Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Аёллар учун янги тиббий марказ иш бошлади Бош сахифа

04 ноября 2019

Аёллар учун янги тиббий марказ иш бошлади

Рўзғорнинг минг хил юмушидан сира тўхтамайди, ҳеч вақт чарчамайди. Юраги остида янги вужуд яралишидан тортиб, уни дунёга келтириш, улғайтириш, тарбиялашда тиним нималигини билмайди. Фарзанди ҳатто ота ёки она бўлганда ҳам у ҳақда қайғуради, ташвишланаверади. Боз устига жамият ва давлат ишларида ҳам хизмати, меҳнатини аямайди. Ҳа, аёл нозиккина жуссасига, биргина жонига шунча кўп юмушни ортган.

Чунки у ҳар доим ўзидан ҳам кўп яқинларини ўйлайди, улар учун қайғуради. Аммо шуниси ҳам ҳақиқатки, унинг ўзи асрашга, авайлашга, ғамхўрлик кўришга ҳамиша муҳтож. Айниқса, соғ-саломатлиги унинг зиммасидаги ҳар қандай масъулиятдан ҳам муҳим. “AYOL CARE” тиббиёт маркази шунинг учун ҳам иш бошлади.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида шу номдаги янги замонавий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди.

Мазкур марказнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Зироатхон Мирзиёева иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, ҳаёт давомийлигининг асоси бўлган аёлни, наслимиз давомчиси бўлмиш фарзандларимиз саломатлигини асраш миллатни, халқни ва эртанги кунни асраш дегани. “AYOL CARE” ана шу муҳим ва масъулиятли вазифага бел боғлаган.

Марказ аёллар хасталигига ташхис қўйиш, уларни даволаш ҳамда мураккаб операциялар ўтказишга ихтисослаштирилган. Яъни, мақсад – репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини сақлаш, мустаҳкамлашдан иборат. Бунинг учун марказда турли тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда хотин-қизлар соғлиғини тўлиқ баҳолаш имконияти мавжуд.

– Охирги уч йилда мамлакатимизда хусусий тиббиёт ривожи учун кенг йўл очилди. Айни пайтда улар сони 5300 дан ортгани фикримиз далилидир. Эътиборлиси, хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар тури 50 тадан 126 тага кўпайди. Улар 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, олиб келинадиган янги тиббий асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва зарур материаллар учун божхона тўловларини тўлашдан озод этилди. Бу каби имкониятлар натижасида сўнгги икки йилда 1650 хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Бугун юртимизда юқори технологияга асосланган яна бир марказ иш бошлаётгани ғоят қувонарлидир. Биз “AYOL CARE” юртимизнинг бошқа ҳудудлари, ҳатто қўшни мамлакатларда филиаллари очилишига, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда энг илғор муассасага айланишига умид билдирамиз, – деди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

Маълумотларда қайд этилишича, марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун 45 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилган. 80 мутахассис иш билан таъминланган. Тиббий муассаса Германия, Франция, Жанубий Корея мамлакатларида ишлаб чиқарилган тиббий техника ва ускуналар билан жиҳозланган. Мухтасар айтганда, жаҳон тиббиётининг энг сўнгги диагностика технологиялари – замонавий УТТ, рақамли рентген, маммограф, ЭКГ, кольпоскоп, ҳомиланинг юрак уришини аниқлайдиган кардиотокограф, иммунокимёвий ва биокимёвий лаборатория таҳлил воситаларига эга.

Шифохонада гинеколог, кардиолог, терапевт, невропатолог, эндокринолог каби ихтисосликлар бўйича етук олимлар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади.

Марказдаги жарроҳлик хоналари ва тиббий асбоб-ускуналар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради. Хусусан, рентген ва маммограф, эндоскоп, гинекологик ва автоматик ўриндиқ ва кольпоскоп, автоматик режимдаги лаборатория жиҳозлари, плазмали стерилизатор ускуналари ёрдамида барча турдаги жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказиш имконияти яратилган.

Клиниканинг бошқа хусусий тиббий муассасалардан яна қандай фарқли жиҳатлари бор? Афзалликлари, қулайликлари айнан нималарда? Бу каби саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Тадбирда уларга аниқ жавоб бирма-бир санаб ўтилди. Аввало, жарроҳлик операциялари онлайн режимда телемединация ускунаси орқали амалга оширилади. Марказ масофавий услубда хорижий давлатлар, жумладан, Россия, Исроил, Жанубий Корея, Германиядан мутахассислар жалб этган ҳолда мамлакатимиз бўйича консультациялар ва маҳорат дарслари ташкил этади. Аёлларни репродуктив соғломлаштириш соҳасида илмий-услубий марказ сифатида иш олиб боради.

Яна бир аҳамиятли томони шундаки, мазкур тиббиёт маскани ижтимоий муҳтож ва оғир шароитдаги аёлларни бепул кўрикдан ўтказишга, консультациялар беришга ҳар доим шай. Шу каби ўзига хосликлари билан у айни вақтда Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

“AYOL CARE” Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистонда аёллар саломатлигининг репродуктив саломатлигини ҳимоя қилиш дастури доирасидаги турли лойиҳаларида, хусусан, бачадон бўйни саратони, кўкрак саратонига қарши курашишда фаол иштирок этишни режалаштирган. Бу борада Россия, Италия, Туркия, Жанубий Кореядаги бир қанча халқаро марказлар билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.

Манба: uza.uz