Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СУРХОНДАРЁ ВА БУХОРО ВИЛОЯТЛАРИДА ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ЙЎНАЛИШИДА ЮЗМА-ЮЗ УЧРАШУВЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ Бош сахифа

25 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СУРХОНДАРЁ ВА БУХОРО ВИЛОЯТЛАРИДА ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ЙЎНАЛИШИДА ЮЗМА-ЮЗ УЧРАШУВЛАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда тадбиркорлар иштирокида тиббиёт, хусусан, хусусий тиббиёт йўналишини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашувлар ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад хусусий тиббиёт тараққиётини ҳар томонлама жадаллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда бунга тадбиркорлар билан ҳамкорликда ечим топишдир.

Қайд этиш жоизки, айни пайтда мамлакатимиз тиббиётида хусусий сектор улушини ошириш, давлат-хусусий шериклик ҳамда ҳуқуқий механизмларнинг яратилиши, уларга кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани, деярли барча тиббий фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат этилиши натижада хусусий шифохоналар сони 5300 дан ошди. Шунингдек, қисқа вақтда АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил каби хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ замонавий хусусий клиникалар иш бошлади.

Ҳар икки вилоятда бўлиб ўтган учрашувларда бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Тиббиёт йўналишидаги хусусий секторга тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар бирма-бир ўрганилди. Тадбиркорларнинг соҳани ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазалари тингланди ва қатор таклифлар илгари сурилди.

Жумладан, Сурхондарёда “Термиз Карго” логистика марказида кўп тармоқли хусусий тиббиёт муассасаларини ташкил этиш хусусида сўз юритилди. Ушбу лойиҳа вилоятда тиббий туризм салоҳиятини ошириш, тиббий хизматлар экспортини кўпайтириш, ҳудуд аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун юқори технологияли тиббий хизматларни ташкил этиш имконини яратади. Маҳаллий аҳолининг ҳамда қўшни давлатлар фуқароларининг малакали тиббий хизматга бўлган эҳтиёжи мазкур лойиҳа самарадорлигини таъминлайди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 ноябрда «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида»ги қарорига асосан хусусий тиббиётга туғруқ билан шуғулланишга рухсат берилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бухоро вилоятида ташкил этилган учрашувда ҳам аёллар репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш соҳаларига ихтисослаштирилган юқори технологияли хусусий тиббиёт марказларини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Унда комплекс ёндашув асосида акушерлик ва гинекология, репродуктология, педиатрия, неонатология, ультратовуш диагностикаси, клиник ва биохимик лаборатория, бактериологик лаборатория каби тиббий хизматлар кўрсатилади.

Учрашувларда билдирилган мулоҳаза ва таклифлар орасида бевосита соғлиқни сақлаш вазирлигига дахлдор бўлганлари қатори, кредит, ер ажратиш, бино олиш каби қатор масалаларга вилоят ҳокимлиги мутасаддилари томонидан аниқлик киритиш имкони ҳам юзага келди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири, вилоят ҳокимлари томонидан тадбиркорлар солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, кредит олиш, қуриш учун ер ажратилиши, давлат томонидан маълум ҳажмдаги тиббий хизматларнинг сотиб олиниши, хориж фуқароларининг визасиз режимда жалб этилиши, келтирилган замонавий тиббий ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказишга ёрдам бериш, кадрларни ўқитиш каби йўналишлар бўйича давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.