Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭЪТИРОЗЛАР ЎЗ ТАСДИҒИНИ ТОПМАДИ Бош сахифа

25 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЭЪТИРОЗЛАР ЎЗ ТАСДИҒИНИ ТОПМАДИ

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Сурхондарё вилоят Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасидаги ноқонуний ишлар ва бош шифокор Н.Қодировнинг қонунга зид ҳаракатлари ҳақидаги материал юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилди ва қуйидагилар аниқланди.

Текширувлар жараёнида материалдаги аксарият важлар асоссиз бўлиб чиқди. Хусусан, болалар поликлиникасининг 1-қавати учун 100 миллион сўм ҳеч қандай иш бажармасдан ўзлаштирилгани ҳақидаги важ ўз тасдиғини топмади. Чунки болалар поликлиникасини таъмирлаш учун ҳеч ким билан шартнома тузилмаган ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган.

Бундан ташқари, мурожаатчининг бир қатор шифокорларни 1 ставкадан ортиқ ишлаётганлиги ҳақидаги важлари ҳам ноўрин эканлиги маълум бўлди. Масалан, 63-қишлоқ оилавий поликлиникасининг умумий амалиёт шифокори Наргиза Мелибоевага хизмат кўрсатадиган аҳоли сонидан келиб чиқиб, 1.5 ставка иш берилган ҳамда тез ёрдам бўлимида врачлар етишмаслигини инобатга олиб тунги навбатчи врач сифатида ишлашига рухсат берилган. Турсуной Раҳимова ҳам ушбу ҚОПда 1.25 ставкада умумий амалиёт шифокори вазифасида ишлайди. Бундан ташқари, тез ёрдам бўлимида врач етишмаслиги сабабли тунги навбатчи врач сифатида ишлашига рухсат берилган. Бу ерда ноқонуний ҳолат аниқланмади. Чунки шифокорларга навбатчиликдан ташқари 2 ставкагача иш бериш мумкин.

Материалда касалхона ички дорихонаси хароб ҳолга келган, у фақат бош шифокор ва бош провизорга хизмат қилган, дея қайд этилган. Ҳолбуки, бирлашманинг ички дорихонаси 7 йилдан буён умуман фаолият юритмайди.

Туман тиббиёт бирлашмаси таркибидаги Шарғун ҳудудий поликлиникаси таъмирлангандан сўнг янги жиҳозлар билан таъминланган. Поликлиниканинг яроқли жиҳозлари 69-ҚОПга, Чорбоғ ҚВПга, марказий поликлиниканинг болалар бўлинмасига берилган. Бошқа ортиб қолган жиҳозлар ҳозирда хўжалик бекасининг ҳисобида сақланмоқда.

Бош шифокорнинг айби билан эндокринология бўлими очилмаяпти, деган эътироз ҳам нотўғри. Чунки эндокринология бўлими 2019 йил 9 ноябрь куни ишга тушган. Ўрганиш кунида 20 нафар бемор даволанаётганлиги аниқланди.

Яшаш ва иш жойи номаълум бўлганлиги туфайли мурожаатчи билан учрашишнинг имкони бўлмади.

Сурхондарё вилояти

соғлиқни сақлаш бошқармаси.