Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МАЖБУРИЙ ТИББИЙ СУҒУРТА 2021 ЙИЛДАН БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ Бош сахифа

04 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: МАЖБУРИЙ ТИББИЙ СУҒУРТА 2021 ЙИЛДАН БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Дунёнинг қатор мамлакатларида соғлиқни сақлаш тизимида тиббий суғурта хизматининг жорий этилиши аҳолининг тиббий-ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва ушбу фармон асосида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларда тиббиётнинг турли тармоқлари қаторида тиббий суғурта тизимини жорий этиш борасида ҳам муҳим вазифалар белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида тегишли миллий ва халқаро ташкилотлар, илм-фан муассасалари, малакали экспертлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик натижасида «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Дунёнинг кўплаб давлатларида мажбурий тиббий суғурта тизими жорий қилинган, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўлими бошлиғи Афзалхўжа АБДУҚОДИРОВ. – Мамлакатимизда бу йўналишдаги қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш жараёнида жаҳонда шаклланган моделлар пухта ва атрофлича ўрганилди. Шу билан бирга, миллий хусусиятларимиз ҳам ҳар томонлама таҳлил этилди. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бандлик даражалари, солиқ ставкалари, ойлик даромадлари ўрганилиб, мажбурий тиббий суғуртанинг ҳозирги кунда оптимал ва ижобий баҳоланиб келинаётган бюджет модели танлаб олинди.

Бу моделни бирламчи даражада амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг даромад манбалари этиб давлат бюджети билан бир қаторда инсон соғлиғига зарар келтирувчи (тамаки, алкогол, шакар ва ёғ миқдори кўп бўлган) маҳсулотларга қўлланиладиган аксиз солиқлари ҳамда экологияга зарар етказувчи корхоналардан қўшимча ажратмалар ташкил этади.

Юртимизда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан босқичма-босқич жорий этилиши лойиҳалаштирилган. Бунда, биринчи босқич 2021 йилда пилот сифатида Сирдарё вилоятининг барча туманларида жорий этилади. Мазкур вилоятда тиббиёт муассасаларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат ҳажми ҳамда жон бошига ва ҳар бир даволанган шахс учун тўлов тизимини яратиш белгилаб ўтилган.

Иккинчи босқичда 2023 – 2025 йиллар давомида яна олтита вилоятлар қамраб олинади. Учинчи босқичда 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудлар тўлиқ қамраб олинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.