X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
ЯНГИ ЙИЛ МУБОРАК, АЗИЗ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ!

Бош сахифа

30 декабря 2019

ЯНГИ ЙИЛ МУБОРАК, АЗИЗ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ!

Ҳурматли тиббиёт ходимлари, каналимиз аъзолари!

Авваламбор, барчангизни кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий қутлаймиз!

2019 йилни якунлаб, янги 2020 йилга ўзгача бир шукуҳ ва юқори кайфият билан қадам қўймоқдамиз. Айни шундай қувончли кунларда ортга назар ташлар эканмиз, фидойи тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўламиз.

Жумладан, 2019 йил Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида ҳам давлатимизнинг тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган улкан эътибори ва эҳтироми намоён бўлди. Биринчи марта Президентимиз тиббиёт ходимларини самимий қутлади ва биринчи марта бир гуруҳ соҳа фидойилари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Ушбу эътирофлар сўнгги уч йил давомида тиббиётга, шифокорларга қаратилаётган улкан эътиборнинг энг юксак чўққиси бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Аҳамиятли жиҳати, 2019 йил Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан ҳамда Тиббиёт ходимлари куни арафасида жами 95 нафар тиббиёт ходими давлатимизнинг юксак унвон ва мукофотларига сазовор бўлгани соҳа вакилларининг шарафли ва масъулиятли меҳнати мамлакатимизда нечоғлик эътироф этилаётганининг яққол исботидир. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан анъанавий тарзда ташкил этилган “Йилнинг энг яхши шифокори” танлови ҳам бу гал ҳар йилгидан-да юқори савияда ва кенг миқёсда ўтказилди. Бу йил биринчи марта 39 та номинация бўйича 117 нафар ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.

Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли ва улкан ислоҳотлар жадал кечмоқда. Кўп бор таъкидланганидек, тиббиёт соҳаси халқимизнинг ҳаётдан рози бўлишида, давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсатга, ислоҳотларга нисбатан ишончининг мустаҳкамланиб боришида муҳим ўрин тутади. Шу боис, соҳа тараққиёти йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва тиббиёт ходимларига бўлган эътибор келгусида ҳам изчил давом этиши шубҳасиз.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимизнинг барча тиббиёт ходимларини кириб кетаётган янги – 2020 йил билан қутлаган ҳолда, оилавий бахт-саодат, фаолиятингиз муваффақият ва омад тилаймиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги.