Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МАМЛАКАТИМИЗДА ЯНА УЧТА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЁТ МАРКАЗЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ Бош сахифа

29 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МАМЛАКАТИМИЗДА ЯНА УЧТА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЁТ МАРКАЗЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимизда оналар ва болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ташкилот ва идоралар вакиллари, олимлар, шифокорлар, журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, она ва бола саломатлигини асраш мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг муҳим йўналишидир. Бугунги кунда аҳолига бу йўналишда бирламчи тиббий-санитария, тиббий-диагностика ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тизим яратилган. Айни пайтда юртимизда 817 та қишлоқ врачлик пункти, 798 та қишлоқ ва 178 та шаҳар оилавий поликлиникаларида бу йўналишда тизимли иш олиб борилмоқда. Тиббий патронаж хизмати замон талабидан келиб чиқиб такомиллашмоқда.

Ушбу бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида умумий амалиёт шифокори билан бир қаторда олдинлари мавжуд бўлмаган педиатр, терапевт, гинеколог, стоматолог, УТТ шифокори каби тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилгани аҳолининг малакали тиббий ёрдамдан фойдаланишида муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхонаси”, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Пренатал скрининг хоналари”, вилоят кўп тармоқли болалар марказларида “Қизлар саломатлик маркази” фаолият юритаяпти.

Сўнгги уч йил ичида мамлакатимиздаги барча туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги пренатал скрининг хоналари замонавий ультратовуш таҳлил аппарати билан жиҳозланди. Натижада барча ҳомиладор аёлларни скрининг билан қамраб олиш имконияти яратилди. Юртимиз тиббиёти тарихида биринчи марта ҳудудларимиздаги болалар даволаш муассасаларида неонатал хирургия, кардиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби янги бўлимларда мураккаб даволаш амалиётлари ўтказилмоқда.

Туғма ногиронликнинг олдини олиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда нуқсонларни барвақт аниқлаш мақсадида «Она ва бола скрининг» марказларининг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди. Болалар 13 турдаги бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олинмоқда.

Қолаверса, юртимиз перинатал муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши баробарида, мутахассисларимизнинг ҳам малакасини ошириш орқали энг кам вазнли гўдаклар, ҳатто беш юз грамм вазнда туғилган чақалоқларни парвариш ва реабилитация қилиш муваффақиятли амалга оширилмоқда. Табиийки, тизимда амалга оширилган бундай муҳим ислоҳотлар натижасида юртимизда аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва болалар ўлимини кескин камайтиришга эришилмоқда. Сўнгги уч йил ичида гўдаклар ўлими 11,4 промиллидан 9,9 промиллига камайди.

Президентимизнинг 2019 йил 8 ноябрда қабул қилинган “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи йўлидаги ишларни янги босқичга кўтаришга замин яратди.

Мазкур қарорга мувофиқ, “2019 – 2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш кенгаши тузилди. Хусусан, оналар ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни замон талаблари даражасига олиб чиқиш мақсадида мамлакатимизда учта мутлақо янги тиббиёт марказлари ташкил этилади. Булар Республика ихтисослаштирилган болалар хирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика болалар тиббий реабилитация маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида Ёрдамчи репродуктив технологиялар марказларидир. Бундан ташқари, илк бор туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация ва интенсив терапия бўлимлари ҳамда бемор болаларга туну-кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи навбатчи врач пости фаолият бошлайди.

Яна бир янгилик — биринчи марта ушбу соҳага хусусий секторнинг кириб келишига йўл очилди. Яъни, ушбу қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари учун туғруқни қабул қилиш тиббий фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилди. Эндиликда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Хавфсиз оналик” стратегияси талабларига риоя этилишини таъминлай оладиган туғруқ, жонлантириш, чақалоқларни жонлантириш, муддатига етмай туғилган чақалоқларни парвариш қилиш, эндовизуал гинекология бўлимлари, поликлиника, бактериологик ва клиник-биокимё лабораториялари ҳамда юқори малакали тиббиёт ходимлари мавжуд бўлган, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва ФҲДЁ органлари ўртасида туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашинуви дастурини доимий юритиш шарти билан хусусий тиббиёт муассасалари туғруқ қабул қилиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Баситханова иштирок этди. Журналистларга мамлакатимиз тиббиётида она ва бола саломатлигини асраш, аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофзалаш бўйича амалга оширилаётган ана шундай ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги лойиҳалар тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.