Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: АҲОЛИГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ НАТИЖАСИДА ҲУДУДЛАРДА 174 ТА ЯНГИ ДИАГНОСТИК ВА 264 ТА ЗАМОНАВИЙ ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА Бош сахифа

06 ноября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: АҲОЛИГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ НАТИЖАСИДА ҲУДУДЛАРДА 174 ТА ЯНГИ ДИАГНОСТИК ВА 264 ТА ЗАМОНАВИЙ ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Мамлакатимизда аҳолига тиббиётнинг барча йўналишлари қатори ихтисослаштирилган тиббий хизматни янада яқинлаштириш, энг сўнгги андозалардаги даволаш усулларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳам қабул қилиниб, қатор амалий ишлар бажарилмоқда.

Натижада, сўнгги йилларда мазкур йўналишда қўшимча аллергология, онкология, нефрология ва буйрак трансплантацияси, неврология ва инсульт, травматалогия ва ортопедия ҳамда нейрохирургия каби қатор йўналишларда тиббиёт марказлари фаолияти ташкил этилиб, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт марказлари сони 16 тага етказилди. Ушбу марказларнинг мамлакатимиз бўйлаб 14 та филиаллари, ҳудудларда 310 та ихтисослашган бўлимлар ташкил қилинди.

Айни пайтда тиббиёт марказларининг малакали мутахассислари томонидан сайёр консультациялар, ҳудудлардаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида мураккаб операциялар ва маҳорат дарслари ўтказилиб келинмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида улар томонидан юртимиз бўйлаб 3000 мартадан зиёд чиқишлар уюштирилгани юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Мазкур сайёр қабулларда 200 минг нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, жойларда қарийб 2000 га яқин мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.

— Бугун нафақ ихтисослашган марказларимизда, балки қатор вилоят даволаш муассасаларида ҳам тиббиёти тараққий этган давлатларда қўлланилаётган илғор инновацион тиббий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида аҳамият берилаяпти, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Фарруҳ Шарипов. – Жумладан, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётганини алоҳида эътироф этишимиз лозим. Ҳозирда ушбу даволаш муассасаларида 200 дан зиёд буйрак ва 4 та жигар бўлаги трансплантация операциялари ўтказилгани диққатга сазовор. Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди.

Қолаверса, марказлар етакчи халқаро тиббиёт муассасалари, клиникалар ва юқори малакали хорижий мутахассислар билан доимий ҳамкорлик ўрнатиш, касалликларнинг профилактикаси ва уларни барвақт аниқлашни таъминлаш, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиши натижасида ҳудудларда янги 174 та диагностик ва 264 та замонавий даволаш усуллари жорий этилди, телемедицина орқали 801 та онлайн консультациялар ўтказилди. Шунингдек, кардиохирургия хизмати бутун республика бўйича ривожлантирилиб, 10 та ҳудудда 10 та рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди, 8 та вилоятда очиқ кардиохирургик операциялар ўтказилмоқда.

Ихтисослашган тиббиёт марказларида фаолият юритиб келаётган кадрлар салоҳиятини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида 172 нафар худудий филиалларнинг мутахассислар пойтахтда малака оширгани ва 348 нафар шифокорнинг хорижда тажриба ошириб қайтгани соҳага қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий натижасидир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.