Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: БИР ГУРУҲ ҲАМШИРАЛАРИМИЗ ПУСАН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ КЛИНИКАСИДА МАЛАКА ОШИРИБ ҚАЙТДИ Бош сахифа

09 октября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: БИР ГУРУҲ ҲАМШИРАЛАРИМИЗ ПУСАН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ КЛИНИКАСИДА МАЛАКА ОШИРИБ ҚАЙТДИ

Пойтахтимизда барпо этилаётган Болалар миллий тиббиёт марказида айни кунларда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар Корея Республикасининг энг нуфузли Пусан миллий университети клиникасида малака оширмоқда. Жумладан, куни кеча 13 нафар ҳамшира бир ойлик ўқув курсини якунлаб юртимизга қайтиб келишди. Яқинда яна 17 нафар ўрта тиббиёт ходимлари малака ошириш учун ушбу мамлакатга юборилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида малака ошириб келган ва малака оширишга юборилаётган бир гуруҳ ҳамширалар билан учрашув ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов мамлакатимизда тиббиёт соҳасига илм-фан ва инновацияларнинг сўнгги ютуқларини кенг татбиқ этишга эътибор тобора кучаяётганини, бунда малакали кадрларнинг ҳиссаси беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жадаллик билан қурилаётган Болалар миллий тиббиёт маркази 280 ўринга эга бўлиб, кунига 250 нафар беморни қабул қилиш ва биринчи йилида 1500 дан зиёд юқори технологияга асосланган операция ўтказиши кўзда тутилган. Ушбу замонавий шифохонада минг нафарга яқин малакали шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритиши режалаштирилган.

Айни пайтда мазкур тиббиёт марказини қуриш, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш баробарида, малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 100 нафар мутахассисларимиз Корея Республикасининг Пусан миллий университети клиникасида малакасини ошириш кўзда тутилган.

— Кореяга сафаримиз қизиқарли ва мазмунли ўтди, тажрибамиз янада бойиди, — дейди Республика Перинатал маркази реанимация ва анестезиология бўлими ҳамшираси Гулбаҳор Умарова. — Кореялик ҳамкасбларимизнинг ҳамширалик этикаси ва деонтологияси бўйича тажрибаси, айниқса, бизга манзур бўлди. Қолаверса, уларнинг янги технологияларни қўллаш бўйича маҳоратини ҳам алоҳида эътироф этишни истардим. Бир ой мобайнида ушбу йўналишда кўплаб янгиликларни ўргандик ва амалиётда синовдан ўтказдик. Олган билим ва тажрибаларимизни келгусида тиббиёт амалиётида қўллаш баробарида, ҳамкасбларимиз орасида ҳам тарғиб этишни мақсад қилганмиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.