Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Бемор Муҳаммад Рашидов ҳолати бўйича Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахбороти Бош сахифа

07 июля 2017

Бемор Муҳаммад Рашидов ҳолати бўйича Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахбороти

Ижтимоий тармоқлар ва сайтларга Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган бемор Муҳаммад Рашидов ҳолати бўйича турли ахборотлар тарқатилмоқда. Берилаётган маълумотлар орасида ҳақиқатга зид бўлган фактлар ҳам борлиги, албатта, эътирозга сабаб бўлмоқда. Шу боис, турли миш-мишларнинг олдини олиш ва халқимизга энг ишончли ахборотни етказиш мақсадида бемор Муҳаммад Рашидов ҳолати юзасидан Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг маълумоти эълон қилинмоқда.

Бемор Рашидов Муҳаммад 2017 йил 14 май куни туғилган.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига шу йилнинг 10 июнь куни “Марказий нерв тизимининг перинатал зарарланиши. Чақалоқлар гемолитик касаллиги. Ҳомила ичи инфекцияси” ташхиси билан оғир аҳволда чақалоқлар жонлантириш бўлимига қабул қилинган. Шундан сўнг барча лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилган. Реанимацион ва интенсив даво муолажалари қўлланилганига қарамай, бемор аҳволи ўта оғирлигича қолган.

Охирги вақтларда беморда қўшимча равишда қорин таранглашиши, дам бўлиши, қориннинг катталашиши, ич келмаслиги, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш каби белгилар кузатилган. Шундан сўнг бемор жарроҳлар томонидан қайта консультация қилинган ва унга “Ярали некротик энтероколит, йўғон ичак стенози, перитонит” ташхиси ҳам қўйилган.

Бундай вазиятда, албатта, оператив даво лозим бўлади. Аммо Муҳаммад Рашидовнинг аҳволи оғирлиги боис, операция катта хавф остида қилиниши бемор яқинларига тушунтирилган. 2017 йилнинг 28 июнь куни бемор Муҳаммад Рашидовнинг онаси тилхат асосида операцияга розилигини билдирган. Шу куннинг ўзидаёқ, яъни соат 15:30дан бемор операцияга тайёрлана бошланди. Ва соат 17:00 дан 18:50 гача жарроҳлик амалиёти бажарилади.

Ушбу амалиётдан сўнг “Сепсис. Ҳомила ичи инфекцияси. Ярали некротик-гангреноз тотал энтероколит. Йўғон ичаклар ва ингичка ичак яраларининг перфорацияси. Тарқалган нажасли-йирингли-фибринли перитонит. Эндотоксикоз” ташхиси қўйилади.

Шифокорларнинг барча амалий чораларни кўришига қарамасдан бемор аҳволи оғир бўлган. Жарроҳ ушбу мураккаб вазиятни беморнинг қариндошларига тушунтирган. Шундан сўнг беморнинг бувиси болани уйга олиб кетмоқчи бўлади. Шифокорларнинг рухсат бермаслигига қарамай, тилхат асосида 28 июнь куни соат 19:30 да бемор Муҳаммад Рашидовни уйга олиб кетган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, бемор уйига олиб кетилаётганда ижтимоий тармоқларда тарқалганидек вафот этган эмасди, у тирик бўлган. Бу ҳақда беморнинг бувиси Шаҳноза Ҳамидова тилхат ҳам ёзган. Бола вафот этгани ҳақидаги хулоса унинг яқинлари томонидан қилинган ва бу ҳақда тиббиёт ходимларига хабар берилмаган.

Бемор шифохонадан олиб кетилган куннинг ўзидаёқ соат 22:30 – 23:00 ларда Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимига уни яна қайтариб олиб келишган ва даво муолажалари давом эттирилган.

4 июль куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази болалар жарроҳи И.Каримов бемор Муҳаммад Рашидовнинг барча таҳлил натижалари ва касаллик тарихи билан танишиб, консультация қилди. И.Каримов ташхис тўғри қўйилгани ва барча муолажалар стандарт асосида олиб борилганани қайд этиб, қўшимча тавсиялар берди.

Ҳозирги вақтда бемор жонлантириш бўлимида. Даво муолажалари давом эттирилмоқда.

Тўлқин РАСУЛОВ,

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.