Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖССТ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФТИЗИАТРИЯ ХИЗМАТИГА ЮҚОРИ БАҲО БЕРДИ Бош сахифа

29 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖССТ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ФТИЗИАТРИЯ ХИЗМАТИГА ЮҚОРИ БАҲО БЕРДИ

Пойтахтимизда Ўзбекистонда силга қарши курашиш бўйича миллий дастурнинг 2019 йил давомидаги фаолияти натижаларига бағишланган конференция бўлиб ўтмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Германия KfW тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олимлар, шифокорлар, миллий ва халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сайёрамизда йилига 8,6 миллион киши сил хасталигига чалинмоқда. 1,43 миллион бемор эса силнинг турли асоратлари туфайли вафот этади. Шу боис, жаҳон миқёсида бу касалликнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволашнинг замонавий усулларини татбиқ этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган ушбу долзарб тиббий-ижтимоий муаммога қарши курашиш соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бугунги кунда республикамиз соғлиқни сақлаш тизимида силга қарши кураш ишларини ташкил этишда тиббий-профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усуллари йўлга қўйилган. Хусусан, бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида махсус хоналар ташкил этилган ва замонавий тиббий-таҳлил воситалари билан жиҳозланган. Туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда эса касалликка барвақт ташхис қўйиш ва эрта аниқлаш имконияти мавжуд.

Аҳолига бу йўналишда ихтисослашган тиббий ёрдамни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш борасида ҳам барча шароитлар мавжуд. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида бу йўналишда муҳим илмий-амалий ишлар бажарилаётир. Кейинги йилларда мазкур тиббиёт муассасаси ва вилоятлардаги силга қарши кураш диспансерлари тубдан таъмирланди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Мамлакатимизда силга қарши кураш ишларини ташкил этишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия етилган «Силга барҳам бериш» стратегиясига ва бу йўналишда ишлаб чиқилган миллий дастур муҳим самара бермоқда. Ушбу стратегияни амалга ошириш натижасида силга чалинган беморлар стандарт диагностика ва клиник хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган даво олмоқдалар.

Фтизиатрия муассасаларида силга қарши дори воситаларига чидамли турларни ташҳислашни мукаммаллаштириш мақсадида 50 дан ортиқ ўта замонавий молекуляр диагностика аппаратлари ўрнатилди. Узлуксиз ва кенг қамровли даволанишни таъминлаш учун силга чалинган беморларга юқори сифатли даволаш курси учун дорилар бепул берилади. Дориларга чидамли силга чалинган беморларни даволаш учун замонавий қисқа курслар жорий этилмоқда ва силга қарши янги дорилар қўлланилмоқда.

— Илгарилари силни аниқлашга 3-4 ойлаб вақт талаб этиларди, — дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. — Тиббиётга диагностика ва даволашнинг бундай янги усуллари кириб келиши натижасида бугунги кунда касалликка бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйилмоқда. Илғор операция усуллари жорий этилиши, самарали дори-дармонлар қўлланилиши натижасида беморларнинг касалликдан соғайиш муддати ҳам 2 йилдан 9 ойга қисқарди. Тиббиётимиздаги бундай муҳим ютуқлар туфайли мамлакатимизда сил билан касалланиш кўрсаткичи 2 баробарга, ўлим кўрсаткичи 4 баробарга қисқарди. Айни пайтда олимларимиз силга чалинган беморларнинг даволаниш курсини олти ойга қисқартириш устида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Инсон манфаатини таъминлашга йўналтирилган бундай муҳим чора-тадбирлар самарасида мамлакатимизда сил касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, даволаш самарадорлиги бугун 87 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, натижа кўлами янада яхшироқ англашилади. Яна бир эътироф этишга арзирли ютуғимиз, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон фтизиатрия хизматининг Европа ҳудудидаги 53 мамлакат орасида кучли учталикдан ўрин олгани бўлди. Яъни, мамлакатимиз бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида бу йўналишда 2-ўринда турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 февралдаги «Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилиниши бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришга туртки бўлмоқда.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар, илм-фан муассасалари билан ҳамкорликда мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, силнинг олдини олишга оид тиббий-профилактика ишларини кучайтириш, шу билан бирга, касалликни даволашнинг янада самарали услубларини жорий этиш юзасидан илмий-амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда.

Конференцияда Ўзбекистонда фтизиатрия хизматида олиб борилаётган амалий ишлар, илмий тадқиқотлар ва эришилаётган натижаларга юқори баҳо берилди. Келгусида бу йўналишда амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.