Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида Бош сахифа

01 апреля 2015

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2015 йил 1 апрелдаги 138-сон буйруғига
илова

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва

унинг тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари

билан ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сонли “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) ва бўйсуниш тартибида вазирликнинг қуйи бўлинмаларида (кейинги ўринларда қуйи ташкилотлар деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.

2. Қонун ва Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар вазирлик ва қуйи ташкилотларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

3. Ушбу Низомнинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

вазирлик билан бошқа давлат органларининг, шунингдек вазирликнинг қуйи ташкилотлар билан ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза - ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўгрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

таклиф - давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;

шикоят - бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;

аноним мурожаат - жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;

мурожаатнинг дубликати - айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;

такрорий мурожаат - аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келибтушган мурожаат;

электрон мурожаат - электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклидаги мурожаат.

5. Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.

Вазирлик ва қуйи ташкилотларнинг “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

Вазирлик ва қуйи ташкилотларнинг расмий веб-сайти орқали ёки вазирлик ва қуйи ташкилотларнинг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ҳукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўгрисидаги Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

6. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.

7. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

8. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма мурожаат мурожаат қилувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат қилувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

9. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоидага кўра, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятга қараб, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра, мурожаатни бериш муддатини белгилаш мумкин.

Бўйсунув тартибида юқори органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати вазирлик томонидан тикланади.

10. Вазирликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схемага биноан амалга оширилади.

11. Вазирлик ва қуйи ташкилотларда ушбу Низом талабларига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилиш мумкин.

12. Вазирлик ва қуйи ташкилотларга келиб тушган юридик шахслар мурожаатларининг тоифалари бўйича ажратиш тартиби ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ амалга оширилади.

II.Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

13. Вазирликда мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек унинг кўриб чиқилишини назорат қилишни Назорат инспекцияси ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим амалга оширади.

14. Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган такдирда эса - навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак ёки мазкур мурожаат вазирликнинг электрон дастури орқали раҳбариятга, сўнгра резолюция (топшириқнома) билан ижрочига электрон шаклда юборилиши мумкин.

15. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомнинг 3 ва 4-иловаларига мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан рўйхатга олинади.

Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, (мазкур журнал электрон тарзда, карточка кўринишида юритилиши мумкин) мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган вазирликнинг таркибий бўлинмаси номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади. Журналнинг намунавий шакли ушбу Низомнинг 5 ва 6-иловаларига мувофиқ тасдиқланади. Журнал тикилган, варақлари рақамланган ва тасдиқланган бўлиши лозим. Электрон тартибда юритилганда, мазкур тартиб тадбиқ этилмайди, барча кирим ва чиқим ҳужжатлар электрон тарзда олиб борилади.

Қайд этиш штампида вазирликнинг ёки қуйи ташкилотнинг расмий номи (агар расмий ном узун бўлса, умумқабул қилинган қисқартирилган ном ёки қисқартма кўрсатилиши мумкин, масалан: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги - ЎзРССВ), мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.

Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

16. Мурожаат почта орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унинг иловалари борлиги текширилади.

Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланганлиги, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимда қолади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.

Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин. Бундай мурожаатлар такрорий мурожаатлар тоифасига киритилмайди.

17. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки Назорат инспекцияси раҳбари ёхуд бошқа масъул ходим, шунингдек вазирликнинг бош бошқарма, бошқарма, бўлимларининг (кейинги ўринларда таркибий бўлинма деб аталади), қуйи ташкилотларнинг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида ушбу Низомнинг 6- иловасига мувофиқ шакл бўйича журналга рўйхатга олинади.

18. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари вазирликка ёки қуйи ташкилотларга оғзаки мурожаат этишганда, улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 17-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.

19. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай вазирга, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлинма раҳбарига киритилади, у масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқномани) қўяди.

20. Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган таркибий бўлинмага (ходимга) имзо қўйдирган ҳолда беради. Мазкур ҳаракатлар электрон шаклда амалга оширилиши мумкин. Бунда мурожаатлар шакли электрон дастурга киртилган ҳолда мурожаатнинг асл нусхаси мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимда қолади ва унинг электрон шакли резолюция (топшириқнома) билан бирга масъул ижрочининг ўзига ёки унинг раҳбарига ижро учун электрон почта орқали юборилади.

21. Вазирликка келиб тушган мурожаатлар вазирликнинг иш юритувига қабул қилиниши, қуйи ташкилотга юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилиши мумкин.

22. Қўйилган масалаларни ҳал этиш вазирлик ёки қуйи ташкилот ваколатига кирмайдиган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай раҳбар ёки таркибий бўлинма раҳбари ёхуд қуйи ташкилотнинг раҳбари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳакда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда ҳабар қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.

23. Қуйи ташкилот томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки раҳбарнинг ёки таркибий бўлинманинг раҳбари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.

24. Агар мурожаатда бир нечта таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.

25. Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек вазирликнинг ваколати доирасида - белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотларни сўраб олиши мумкин.

26. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда мурожаатни вазирликнинг мутахассислари ёки қуйи ташкилот ходимлари орқали жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш вазирнинг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар вазирликнинг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда вазирликнинг мансабдор шахси мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўгрисида жавоб юборади.

27. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун вазирлик ёки қуйи ташкилот томонидан ваколат доирасида жалб этилади.

28. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун вазирлик томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.

29. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича вазирлик ёки қуйи ташкилот томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарорни вазир, унинг ўринбосарлари қабул қилади.

Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.

30. Мурожаатга жавоб хати вазир ёки унинг ўринбосари ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан имзоланиб юборилади. Мурожаатда бир неча масала ва ҳар хил соҳага оид, турли бошқармалар томонидан кўриб чиқилиши зарурати туғилса, биринчи ижрочига бошқа ижрочилар ўз фаолият йўналишлари бўйича мурожаатни кўриб чиқиш натижасини белгиланган муддатлардан кечиктирмай тақдим этади. Умумлаштирилган жавоб хатига, эътироз бўлмаса, жавоб хатининг иккинчи нусхасига ўз келишув имзосини қўяди.

Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

31. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.

32. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.

Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим мурожаатларни рўйхатга олиш журналига ва ҳисобга олиш карточкасига белги қўяди. Электрон дастурда иш юритилганда, дастурга мурожаатнинг натижаси киритилади ва жавобнинг электрон шакли илова қилиниб, бириктириб қўйилади.

Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди. Бунда мурожаат доимий назоратга олиниб, охирги жавоб хати кетгунга қадар ижрода ушлаб турилади. Мазкур ҳолатларда мурожаатларни кўриб чиқишнинг умумий муддатларига амал қилиниши шарт.

33. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда биринчи ижрочи мурожаат қилувчини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.

34. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган раҳбар томонидан назоратдан ва ижродан олинади. Электрон дастурга киритилган мурожаатлар ижросини назоратдан олиш унга масъул этиб белгиланган ходим томонидан назоратга олган раҳбар рухсатига мувофиқ амалга оширилади.

35. Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаат кўриб чиқилган тақдирда, мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида мурожаатни юборган юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.

Мурожаатларга жавоб хатлари ва хабарлар мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан рақамланиб, реестрга киритилади ва махсус почта хизмати орқали белгиланган тартибда бериб юборилади.

36. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат вазирликнинг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза вазирлик томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

37. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

III. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

38. Ариза ёки шикоят вазирликка келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари вазир ва унинг ўринбосарлари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади.

39. Таклиф вазирликка келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳакда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда езма шаклда хабар қилинади.

40. Айрим ҳолларда вазир ёки унинг ўринбосарлари мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришлари мумкин.

41. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар вазирликка ёки қуйи ташкилотларга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

IV. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

42. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

43. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.

Мурожаат аноним деб эътироф этилганда, бу ҳақда хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса таркибий бўлинма раҳбари ва Назорат инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланади.

Вазирликнинг ёки қуйи ташкилотларнинг “ишонч телефонлари”га тушган мурожаатлар Қонунда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.

Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар юқорида кўрсатилган тартибда хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.

44. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки таркибий бўлинма уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.

Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки таркибий бўлинма раҳбари ёки Назорат инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчига таркибий бўлинма раҳбари ёзма ёки электрон орқали хабар беради.

V. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг

вакилларини қабул қилишни ташкил этиш

45. Вазирликда белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг юридик вакилларини қабул қилиш вазир, унинг ўринбосари, Назорат инспекцияси бошлиғи ёхуд бошқа ваколатли шахс томонидан амалга оширилади.

46. Вазирликда жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари вазир томонидан тасдиқланган жадвалга асосан қабул қилинади.

Заруриятга қараб жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилиши мумкин.

47. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби вазирликнинг ва қуйи ташкилотнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек вазирликнинг ва қуйи ташкилотлар маъмурий биноларида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса - ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

48. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.

49. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки тегишли таркибий бўлинма ходимлари иштирокида амалга оширилади.

50. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилувчи раҳбар ёки ваколатли шахснинг кўрсатмаси бўйича вазирликнинг бошқа ходимлари ҳам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.

51. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш вазирликнинг ёки қуйи ташкилотининг ваколатига кирмаслиги аниқланган такдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади. Талаб қилинмаса, оғзаки равишда тушунтириш бериш мумкин.

52. Вазир ва унинг ўринбосарлари ёки бошқа ваколатли шахслари, қуйи ташкилотлар раҳбарлари ва ўринбосарлари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

53. Сайёр шахсий қабуллар вақтида мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ва вазирликнинг ёки қуйи ташкилотнинг бошқа масъул ходимлари иштирок этиши мумкин.

54. Сайёр шахсий қабуллар раҳбар томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади.

Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.

55. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 48-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

56. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 17-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади хамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

VI. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик

шахсларнинг ҳуқуқлари ва вазирликнинг мажбуриятлари

57. Мурожаат вазирлик ёки қуйи ташкилотлар томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

58. Вазирлик ва қуйи ташкилотларнинг мурожаатларни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари, ижрочилари:

жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;

мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора- тадбирлар кўриши;

мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиши шарт.

Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган вазирлик ёки қуйи ташкилотнинг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахси, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

VII. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш.

Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

59. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим, Назорат инспекциясининг Ахборот-тахлил гуруҳи (бундан кейин Гуруҳ деб юритилади) таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки Гуруҳ мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида вазирни, унинг ўринбосарларини, Назорат инспекцияси бошлиғини дарҳол хабардор қилади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ва Гуруҳ мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда вазирга мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўгрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган вазирлик ва қуйи ташкилотларнинг ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

Мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ва Гуруҳ раҳбари муддат ва тартиб бузилган мурожаатлар юзасидан унинг сабабини сўраб, ижрочилардан тушунтириш хати олиш ҳуқуқига эга.

60. Вазирлик ва қуйи ташкилотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди. Ҳар чораклик умумлаштириш ва таҳлил қилиш мазкур Низомнинг 7-иловасига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўйича умумлаштириш ва таҳлил қилиш шакллари (маълумотлар шакллари жадвали) асосида мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ва Гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Тахлил натижалари бўйича мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим ёки Гуруҳ вазирга, унинг ўринбосарларига, Назорат инспекцияси бошлиғига вазирликда мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

VIII. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва

тартиби бузилганлиги учун жавобгарлик

61. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

62. Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходим, тегишли таркибий бўлинмалар ва қуйи ташкилотлар раҳбарларига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
тартиби тўғрисидаги Низомга
1-илова

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
СХЕМАСИ

   1.PNG
2.PNG

* Мурожаатлар вазирликка юқори давлат органлари ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органлари орқали ҳам тушиши му.мкин. Зарур ҳолларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш юқори давлат органи томонидан назоратга олинади.


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
тартиби тўғрисидаги Низомга
2-илова

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сонли “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқиш лозим бўлган юридик шахсларнинг

ТОИФАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 40-моддасига мувофиқ юридик шахслар тижоратчи ва тижоратчи бўлмаган турларга бўлинган.

I. Тижоратчи юридик шахслар қуйидагилардан иборат:

1) акциядорлик жамияти;

2) масъулияти чекланган жамият;

3) қўшимча масъулиятли жамият;

4) тўлиқ ширкат;

5) коммандит ширкат;

6) ишлаб чиқариш кооперативи;

7) унитар корхона;

8) хусусий корхона;

9) фермер хўжалиги;

10) оилавий корхона.

II. Тижоратчи бўлмаган юридик шахслар қуйидагилардан иборат:

1) матлубот кооперативи;

2) жамоат бирлашмаси;

3) жамоат фонди;

4) муассаса;

5) юридик шахслар бирлашмаси;

6) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи;

7) хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкати.

Изоҳ: Қайд этиб ўтилган тоифалардаги, шунингдек бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклига эга бўлган юридик шахсларнинг мурожаатларини Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-378-сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сонли “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида Намунавий Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талабларига мувофиқ кўриб чиқиш лозим.

Бунда, кўриб чиқиш тартиби бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга, давлат органлари ва уларнинг таркибий бўлинмаларини ўзаро ёзишмаларига нисбатан мазкур Қонун ва қарор талаблари татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
тартиби тўғрисидаги Низомга
3-илова

(Олд томони)

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ
МУРОЖААТЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ КАРТОЧКАСИ

(Ёзма мурожаатлар бўйича)

Тартиб рақами:

Савол:

Мурожаат қилувчи:

Манзили:

Мурожаат келиб тушган сана:

Мурожаат қилувчилар сони:

Мурожаатнинг шакли:

Варақлар сони:

Қабул шакли:

Дубликат/ такрорий

Мурожаатнинг тури:

Олдинги мурожаатнинг санаси ва рақами:

Назорат тури:

Мурожаатнинг қисқача мазмуни:

Резолюцияни (топшириқни) имзолаган раҳбар:

Раҳбарнинг резолюцияси (топшириғи):

Бажариш муддати:

Таркибий бўлинма:

Ижрочи:





(Орқа томони)

Мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳолати

Юборилган сана

Қаерга юборилган

Жавоб ҳатининг рақами ва санаси

Муддати узайтирилган:

Ким (имзо) томонидан:

Жавоб хати келган сана:

Кўриб чиқиш натижаларининг қисқача мазмуни:

Назоратдан олинди (ким томонидан):

Сана:

Бажарувчининг

имзоси:

Бажарилган сана:

Мурожаатни кўриб чиқиш муддати бузилганлиги ҳақидаги белги:





Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
тартиби тўғрисидаги Низомга
4-илова

(Олд томони)

ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ
МУРОЖААТЛАРИНИ ҚАЙД ЭТИШ КАРТОЧКАСИ

(Оғзаки мурожаатлар бўйича)

Тартиб рақами:

Савол:

Мурожаат қилувчи:

Манзили:

Мурожаат келиб тушган сана:

Мурожаат қилувчилар сони:

Мурожаатнинг шакли:

Варақлар сони:

Қабул шакли:

Дубликат/ такрорий

Мурожаатнинг тури:

Олдинги мурожаатнинг санаси ва рақами:

Назорат тури:

Мурожаатнинг қисқача мазмуни:

Резолюцияни (топшириқни) имзолаган раҳбар:

Раҳбарнинг резолюцияси (топшириғи):

Бажариш муддати:

Таркибий бўлинма:

Ижрочи:





(Орқа томони)

Мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳолати

Юборилган сана

Қаерга юборилган

Жавоб ҳатининг рақами ва санаси

Муддати узайтирилган:

Ким (имзо) томонидан:

Жавоб хати келган сана:

Кўриб чиқиш натижаларининг қисқача мазмуни:

Назоратдан олинди (ким томонидан):

Сана:

Бажарувчининг

имзоси:

Бажарилган сана:

Мурожаатни кўриб чиқиш муддати бузилганлиги ҳақидаги белги:





Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
тартиби тўғрисидаги Низомга
5-илова

Мурожаатларни рўйхатга олиш журналининг шакли

(Ёзма мурожаатлар бўйича)

Мурожаат қилган жисмоний шахснинг Ф.И.Ш. ёки юридик шахснинг номи

Унинг яшаш жойи ёки юридик манзили

Мурожаатнинг қисқача мазмуни

Мурожаатнинг тури

(ариза, шикоят, таклиф) ва дубликат ёки такрорийлиги ҳақида белги

Мурожаат қабул қилинган сана

Назоратга олингани ҳақида белги,

Ижро муддати

Ижро этувчи масъул таркибий бўлинма

Ижрога олингани ҳақида имзо ва санаси

Ижро натижаси

ҳақида белги

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

Изоҳ: Мазкур журналнинг 1-графадан 8-графагача ва 10-графалар вазирликнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходими томонидан тўлдирилади, 9 графа мурожаатни ижрога олган таркибий бўлинма масъул ходимлари томонидан тўлдирилади.

Журнал тикилган, варақлари рақамланган ва тасдиқланган бўлиши лозим. Мурожаатларни рўйхатга олиш электрон тартибда юритилганда, мазкур журнал юритилмайди. Бундай ҳолларда ижрочининг раҳбарият резолюциясига мурожаат билан танишганлиги тўғрисидаги имзо қўйиши билан кифояланилади. Мурожаатни асл нусхаси мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимда қолади, электрон шакли эса ижрочига электрон почта орқали юборилади ва ижрочи мурожаатни олган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ва унинг тизимида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш
тартиби тўғрисидаги Низомга
6-илова

Мурожаатларни рўйхатга олиш журналининг шакли

(Оғзаки мурожаатлар бўйича)

Мурожаат қилган жисмоний шахснинг Ф.И.Ш. ёки юридик шахснинг номи

Унинг яшаш жойи ёки юридик манзили

Мурожаатнинг қисқача мазмуни

Мурожаатнинг тури

(ариза, шикоят, таклиф) ва дубликат ёки такрорийлиги ҳақида белги

Мурожаат қабул қилинган сана

Назоратга олингани ҳақида белги,

Ижро муддати

Ижро этувчи масъул таркибий бўлинма

Ижрога олингани ҳақида имзо ва санаси

Ижро натижаси

ҳақида белги

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

Изоҳ: Мазкур журналнинг 1-графадан 8-графагача ва 10-графалар вазирликнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходими томонидан тўлдирилади, 9 графа мурожаатни ижрога олган таркибий бўлинма масъул ходимлари томонидан тўлдирилади.

Журнал тикилган, варақлари рақамланган ва тасдиқланган бўлиши лозим. Мурожаатларни рўйхатга олиш электрон тартибда юритилганда, мазкур журнал юритилмайди. Бундай ҳолларда ижрочининг раҳбарият резолюциясига мурожаат билан танишганлиги тўғрисидаги имзо қўйиши билан кифояланилади. Мурожаатни асл нусхаси мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимда қолади, электрон шакли эса ижрочига электрон почта орқали юборилади ва ижрочи мурожаатни олган ҳисобланади.


Ҳужжат тури:  НИЗОМ
Ҳужжат рақами:  138-сон
Қабул қилиниш санаси:  01.04.2015
Кўчириб олиш pdf |