Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: РУҲИЙ БУЗИЛИШЛАРДАН АЗИЯТ ЧЕКАЁТГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯЛАШ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛАДИ Бош сахифа

27 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: РУҲИЙ БУЗИЛИШЛАРДАН АЗИЯТ ЧЕКАЁТГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯЛАШ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛАДИ

Маълумки, мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мувофиқ, психиатрия соҳасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 12 сентябрдан кучга кирган “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

Унга кўра айрим қонун ҳужжатларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Руҳий бузилишлардан азият чеккан, аммо ақли расо деб топилган шахсларга нисбатан қулланилувчи норма; Мажбурлов чораларини узайтириш нормасини киритиш ва мажбурлов чораларини ўтаётган шахсларни шифокорлар комиссияси томонидан кўрикдан ўтказиш муддатларини белгилаш; Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари турларини мавжуд психиатрия муассасалари тизимига мувофиқлаштириш ҳамда айрим қонун ҳужжатларидаги атамаларни “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш шулар жумласидандир.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ақли расо деб топилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади. Ақли норасо деб топилган шахслар эса жиноий жавобгарликдан озод қилинади ва суд томонидан мажбурий даволанишга юборилади. Шу билан бирга, қонунчилигимизда енгил турдаги руҳий бузилиши мавжуд бўлган, аммо ақли расо деб топилган шахсларга нисбатан даволаш чоралари кўзда тутилмаган. Шунинг учун улар озодликдан маҳрум этиш жойларида психиатр назоратисиз қоларди.

Германия, Швейцария, Дания, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар замонавий қонунчилигида хам ушбу норма (руҳий бузилишдан азият чекувчи, аммо ақли расо) назарда тутилган. Бунда, бу шахс жавобгарликдан озод этилмайди ва соғлом шахслар қатори жазо ўтайди, лекин суд томонидан унга жазо билан бир вақтда озодликдан маҳрум этиш жойларида психиатрда мажбурий даволаниш тайинланиши мумкин. Шу билан бирга, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланганда, психиатрия муассасаларида мажбурий даволаниш тайинланиши мумкин. Эндиликда бизнинг қонунчилигимизда хам ушбу ҳуқуқий норма киритилди.

Ушбу нормага асосан енгил турдаги руҳий бузилиши мавжуд бўлган, аммо ақли расо деб топилган шахслар жазо билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниши таъминланади.

Ақли норасо деб топилган шахсларга психиатрик муассасаларда мажбурий даволаниш қўлланилганда қонунчилигимизда шифокорлар комиссиясининг хулосасига кўра, мажбурий даволанишни бекор қилиш ва беморни чиқариш ёки бўлмаса шифокорлар комиссиясининг хулосасига кўра, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини ўзгартириб бошқа психиатрик муассасага ўтказиш назарда тутилган.

Бироқ, Жиноят-процессуал кодексида мажбурий даволанишнинг узайтирилиши ва шифокор-психиатрлар комиссиясининг ушбу шахсларни такрорий (навбатдаги) тиббий кўрикдан ўтказиш муддатлари белгиланманган. Тиббий кўрикдан ўтказиш камида олти ойда бир марта ўтқазилиши олдин фақат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички йўриқномасида кўрсатилган бўлиб, ушбу йўриқнома 2014 йил Адлия вазирлиги тақдимномасига биноан бекор қилинган. Юқоридаги қонун билан жиноий қонунчиликка мажбурий даволаниш муддатини узайтириш нормаси ҳамда шифокор-психиатрлар комиссиясининг такрорий тиббий кўрик ўтказиш муддатлари киритилди.

Бундан ташқари, қонунчилик ҳужжатлари хатлов қилинганда айрим қонун ва кодексларда “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ келмайдиган (“руҳий касал”, “руҳий касаллик” ва “руҳий нуқсон” каби) атамалар мавжудлиги аниқланди. Улар (“руҳий ҳолати бузилган шахслар” ва “руҳий ҳолати бузилганлиги” каби атамаларга алмаштирилиб) “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштирилди.

Бир сўз билан айтганда мазкур қонун руҳий бузилишлардан азият чеккан шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши, илгари қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг амалга татбиқ этилиши механизмларининг ривожланишига ёрдам беради.

Азизбек Ҳамрақулов,

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош мутахассиси.