Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ДАВЛАТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ОРДЕР БИЛАН ДАВОЛАНИШ ТАРТИБИНИ БИЛАСИЗМИ? Бош сахифа

25 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ДАВЛАТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ОРДЕР БИЛАН ДАВОЛАНИШ ТАРТИБИНИ БИЛАСИЗМИ?

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзига хос тизим яратилган.

— Маълумки, имтиёзли тоифага кирувчи беморларга бепул йўлланма (ордер)лар бериш тартиби жорий этилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходими Сойибжон БОЗАРИПОВ. — Жумладан, болаликдан ногиронлар, чин етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиганлар, 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари, Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этганлар, Байналмилалчи-жангчилар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, 18 ёшга тўлмаган патологияли болалар, чақирув комиссияларининг йўлланмалари бўйича чақирув ёшидаги (18 — 27 ёшдаги)лар, патологияли ҳомиладор аёллар, эндокрин касалликларига чалинган беморлар, сил касаллиги билан оғриганлар ҳамда онкология каби касалликларга чалинган беморлар бепул ордерлар олиш имкониятига эга.

Бу борадаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида тартибга солинади.

Ордер қандай олинади?

Аввало, туман ва вилоят миқиёсидаги клиникаларда даволаниш учун беморлар дастлаб, бирламчи тиббий-санитария бўғини (ҚВП, ОП) умумий амалиёт шифокорларининг текширувидан ўтади. Текширув натижасига кўра, бемор ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож деб топилса, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси марказий кўп тармоқли поликлиникасининг ихтисослик бўйича мутахассисига йўлланади.

Туман марказий кўп тармоқли поликлиникасида ташкил қилинган тиббий-танлов комиссияси томонидан ихтисослик бўйича мутахассис хулосаси асосида унинг тиббий ҳужжатлари (амбулатор карта), лаборатор ва инструментал текширувлар натижалари ўрганиб чиқилади. Беморни шифохонага ётқизиб даволашга кўрсатмалар тасдиқланса, бу ҳақда хулоса ва тегишли тиббиёт муассасасига йўлланма (ордер) расмийлаштирилади.

Дейлик, беморни шифохонага ётқизишга кўрсатмалар аниқланган, аммо жорий вақт оралиғи учун ажратилган йўлланма мавжуд бўлмаган тақдирда, фуқаро белгиланган тартибда расмийлаштирилган журналга навбатга қўйилади. Бунда беморга навбатга қўйилганлиги, навбат рақами, йўлланма беришнинг тахминий санаси ҳақида кўрсатилган маълумотнома тақдим этилади.

Республика миқиёсидаги клиникаларда даволаниш учун ордер олиш тартиби қуйидагича. Шифохонада текшириш ва даволаниш давомида мижоз касаллигини аниқлаш мақсадида юқори технологияли усуллар ёрдамида текширув ва даволашга кўрсатмалар аниқланган тақдирда, мижоз вилоят тиббиёт ташкилоти (Тошкент шаҳрида – туман тиббиёт бирлашмаси) таркибида ташкил қилинган тиббий-танлов комиссиясига юборилади. Бунда мижознинг касаллик тарихидан берилган кўчирмага тавсия қилинган республика даражасидаги тиббиёт ташкилотининг номи, зарур текширув усуллари ва даво муолажалари тўғрисида тавсиялар баён қилинади.

Вилоят тиббиёт ташкилоти (Тошкент шаҳрида – туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси) таркибидаги тиббий-танлов комиссияси мижознинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихидан кўчирма), ихтисослик бўйича мутахассис тавсияларини ўрганиб чиққан ҳолда, унга республика даражасидаги тиббиёт ташкилотига йўлланма бериш масаласини кўриб чиқади.

Тиббий-танлов комиссияси томонидан мижоз тасдиқланган стандартлар асосида республика даражасидаги тиббиёт ташкилотида тиббий ёрдам (тешириш ва даволаш)га муҳтож деб топилганда, унга йўлланма (ордер) расмийлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига мувофиқ, йўлланма (ордер) билан мурожаат қилган беморларга кафолатланган тиббий хизматлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.