизмат олувчи ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилигисиз тарқатилиши мумкин эмас.

21-модда. Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури мониторингини ўтказиш

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури мониторинги ижтимоий хизматлар самарадорлигини аниқлаш, дастурни қайта қўриб чиқиш ёки тугатиш мақсадида амалга оширилади.

Ижтимоий хизмат олувчининг турмуш холати ўзгарган тақдирда ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастури қайта кўриб чиқилади.

Ижтимоий хизмат олувчилар ижтимоий хизмат кўрсатиш талабларидан келиб чиққан холда турмуш холатидаги ўзгаришлар тўғрисида ижтимоий хизмат кўрсатувчиларни хабардор қилишлари шарт.

Ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини тугатилишига сабаб бўладиган омиллар:

  • шахснинг ҳаётий холатининг яхшиланиши;
  • ижтимоий хизматлар олувчининг ижтимоий хизматлардан бош тортиши;
  • ижтимоий хизматлар олувчининг бошқа яшаш жойига кўчиб ўтиши;
  • ижтимоий хизматлар олувчининг вафот этиши;
  • тасдиқланмаган ёки қалбаки маълумотлар аниқланиши.

V. БОБ. Ижтимоий хизматлар соҳасида мониторинг, бахолаш, давлат ва жамоат назорати

22- модда. Мониторинг ва баҳолаш.

Ижтимоий хизматлар мониторинги давлат бошқарув органлари томонидан тасдиқланган кўрсаткичлар асосида доимий ёки тизимли маълумотлар йиғиш ва ижтимоий хизмат кўрсатувчилар фаолияти самарадорлигини тавсифловчи жараён.

Мониторинг натижасида олинган очиқ маълумотлар ягона давлат хизматлар порталида жойлаштирилади.

Ижтимоий хизматларни баҳолаш ижтимоий хизматлар стандартлари асосида давлат бошқаруви органлари томонидан ўзига қарашли ташкилотларнинг ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунчилик ижросини, ижтимоий хизматлар олувчиларининг ҳуқуқларига риоя этишни, кўрсатилаяпган хизматларнинг сифати, самарадорлиги ва безарарлигини таҳлил қилиш жараёни.

Ижтимоий хизмат кўрсатувчилар фаолияти устидан маниторинг бахолаш ва назоратни давлат бошқарув органлари, жойлардаги ижроия ҳокимият органлари ва қонунчиликка биноан бошқа давлат органлари амалга оширади.

23-модда. Давлат назорати

Ижтимоий хизматлар сохасидаги давлат назорати давлат бошқарув органлари, жойлардаги ижроия хокимият органлари шунингдек бошқа давлат органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

24-модда. Жамоатчилик назорати

Ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимида жамоатчилик назоратини нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари амалга ошириши мумкин.

Давлат ташкилотлари жамоатчилик назоратини қонунчиликка мувофиқ ўтказилишига кўмаклашишлари шарт.

жамоатчилик назорати натижалари давлат ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши шарт.

VI боб. Якуний қоидалар

25-модда. Ижтимоий хизматларни молиялаштириш.

Ижтимоий хизматларни молиялаштиришнинг манбалари қуйидагилар:

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
  • Қонунда белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушадиган даромадлар;
  • Жисмоний ва юридик шахслар томонидан хайрия тариқасида бе бериладиган эхсонлар;
  • Қонунчиликда ман этилмаган бошқа манбалар;

26-модда. Низоларни ҳал этиш

Ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

27-модда. Ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.


Тип документа:  Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Кўчириб олиш pdf |