Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги Бош сахифа

31 мая 2010

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

2010 йил 31 майдаги

161-сон буйруғига

Илова

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатиш  тўғрисидаги

Низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107-сон “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги 414-сон “Бюджет ташкилотларини молиялаштиришни такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида (кейинчалик тиббиёт муассасалари деб юритилади) аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатиш қоидаларини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар тиббиёт муассасалари томонидан давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобига кўрсатилади. Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматларидан ташқари тиббий хизматлар қўшимча ҳисобланади ва пуллик асосда кўрсатилади.

Қўшимча тиббий хизматлар фуқароларнинг, шунингдек, ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарнинг ўз маблағлари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

2. Рўйхат мазкур Низомнинг 1-иловаси билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши белгиланган тиббиёт муассасаларида республика аҳолисига тиббий хизматлар бепул асосда кўрсатилади.

Ушбу рўйхатдаги тиббиёт муассасаларида мазкур Низомнинг 2-иловаси билан тасдиқланган шартларда қўшимча пуллик тиббий хизмат кўрсатишга рухсат этилади.

3. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам республика аҳолисига, шу жумладан, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга бепул асосда кўрсатилади.

II. Пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиби

4. Пуллик тиббий хизматлар тиббиёт муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинчалик - Соғлиқни сақлаш вазирлиги) ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари (кейинчалик - Соғлиқни сақлаш бошқармалари) томонидан бериладиган рухсатномаларга асосан кўрсатилади.

Тиббиёт муассасаларининг пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш ва рухсатнома бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари қошида ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Ишчи гуруҳ таркиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан, рухсатнома шакли Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

5. Тиббиёт муассасасалари аҳолига пуллик тиббий хизмат кўрсатишга рухсатнома олиш учун бўйсунишига қараб Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки Соғлиқни сақлаш бошқармаларига куйидаги ҳужжатларни такдим этишлари лозим:

тиббиёт муассасаси раҳбарининг сўровномаси;

пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи бўлим Низоми;.

аҳолига пуллик асосда кўрсатиладиган тиббий хизматлар рўйхати;

аҳолига пуллик асосда кўрсатиладиган тиббий хизматлар прейскуранти;

пуллик хизмат бўйича даромад ва харажатлар сметаси.

6. Тиббиёт муассасаларига пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатнома 5 йил муддатга берилади.

7. Тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатиладиган пуллик тиббий хизмат турлари, ҳажми бўйсунишига қараб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан аниқланади.

8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш бошқармаларида тиббиёт муассасаларига пуллик хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар реестри юритилади.

9. Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари пуллик хизматлардан тушаётган маблағларни тасарруф этиш учун банк муассасаларида махсус ҳисоб рақамига, шунингдек, зарур ҳолларда валюта ҳисоб рақамига эга бўлиши керак.

10. Тиббиёт муассасаларида пуллик тиббий хизматларга нархлар харажатлар калькуляциясига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган “Маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотишда (ишлар ва хизматлар) харажатлар таркиби ва молия кўрсаткичларини шаклланиши тўғрисидаги Низом” ва Адлия вазирлигидан 2000 йил 25 январда рўйхатдан ўтказилган 880-рақамли Тартибга ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2007 йил 26 ноябрдаги 526-сонли буйруғига асосан шакллантирилади.

Пуллик хизматларга калькуляциялар муассасалар томонидан ишлаб чиқилиб тасдиқланади ва бўйсунишига қараб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Соғлиқни сақлаш бошқармалари билан келишилади.

11. Пуллик тиббий хизматлар (шу жумладан, сервис хизматлари) тиббиёт муассасаси ва бемор ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади. Шартномада пуллик тиббий хизмат олиш муддатлари, ҳисоб-китоб тартиби, томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланади.

12. Пуллик тиббий хизматлар тиббиёт муассасасининг ҳисоб рақамига нақд пул ёки пул ўтказиш йўли билан олдиндан 100% тўлов шаклида амалга оширилади. Бемор тиббий хизмат олиб бўлгач чиқарилиб юборилаётганда якуний ҳисоб-китоб амалга оширилади.

13. Пуллик тиббий хизмат кўрсатиш тартиби ҳамда тиббиёт муассасаси бош шифокори томонидан тасдиқланган пуллик тиббий хизмат прейскуранти ҳар бир тиббиёт муассасаси томонидан беморлар эътиборига етказилиши мақсадида фуқаролар учун қулай жойларда осилган бўлиши керак.

14. Тиббиёт муассасалари тасдиқланган шакллар асосида кирим ордерини ва квитанцияни расмийлаштириши ва пуллик тушумларнинг ҳисобини олиб бориши шарт. Квитанцияларнинг бир нусхаси беморга берилади, иккинчи нусхаси тиббиёт муассасаси бухгалтериясида 5 йил сақланади.

15. Нақд пул тушумларини аҳолидан тиббиёт муассасасининг буйруғи билан тайинланган алоҳида ходим (моддий жавобгар шахс) қабул қилади. Ушбу ходимлардан ташқари бошқа ходимларнинг нақд пул тушумини қабул қилиши қатьиян ман этилади.

Кирим ордерларини расмийлаштирмасдан нақд пул тушуми қабул қилиниши ҳоллари аниқланганда айбдор шахслар қонун билан ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилади.

16. Тиббиёт муассасалари пуллик хизматлар бўйича статистика ва бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини олиб бориши, ўрнатилган тартибда ва муддатларда юқори ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарув органига ва статистика органларига белгиланган шаклларда ҳисоботларни топшириши шарт.

III. Тиббиёт муассасасининг пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи бўлими фаолиятини ташкил этиш

17. Пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи бўлим тиббиёт муассасасининг таркибий тузилмаси ҳисобланиб, унинг асосий мақсади аҳолига малакали тиббий ва сервис хизмати кўрсатишдан иборат.

18. Даволаш-профилактика муассасаларининг пуллик тиббий хизмат кўрсатувчи бўлим тўғрисидаги намунавий Низом Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

19. Пуллик тиббий хизматни ўз вақтида тўлиқ ва сифатли кўрсатилиши учун тиббиёт муассасаси раҳбари шахсан жавоб беради.

IV. Пуллик тиббий хизмат кўрсатишни назорат қилиш

20. Пуллик тиббий хизматлар сифати устидан назорат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан амалга оширилади.

21. Тиббиёт муассасаси ва тиббий хизматни олувчи бемор ўртасида юзага келадиган эътироз ва тортишувлар ўзаро келишувга асосан, юқори соғлиқни сақлаш бошқарув органида ёки суд органларида ҳал этилади.

22. Мазкур Низом талаблари бузилиши ҳолларида айбдор шахслар қонун билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


Ҳужжат тури:  Низом
Ҳужжат рақами:  161-сон
Қабул қилиниш санаси:  31.05.2010
Кўчириб олиш pdf |