Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЎЗБЕКИСТОНДА УЧ ЮЗГА ЯҚИН БЕМОРДА БУЙРАК ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ МУВАФФАҚИЯТЛИ АМАЛГА ОШИРИЛДИ Бош сахифа

10 октября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЎЗБЕКИСТОНДА УЧ ЮЗГА ЯҚИН БЕМОРДА БУЙРАК ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ МУВАФФАҚИЯТЛИ АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Пойтахтимизда Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамияти ва Туркия трансплантологлари ҳамжамиятининг ҳамкорликдаги 3 - конгресси иш бошлади.

Мазкур нуфузли тадбирда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлар билан бир қаторда АҚШ, Канада, Швейцария, Австралия, Буюк Британия, Туркия, Испания, Иордания, Миср, Бангладеш, Эрон, Покистон, Қувайт, Қатар, Уммон Султонлиги, Сурия, Покистон. Ливан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан 120 нафардан зиёд соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этмоқда.

Конгрессда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов, Жаҳон трансплантологлари жамияти президенти Мехмет Хаберал ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг трансплантология бўйича координатори Хосе Нуньес-Пеньялар сўзга чиқишди.

Тадбирда таъкидланганидек, замонавий тиббиётда трансплантология, яъни инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиёти жорий этилиши инсон саломатлигига оғир асорат етказувчи бир қатор хасталикларни даволашда катта имкониятлар яратмоқда. Ҳар йили дунёда 136 мингдан зиёд беморларда ана шундай трансплантология амалиёти бажарилади. Жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам тиббиётнинг бундай замонавий ютуқларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида яқин қариндошлардан беморларга жигар ва буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти самарали амалга оширилаяпти. Юртимизда тиббиёт муассасаларида сўнгги икки йилда биргина буйрак трансплантологияси амалиёти уч юзга яқин беморда муваффақиятли ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан трансплантология соҳасини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тобора такомиллашмоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази нинг ташкил этилгани бу борада муҳим қадам бўлди. Айни пайтда ушбу янги тиббий-илмий марказда ҳам бундай янги технологияларни жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ушбу янгиликларни ҳудудлардаги шифо масканларига татбиқ этиш ҳам эътиборда. Жорий йил Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилгани бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Замонавий тиббиётнинг бундай муҳим ютуқларини тиббиёт амалиётига чуқур татбиқ этишда халқаро алоқаларнинг ўрни беқиёс. Бу борада олимларимизнинг Туркиянинг Анқара шаҳридаги Башкент университети билан ҳамкорлиги муҳим ўрин тутмоқда. Туркиялик олимлар ва мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари ҳамкорликда ушбу йўналишда доимий маҳорат дарслари ташкил этмоқда. Бир гуруҳ мутахассисларимиз хорижда малака ошириб қайтди. Мамлакатимиз олимлари жаҳон ва Туркийзабон мамлакатлар трансплантологлари ҳамжамиятига аъзо бўлган.

Трансплантология соҳасида ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина. Дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам бундай замонавий тиббий ёрдамга муҳтожлар сони йил сайин кўпаймоқда. Ушбу беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун илм-фан ва инновация ютуқларини тиббиёт амалиётига изчил татбиқ этиш долзарб аҳамиятга эга. Мазкур конгресс бу борада муҳим тадбирлардан биридир. Унда трансплантология соҳасида жаҳон илм-фани ва тиббиётда эришилаётган муҳим ихтиролар, илмий-амалий янгиликлар юзасидан тажриба алмашилади. Шу билан бирга, соҳа олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилади.

Ушбу халқаро конгресснинг Ўзбекистонда ташкил этилиши тиббиётимизнинг ўзига хос ютуқларидан дарак бериши баробарида илм-фан ва инновацияларнинг жадал ривожланиши, тиббиёт тараққиёти учун ҳам кенг уфқларни очади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.