Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Соғлом турмуш тарзи ОИВ инфекциясига қарши курашда муҳим муҳим аҳамият касб этади Бош сахифа

02 декабря 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Соғлом турмуш тарзи ОИВ инфекциясига қарши курашда муҳим муҳим аҳамият касб этади

Пойтахтимиздаги “Миллий” стадионида 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни муносабати билан югуриш ва оммавий гимнастика бўйича марафон бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан уюштирилган тадбирда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббий олий ўқув юртлари, пойтахтимиздаги шифо муассасалари вакиллари, пойтахтимиз аҳли ва ёшлар, вилоятлардан ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича дастури —ЮНЭЙДСнинг берган маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 37 миллион ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар ҳисобга олинган. Мамлакатимизда 2019 йилнинг 1 ноябр ҳолатига 42098 нафар шахс ОИВ инфекцияси билан яшамоқда. 1- декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунини сайёрамиз бўйлаб кенг нишонлашдан мақсад инсониятнинг ушбу глобал тиббий-ижтимоий муаммога эътиборини яна бир карра жалб этиш, бундай касалликдан азият чекаётган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Жорий йил ушбу сана “Ҳамжамият ўзгаришларга эришмоқда” шиори остида нишонланди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда бутун дунёда ОИВ инфекция тарқалишининг олдини олиш, бундай касалликка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ҳам бу йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. ОИВ инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича тиббий-профилактика ва тарғибот ишлари тизимли йўлга қўйилган. Онадан болага ОИВ юқишининг олдини олиш бўйича тиббиётимиз катта натижаларга эришмоқда. ОИВ инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда ОИВ инфекциясига қарши кураш тадбирларини молиялаштиришда давлат бюджетининг ҳиссаси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунда махсус вирусга қарши даволаш мақсадида харид қилинаётган юқори сифатли дориларнинг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан сотиб олинмоқда.

Бундан ташқари, ёндош касалликларни даволаш учун дори воситаларини харид қилишга давлат бюджети ҳисобидан 2018 йилда 811,0 миллион сўм, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болалар учун қуруқ сут аралашмаларини харид қилиш учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилди.

ОИВга қарши кураш ишларини самарали ташкил этишда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб этиш ҳам муҳим амаҳиятга эга. Ушбу спорт марафони ҳам айни шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Марафон иштирокчилари қизил лента тақиб майдонга чиқдилар. Зеро, қизил лента ОИВ инфекцияси билан яшовчи беморларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларга нисбатан эътиборни кучайтириш белгисидир. Тадбир иштирокчиларига ОИВ инфекциясининг юқиш йўллари ва олдини олиш усуллари бўйича махсус қўлланмалар тарқатилди.

Шунингдек, шифокорлар ва мутахассислар аҳолига соғлом турмуш тарзини юритиш, касалликларнинг олдини олиш, белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиш самараси, ОИВ ва бошқа инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича тавсиялар бердилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.