Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 2020 ЙИЛ ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КЕСКИН КУРАШ ЙИЛИ БЎЛАДИ Бош сахифа

28 декабря 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 2020 ЙИЛ ТИЗИМДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КЕСКИН КУРАШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлигида навбатдан ташқари видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати ходимлари, ҳудудий бошқармалар, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари раҳбарлари ва республика даволаш муассасалари бош шифокорлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этишди.

Видеоселекторда шу йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг соҳада вужудга келган коррупциявий ҳолатлар таҳлилига бағишланган йиғилишида кўтарилган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Унда қайд этилган кўплаб муаммоларни бартараф этиш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатъий чоралар кўриш, бу борада белгилаб олиниши зарур бўлган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Такидланганидек, юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли соғлиғини сақлаш, сифатли тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиш имконини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ соҳада қатор жиддий муаммолар, жумладан, коррупция ҳолатларининг ҳам учраб тургани ачинарлидир. Маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда тизимдаги 500 нафардан ортиқ ходим турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 114 нафарининг содир этган қилмиши коррупциявий жиноят ҳисобланади. Таҳлилларга кўра, коррупция иллати соҳада ходимни ишга қабул қилишдан бошлаб, молия-хўжалик фаолиятини юритиш, тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон таъминоти каби йўналишларни қамраб олган.

Шу боис, коррупция ва таъмагирликка қарши курашиш ва унга чек қўйиш борасида, биринчи навбатда, тизимдаги барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, инвентаризациядан ўтказиш, уни такомиллаштириш, ўз вақтида ижросини таъминлаш, вазирлик ва унинг қуйи бўғинларида ички хавфсизлик тармоғини ташкил этиш, аудит ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, юридик хизмат фаолиятини янада кучайтириш, тизимда ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш орқали тиббий хизмат кўрсатиш шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, бунда инсон омили аралашувини кескин камайтириш каби қатор вазифалар аниқ белгилаб олинди.

Шунингдек, бўлиб ўтган видеоселекторда коррупцияга шароит яратиб берадиган кўплаб омиллар, жумладан, даволаш муассасаси таъмирланмаган ёки жиҳозланмаганлиги учун пул йиғиш каби ҳолатларга барҳам бериш мақсадида моддий-техник базани мустаҳкамлаш, энг муҳими, тиббиёт ходимларининг моддий манфаатдорлигини янада ошириш тизимини ишлаб чиқиш каби муҳим жиҳатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, вазирлик томонидан янги, 2020 йил – тизимда коррупцияга қарши кураш йили, дея эълон қилиниб, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниши ва ижроси қатъий таъминланиши таъкидланди.

Кескин танқидий руҳда ўтган видеоселектор йиғилишида коррупцияга карши кураш ва ушбу иллатни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.