Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ГУЛЧЕҲРА ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ ХИЗМАТИ ҲАМШИРАСИ ДЕБ ТОПИЛДИ Бош сахифа

25 ноября 2019

ГУЛЧЕҲРА ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ ХИЗМАТИ ҲАМШИРАСИ ДЕБ ТОПИЛДИ

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида “Йилнинг энг яхши шошилинч тиббий ёрдам хизмати ҳамшираси” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Танловни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори А.Ҳаджибаев очиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини, жумладан, шошилинч тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда шошилинч ва “тез ёрдам” хизмати фаолиятини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар самарасида соҳанинг моддий-техника базаси тубдан такомиллашмоқда. “Тез ёрдам” хизмати ҳам тобора замонавийлашиб бораяпти. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин “Nissan “Hunday”, “Toyota” русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Бундай кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда 8,7 миллион, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 9,8 миллионга етган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган.

Шошилинч тиббий ёрдам тизимида эришилаётган ютуқларда олимлар ва малакали шифокорлар билан бир қаторда тизимимизда фаолият юритаётган қирқ бир минг нафардан кўпроқ ўрта тиббиёт ходимлари – ҳамширалар, фельдшерлар, лаборантларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Шу боис, шифокорлар билан бир қаторда фаол ва фидойи ўрта тиббиёт ходимларининг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йил Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларининг 19 нафари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлгани бунинг яққол тасдиғидир. Қолаверса, мамлакатимизда ҳар йили “Йилнинг фаол ҳамшираси” республика кўрик танлови ўтказилиб, унинг биринчи, иккинчи, учинчи ўрин совриндорлари тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли қабул қилинмоқда.

Бу йил иккинчи марта ўтказилаётган энг яхши шошилинч тиббий ёрдам хизмати ҳамшираси республика кўрик танлови ҳам ҳамшираларнинг малакасини ошириш, соҳада орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган муҳим тадбирлардан биридир.

Танловнинг республика босқичида вилоят босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчи тўртта шарт бўйича ўзаро беллашди. Биринчи шарт шошилинч вазиятларда беморларга ҳамширалик ёрдамини ташкил этишга йўналтирилди. Танловнинг асосий тантанали қисмида эса ҳамширалар тиббиёт билан бир қаторда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, ижодий мавзулар бўйича ўзаро белллашди.

Танловда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази 2-шошилинч кардиология ва терапия бўлими ҳамшираси Гулчеҳра Эргашева биринчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали педиатрия бўлими ҳамшираси Гуландон Набижонова иккинчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали неврология бўлими ҳамшираси Гулрухсорбегим Равшанова учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар фахрий ёрлик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.