X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ОАВДАГИ ТАНҚИДИЙ ЧИҚИШЛАРГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ

Бош сахифа

23 сентября 2019

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ОАВДАГИ ТАНҚИДИЙ ЧИҚИШЛАРГА ОЙДИНЛИК КИРИТДИ

Ёзёвон туманидаги 35-қишлоқ оилавий поликлиника келгуси йилда инвестиция дастури доирасида бутунлай янги қиёфага киради

Шу йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг “uza.uz” сайтида “Муолажа”га муҳтож тиббиёт маскани” номли танқидий мақола эълон қилинди. Вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари мақолада келтирилган фактларни атрофлича ўрганиб, қўйидагиларни маълум қилади.

Айни пайтда Ёзёвон тумани аҳолисига 8 та амбулатор-поликлиника муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда. Тиббий хизмат сифатини янада ошириш мақсадида Иштирхон, Бўтқачи, Шарқ юлдузи, Қотортол, Тошҳовуз қишлоқларида оилавий поликлиника филиаллари ташкил қилинган.

Жумладан, мақолада сўз юритилган Чўлигулистон қишлоғидаги 35-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида 49 нафар тиббиёт ходими фаолият юритади. Поликлиникада терапевт ва хирург мутахассислари етишмаганлиги сабабли, ҳудудда истиқомат қилувчи бир нечта ёшлар айнан шу йўналишда таҳсил олиш учун олий ўқув юртларига йўналтирилган.

Оилавий поликлиника мослаштирилган бинода жойлашган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли мутахассислари томонидан бу ердаги мавжуд ҳолат пухта ўрганилиб, 2020 йилги Инвестиция дастурига киритилган. Ҳозирги кунда лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда. Лойиҳага кўра, мавжуд бинода мутахассисларга хоналар етишмаётганлиги сабабли қўшимча бино, кўмир омбори ҳамда оилавий поликлиника қошидаги тез тиббий ёрдам бригадаси учун биноларни бутунлай янгидан қуриш, мавжуд биноларни эса капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Инвестиция дастури доирасида оилавий поликлиникага замонавий ЭКГ, УЗИ ва доплер аппаратлари, бошқа қатор янги тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари келтирилиши ҳам режалаштирилган.

Айни пайтда мақолада келтирилган камчиликлар бартараф этилиб, муассасани куз-қиш мавсумига тайёргарлаш ишлари олиб борилмоқда. Шу кунларда 35 тонна кўмир ва кўмир брикет заҳираси олиб келиниши ҳам режалаштирилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам мавжуд тиббиёт муассасалари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари босқичма-босқич қайта таъмирланмоқда, янги замонавий бинолар қурилиб, тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланмоқда.

Масалан, Фарғона вилоятида 2018 йилда 24 та, жорий йилнинг ўтган даврида 14 та тиббиёт муассасаси Инвестиция дастури доирасида капитал ва жорий таъмирланиб, зарур асбоб-ускунлар билан жиҳозланган бўлса, келгуси 2020 йилда яна 33 та муассасада ана шундай қурилиш ва янгилаш ишлари олиб борилиши режалаштириляпти.

Демак, мақолада тилга олинган Ёзёвон туманидаги 35-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам Инвестиция дастури доирасида келгуси йилда бутунлай янги қиёфага киради, тиббиёт ходимлари ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Фарғона вилояти

соғлиқни сақлаш бошқармаси.

***

Эски шифохона ўрнида ўша ҳудудда замонавий оилавий поликлиника фаолият юритмоқда

Жорий йилнинг 20 августида xabar.uz интернет сайтида “Ургутда шифохона ёпилди, чақалоқ йўлда туғилди” мавзусидаги танқидий видеохабар эълон қилинди.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жайига борилди.
Ўрганишлар натижасига кўра, Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги «Ибн Сино» номли 3-сонли шифохона мавжуд бинолар мослаштирилиб, 1977 йилда ташкил этилганлиги аниқланди.

Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Ургут туман тиббиёт бирлашмасининг капитал реконструкция қилиш ишлари якунланиши муносабати билан бирлашма тасарруфидаги туғруқ комплекси ва болалар бўлими имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Ургут туман ҳокимлигининг 2016 йил 14 майдаги 1075-Қ –сонли қарорига асосан Жўраптепа маҳалласидаги мослаштирилган бинода фаолият кўрсатаётган 3-сонли шифохонанинг 25 ўринли туғруқ ва 20 ўринли болалар бўлимлари туман тиббиёт бирлашмасига кўчирилган. Шу муносабат билан бўш қолган бинолар ва мавжуд 2.500 квадрат метр ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олинган.

Эътиборлиси, 2018 йилдаги Инвестиция дастури асосида мазкур ҳудуда барча қулайликка эга, замонавий икки қаватли оилавий поликлиника қурилиб фойдаланишга топширилган. Ҳозирда мазкур ҳудуда яшовчи 53 минг нафар фуқаролар учун бирламчи ва тез тиббий хизмат ҳамда хирург, стоматолог, акушер-гинеколог, уролог, педиатр каби тор соҳа мутахассислари, умумий амалиёт шифокорлари хизмат қилиб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника тасарруфида бешта тез ёрдам шохобчалари мавжуд бўлиб, чақириқларга 10-15 дақиқада етиб борилади ва самрали тиббий кўрсатиб келинмоқда.

Юқоридаги танқидий материалда айтиб ўтилган, йўлда туғилган бола поликлиникага олиб борилган ва ўз вақтида болага ҳам, онага ҳам тиббий ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда бола сифатли патронаж хизмати билан қамраб олинган бўлиб, шифокорларнинг доимий назоратига олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.