Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СИФАТ НАЗОРАТИДАН ЎТГАН ДОРИ ВОСИТАЛАРИ КАФОЛАТЛАНГАН. УЛАРНИ БЕМОРЛАРГА ЎЗ ВАҚТИДА ЕТКАЗИБ БЕРИШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМОҚДА Бош сахифа

08 октября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: СИФАТ НАЗОРАТИДАН ЎТГАН ДОРИ ВОСИТАЛАРИ КАФОЛАТЛАНГАН. УЛАРНИ БЕМОРЛАРГА ЎЗ ВАҚТИДА ЕТКАЗИБ БЕРИШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМОҚДА

Ижтимоий тармоқларда “Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган бепул дорилар беморлар аҳволини оғирлаштирмоқда” сарлавҳали танқидий видеоматериал эълон қилинди. Унда буйраги трансплантация қилинган бир гуруҳ мурожаатчилар аввал истеъмол қилиб келган “Панграф” ўрнига “Ролиграф” дори воситасининг берилаётгани, ушбу дори воситасидан хавфсирашаётгани айтиб ўтилган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва мутахассислари шикоят билан келган беморлар билан учрашди. Юзага келган тушунмовчиликлар чуқур ўрганилиб, қуйидагиларни маълум қилади.

Маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, дори воситаларининг сифати, самарадорлиги ва безарарлиги тегишли экспертизадан ўтказилиб, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнггина тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилади. Бундан ташқари, юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ҳар бир дори воситасининг ҳар бир серияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати ҳам расмийлаштирилади.

Таъсир этувчи моддаси такролимус бўлган, таъсири жигар, буйрак ёки юрак аллотрансплантатлари ажралиши реакциясининг олдини олишда қўлланиладиган, бешта компания томонидан ишлаб чиқариладиган 5 савдо номидаги дори воситалари ҳамда тўртта компания томонидан ишлаб чиқариладиган, таъсир этувчи моддаси микофенолат мофетил сақловчи 4 савдо номидаги дори воситалари Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, тиббиёт амалиётида қўлланилишга рухсат этилган.

– Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” томонидан халқаро талаблар билан мувофиқлаштирилган тартибда амалга оширилади, – дейди ушбу марказ директори Шерзод Абдуганиев. – Юқоридаги дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари ва дори воситалари намуналари ҳам ўрнатилган тартибда экспертиза қилиниб, Давлат марказининг тегишли лабораторияларида сифат назоратидан тўлиқ ўтказилган ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат талабларига тўла мос келиши тасдиқланган.

– Айни пайтда беморларимизга берилаётган “Ролиграф” дори воситасининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси “Панграф” дори воситаси билан бир хил, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошев. – Яна бир эътиборли жиҳати, “Панграф”, “Програф”, “Такролимус” дори воситалари суткасига икки марта қабул қилинган бўлса, улардан фарқли ўлароқ “Адваграф” ва “Ролиграф” дори воситаларининг таъсири узайтирилган бўлиб, улар суткасига бир марта қабул қилинади, холос. Эслатиб ўтамиз, мазкур дори воситаларини ўз вақтида ва белгиланган миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, ушбу дори воситалари зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлиб, ўз давлатида ва бошқа хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган. Шу ўринда унутмаслик керакки, ҳар бир дори воситаси GMP, яъни халқаро талабларга мувофиқ ишлаб чиқарилдими, демак, унга нисбатан шубҳа бўлиши ноўрин ҳисобланади. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги даволаш профилактика муассасаларида беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 620 нафар бемор рўйхатда бўлиб, улардан 590 нафар бемор такролимус ва микофенолат мофетил препаратлари билан давлат томонидан бепул таъминланмоқда. Дори воситаларининг ўз вақтида беморларга етказиб берилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, қатъий назоратга олинган.

Айни пайтда юқорида қайд этилган дори воситаларини қабул қилган айрим беморлардан келиб тушган мурожаатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутухассислари томонидан чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича батафсил маълумот берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.