Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Сарҳисоб ва устувор вазифалар: 2019 ЙИЛДА СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИЛДИ? Бош сахифа

07 января 2020

Сарҳисоб ва устувор вазифалар: 2019 ЙИЛДА СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИЛДИ?

2019 йил поёнига етаётган бир паллада мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ҳар бир соҳа 2020 йилга янги, улкан вазифа ва мақсадлар билан қадам қўймоқда. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам ортга назар ташлар эканмиз, кўплаб ибратли ишлар амалга оширилганининг гувоҳи бўламиз.

Жумладан, халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш борасида муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 180 га яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ижросини босқичма-босқич таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эътироф

Юқоридаги концепция асосида амалга оширилаётган ўзгаришлар шубҳасиз тиббиёт ходимларининг фидойилиги самарасидир. Шу боис соҳа вакилларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, жорий йил Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида ҳам давлатимизнинг тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган улкан эътибори ва эҳтироми намоён бўлди. Биринчи марта Президентимиз тиббиёт ходимларини самимий қутлади ва биринчи марта бир гуруҳ соҳа фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ушбу эътирофлар сўнгги уч йил давомида тиббиётга, шифокорларга қаратилаётган улкан эътиборнинг энг юксак чўққиси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Президентимиз ўз табригида “Биз сизларнинг тимсолингизда халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз”, дея шифокорларнинг эл саломатлигини асраш йўлида олиб бораётган ишларига муносиб баҳо берди.

Аҳамиятли жиҳати, жорий йилнинг ўзида Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан ҳамда Тиббиёт ходимлари куни арафасида жами 95 нафар тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак унвон ва мукофотларига сазовор бўлгани соҳа вакилларининг шарафли ва масъулиятли меҳнати давлатимиз ва халқимиз томонидан нечоғлик юксак эътироф этилаётганининг яққол исботидир.

Шнингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтаётган “Йилнинг энг яхши шифокори” республика танлови ҳам тиббиёт ходимларининг меҳнатини қадрлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, тизимда орттирилган илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Танлов бу гал ҳар йилгидан кўра ҳам юқори савияда ва кенг миқёсда ўтказилди. Бу йил биринчи марта 39 та номинация бўйича 117 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Юксак эътиборнинг мантиқий давоми сифатида соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион, 2018 йилда 9,4 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда эса ушбу кўрсаткич 12,1 триллион сўмни ташкил қилди. 2020 йилда эса 14,8 триллион сўм ажратиладиган бўлди.

Бугун дунё тиббиётида олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш давлат учун ҳам, оила учун ҳам самаралидир. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Айни пайтда халқимизга бу йўналишда 1793 та амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан, 817 та қишлоқ врачлик пунктлари, 798 та қишлоқ оилавий поликлиникалар, 178 та шаҳар оилавий поликлиникалар хизмат кўрсатаяпти.

18 та ихтисослашган марказ

Ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қўшимча cаккизта республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (онкология ва радиология, нейрохирургия, травматология ва ортопедия, аллергология, неврология ва инсульт, нефрология ва буйрак трансплантацияси, наркология, болалар хирургияси каби йўналишларда) ташкил қилиниб, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар сони 18 тага етди.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан олис ҳудудларни қамраб олиш борасидаги топшириқлари бўйича ҳудудларда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларнинг 17 та филиаллари ишга туширилди, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида қарийб 6600 ўринга мулжалланган 310 та ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил қилинди.

Қувонарли жиҳати, 2019 йил давомида ҳудудларда 2000 дан ортиқ жарроҳлик операциялари ўтказилди. Шундан 1200 га яқини хали вилоятлар тарихида бўлмаган юқори технологияга асосланган мураккаб операциялардир. Ҳудудларда ҳам кардиохирургия хизмати ривожланиб, ҳудудларда 10 та рентгенэндоваскуляр бўлимлари фаолият кўрсатмоқда, 8 та вилоятда кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда янги 174 та диагностик ва 264 та янги даволаш усуллари жорий этилди, телемедицина орқали 800 дан ошиқ онлайн консультациялар ўтказилди.

Оналик ва болалик

Охирги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудларимизда болалар даволаш муассасаларида олдинлари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби кўплаб янги бўлимлар ташкил этилиб, энг қийин амалиётларни ўтказилмоқда.

Қолаверса, юртимиз перинатал муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши баробарида мутахассисларимизнинг малакасини ошириш орқали энг кам вазнли, ҳатто 500 граммлик гўдакларни ҳам парвариш ва реабилитация қилиш муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар юртимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарорига кўра, “2019 – 2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури”нинг қабул қилиниши соҳани ҳар томонлама янада ривожлантиришга замин яратади. Юқоридаги қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилмоқда.

ОПВга қарши вакцинани. қўллаш йўлга қўйилди

Яна бир эътиборли жиҳати, кўплаб давлатларнинг одам папиллома вирусига қарши вакцинани амалиётга муваффақиятли татбиқ этиш тажрибасини эътиборга олган ҳолда, 2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб юртимизда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг қўллаб-қувватлаши натижасида бачадон бўйни саратони келтириб чиқарувчи ОПВга қарши вакцинани қўллаш йўлга қўйилди.

Шу ўинда айтиб ўтиш лозимки, бачадон бўйни саратонига қарши ОПВ вакцинаси билан эмлаш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиб, аҳоли соғлиғини сақлашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда 100 дан зиёд давлатларда ОПВ вакцинаси қўлланилиб, у 96 та давлатнинг Миллий эмлаш календарига киритилган.

Таҳлил натижаларига кўра, эмлаш эвазига келажакда ҳар йили 1100 та касалланиш ва бачадон бўйни хасталиги бўйича 600 га яқин ўлим ҳолатининг камайишига эришилади. 2050 – 2060 йилларгача аҳолининг 90 фоизи эмлаш билан қамраб олиниши орқали Ўзбекистонда бачадон бўйни саратони касаллиги тўлиқ бартараф этилишига эришилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда эмлаш ишларининг яхши йўлга қўйилганлиги натижасида шол, бўғма, гўдаклар орасида қоқшол, бактериал менингит, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ротавирус инфекциясидан ўлим ҳолатлари кескин камайганлиги ҳамда 18 ёшгача бўлган болалар орасида вирусли гепатит В ва қизилча касалликларининг қайд этилмаслигига эришилди. Эътиборли жиҳати, 2017 йилда эса ЖССТнинг Европа ҳудудий бюросига аъзо бўлган 53 та давлат ичида олтинчи бўлиб, Ўзбекистонга қизамиқ ва қизилча касаллиги бартараф этилганлиги эътироф этилди. Бундан ташқари, 2018 йил Ўзбекистон безгак касаллигининг маҳаллий ҳолатлари бартараф этилганлиги тўғрисидаги халқаро сертификатни ҳам қўлга киритди.

Шошилинч ва тез тиббий ёрдам

Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган соҳа — шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматининг фаолияти ҳам кейинги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Натижада, аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион, 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи ичида эса мурожаатлар сони ўн миллиондан ошган. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди.

Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan”, “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 2019 йилда яна 150 та тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган “Ford” русумидаги реанимобиллар харид қилинди.

Хусусий тиббиёт

Сўнгги уч йилда 1300 дан ортиқ даволаш муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги ва биргина 2019 йилнинг ўзида тиббиёт масканлари 100 миллион доллар миқдоридаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани, халқимиз саломатлиги йўлида қилинган ишларнинг мезон ва миқёсини кўрсатиб турибди.

Юртимизда кейинги йилларда хусусий тиббиёт ривожи учун ҳам кенг имкониятлар яратилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари 50 тадан қарийб 130 тагача кўпайди. Стоматология ва косметологиядан ташқари бошқа йўналишлардаги хусусий тиббиёт ташкилотлари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқ ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди. Қолавервса, хусусий клиникаларга қатор молиявий имтиёзлар берилди. Натижада бугунга келиб бу йўналишда фаолият юритаётган шифохоналар сони 5300 дан ошди. Мамлакатимизда Россия, АҚШ, Германия, Хиндистон, Туркия каби қатор ҳорижий давлатларнинг 100 дан ортиқ замонавий клиникаларни ташкил этилди.

Жумладан, Термиз шаҳрида Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан очилган замонавий лаборатория маркази ҳамда Бухоро шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигидаги “Himchan” кўп тармоқли хусусий клиникаси шулар жумласидан.

Қатор тиббиёти ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик муносабатлари ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Жумладан, яқинда пойтахтимиздаги Қозоғистон йили доирасида Қозоғистон тиббиёти кунлари ташкил этилди. Шунингдек, “Саломатлик ҳафталиги” доирасида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида биринчи ўзбек-турк бизнес форуми ҳам ташкил этилди.

2020 йилда...

Аҳоли саломатлигини самарали ва сифатли химоялаш борасида саъй-ҳаракатлар 2020 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжутларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратилади. Хусусан, 101 та янги объект қуриш, 128 та муассасани реконструкция қилиш, 46 та бинони мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши мўлжалланаяпти.

Хусусий тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш мақсадида мамлакатимиз бўйича 150 та, шу жумладан, 5 та чет эл инвестицияси иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилади. Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда ривожланган мамлакатларнинг олий тиббий таълим муассасаларини кенг жалб қилишга устувор эътибор қаратилади. Жумладан, Ўзбекистондаги тиббиёт таълим муассасаларида Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Германиянинг қатор тиббиёт университетлари қўшма факультетларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.

Бунан ташқари, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, шифохоналарда аутсорсинг хизматини ташкил этиш, мажбурий тиббий суғурта татбиқ этиш юзасидан тайёргарлик кўриш, юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини эрта аниқлаш ва самарали профилактикаси чораларини амалга ошириш каби кўплаб устувор йўналишларда кенг кўламли ишлар давом эттирилади.

Шунингдек, даволаш ва диагностика стандартларини янгилаш, клиник протоколларни жорий этиш, далилларга асосланган тиббиёт тамойилларини амалиётга кенг татбиқ этиш, микрохирургия, робот хирургияси, нуклеар тиббиёт, тиббий генетика соҳаларида жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқларини мамлакатимиз тиббиётига жорий этиш, коррупция қарши қатъий курашишга асосий эътибор қаратилади.

***

Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли ва улкан ислоҳотлар жадал кечмоқда. Бирламчи тиббиётдан тортиб, малакали кадрлар тайёрлашгача бўлган жараён моҳиятида халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсад мужассам.

Халқимизнинг ҳаётдан рози бўлишида, давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсатга, ислоҳотларга нисбатан ишончининг мустаҳкамланиб боришида самарали ва сифатли тиббий хизмат муҳим ўрин тутади. Шу боис соҳа тараққиётига йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва тиббиёт ходимларига бўлган эътибор келгусида ҳам изчил давом этиши шубҳасиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.