X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ ТИББИЁТ ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Бош сахифа

16 января 2020

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИ ТИББИЁТ ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари билан учрашди. Ўзаро мулоқот аввалида ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама муҳофаза қилиш давлатимиз раҳбари эътиборидаги энг муҳим масалалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди

Учрашувда қайд этилганидек, билимли, ёш кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирда олий маълумотли тиббиёт кадрлари 7 та олий тиббиёт таълим муассасалари ва уларнинг 4 та филиалларида бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда.

1.jpg

Ўтган йилда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича жами 4 490 та қабул режаси шакллантирилган бўлиб, бу 2017 йилга нисбатан 30,3 фоизга оширилганидан далолат. Жорий йилда эса ушбу қабул режаси 5414 тага етказилиши режалаштирилган. Кадрларга эҳтиёжи юқори бўлган ҳудудлар талабномаларига кўра, мақсадли квоталар ҳам йилдан йилга ошириб борилмоқда. Шу билан бир қаторда, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари бўйича ҳам қабул режалари изчил ошириб борилмоқда.

2.jpg

3.jpg

Таълим соҳасида хорижий олий ўқув юртлари билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқалар ўрнатилган. Ўтган йилда тўққизта тиббиёт олий ўқув юртларида 24 та хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган 9 та бакалавриат йўналишида 1 075 нафар, 5 та магистратура мутахассислигида 47 нафар, 9 та клиник ординатура мутахассислигида эса 37 нафар, жами 1 159 нафар талаба ўқимоқда.

Мулоқотда таъкидланганидек, ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашга ҳам устувор аҳамият берилган. Бугунги кунда 77 та ўрта тиббиёт таълим муассасаларининг лойиҳавий қуввати 70000 нафар ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, уларда бешта: ҳамширалик иши, лаборатория диагностикаси, тиббий профилактика иши, стоматология иши, фармация таълим йўналишларида ўқув жараёни ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан 2020-2021 ўқув йилидан умумтаълим мактабларнинг 11 синф битирувчилари негизида ўрта тиббий таълимда 7 та тайёрлов йўналишлари (ҳамширалик иши, фармация, тиббий профилактика, стоматология иши, фельдшер-лаборатория иши, фельдшерлик иши, тиббий-ижтимойи иш) бўйича мутахассисликлар тайёрланиши белгилаб қўйилди.

Учрашувда битирувчи шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларини иш билан таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш борасида ҳам вазирлик томонидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди. Айни пайтда соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритиб келаётган 75 мингга яқин шифокорларнинг 4 мингдан зиёди, ўрта тиббиёт ходимларининг эса қарийб 30 фоизини ёшлар ташкил этиши ҳам соҳага ёш кадрларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганиинг исботидир.

Долзарб масалаларда ёшлар томонидан Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадмановга берилган кўплаб саволларга, жумладан, тиббий таълим ўқув дастурларида амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, магистратура ва клиник ординатурада йўналишларни янада кўпайтириш, олий маълумотли ҳамшираларни ўзларига муносиб бўлган иш ўринлари билан таъминлаш тизимини ислоҳ этиш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва обрўсини кўтариш ҳамда уларнинг ўз хизмат вазифасини бажараётган пайтда хавфсизлигини таъминлашга оид қатор долзарб саволларга атрофлича жавоб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.