Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: “ОЛТИН КАБУТАР” ИЖОДИЙ ТАНЛОВИДА “ЙИЛ ШИФОКОРИ” АНИҚЛАНДИ Бош сахифа

05 декабря 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: “ОЛТИН КАБУТАР” ИЖОДИЙ ТАНЛОВИДА “ЙИЛ ШИФОКОРИ” АНИҚЛАНДИ

Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида юртимизда илк марта ўтказилган “Олтин кабутар” ижодий танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. “Mening yurtim” ва “Yoshlar” телеканали ҳамда Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловда турли соҳалар қатори “Йил шифокори” номинацияси киритилган эди. Танлов натижасига кўра, ушбу номинацияга Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали кардиохирургия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Адҳам Жалилов лойиқ кўрилди.

Қайд этиш жоизки, 2003 – 2009 йилларда Сеченов номидаги Москва тиббиёт академиясида таҳсил олган шифокор ва олим Адҳам Жалиловнинг 10 йилга яқин шифокорлик фаолиятининг 9 йили хорижда кечган. У 2009-2015 йилларда Сеченов номидаги Москва тиббиёт академияси интернатурасида умумий жарроҳ, мазкур тиббиёт олийгоҳининг ординатурасида кардиожарроҳлик бўйича таҳсил олган. Шифокорнинг илмий ишига дунёга таниқли олим, Россия фанлар академияси академиги Лео Бакерия консультантлик қилган. Шунингдек, А.Жалилов Германияда нуфузли “Вивантес”, “Шарите”, Лейпцик университети клиникаларида ҳам фаолият юритган. У шифокорлик фаолияти давомида минглаб беморда кардиохирургия соҳаси бўйича юқори технологияли операцияларни амалга оширган.

Адҳам Жалилов бугунги кунда Ватанимизга қайтиб, хорижда олган билим ва тажрибасини халқимиз саломатлиги йўлида қўллаётган фаол ва фидойи замондошларимиздан биридир. У Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали бўлими бошлиғи сифатида иш бошлаганига энди ўн ой бўлди. Лекин, шу қисқа вақт ичида тиббиётимизга кўплаб янгиликларни жорий этишга муваффақ бўлди. Хусусан, тиббиётимизда юрак қон-томир касалликларини жарроҳлик усулида даволашнинг бир қатор замонавий стандартларини амалиётга татбиқ этди. Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятида илк бор юрак қон-томир касалликларида учрайдиган бўлмачалар фибриляциясини лабиринт усулида даволаш тизими йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, малакали шифокор аорта коронар шунтлаш, клапан алмаштириш каби ноёб операцияларни ҳам муваффиқиятли амалга оширмоқда. Ўзи раҳбарлик қилаётган бўлим шифокорлари томонидан жорий йилнинг ўтган ўн ойи ичида икки юздан кўпроқ шундай юқори технологияли операциялар ўтказилди. Демак, бу шунча инсон юрак хасталигидан фориғ бўлди деганидир.

Истеъдодли олим тиббиёт соҳаси бўйича халқаро алоқалар ривожига ҳам муносиб улуш қўшмоқда. Унинг ташаббуси билан Россия ва Германиядаги етакчи клиникалар билан мамлакатимиз тиббиёт муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Жорий йилда биргина РИКИАТМ Қарши филиалига ўн нафардан кўпроқ хорижлик етакчи кардиолог ва кардиохирург олимлар ташриф буюрди. Улар иштирокида кўплаб маҳорат дарслари, илмий-амалий семинарлар ташкил этилди. Ёш олимнинг тиббиётимиз ривожига қўшаётган ушбу муносиб ҳиссаси давлатимиз ва халқимиз томонидан эътироф этилмоқда. Унинг мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Олтин кабутар” ижодий танловида “Йил шифокори” номинацияси совриндори бўлиши бунинг яққол исботидир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.