Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ ЎТГАН ДАВРИДА БИРГИНА ДАВЛАТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ЙИГИРМА ТЎРТ МИНГ НАФАРДАН ЗИЁД ХОРИЖЛИК ФУҚАРОЛАР ВА САЙЁҲЛАРГА ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛГАН Бош сахифа

04 сентября 2019

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: ЖОРИЙ ЙИЛНИНГ ЎТГАН ДАВРИДА БИРГИНА ДАВЛАТ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИДА ЙИГИРМА ТЎРТ МИНГ НАФАРДАН ЗИЁД ХОРИЖЛИК ФУҚАРОЛАР ВА САЙЁҲЛАРГА ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛГАН

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида тиббиёт туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Зеро, бу борада юртимизда имкониятлар жуда катта. Улуғ мутафаккир Ибн Синодан мерос қолган тиббий-илмий анъаналар, мамлакатимиз тиббий-илмий марказларида замонавий тиббиёт йўналишида эришилаётган муҳим натижалар бугун халқаро миқёсда муносиб эътироф этилаётгани бунга мисолдир. Тиббиётимизнинг ана шундай ўзига хос салоҳиятини дунёга намойиш этишда жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимизда бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш соҳасида биринчи халқаро инвестициявий форум муҳим аҳамият касб этди.

Айни пайтда, бу йўналишдаги ишлар тизимли асосда давом эттирилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, умумий қиймати 600 миллион АҚШ долларидан зиёд 17 истиқболли сармоявий лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда жами 23 миллион АҚШ долларига тенг тўртта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

Жумладан, Туркиянинг “Cani Med Health” компанияси сармоядорлари билан биргаликда лаборатория марказини, Ҳиндистоннинг “Pratiksha Hospital Group” билан ҳамкорликда кўп тармоқли марказни ташкил этиш, «Khalifa Bin Zayed AI Nahyan Foundation» араб компанияси кўмагида “Она ва бола” клиникасини қуриш ва жиҳозлаш, Германиянинг KfW банки томонидан эса минтақавий тиббиёт марказларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш каби лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Хорижий сармоядорлар иштирокидаги бундай лойиҳалар нафақат пойтахтда, балки мамлакатнинг барча ҳудудларида амалга оширилиши натижасида жойларда элликка яқин йирик хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда.

Ихтисослашган, замонавий тиббий хизмат билан бир қаторда юртимизда сўлим табиат қўйнида жойлашган, замонавий шароитларга эга санаторий ва сиҳатгоҳларимиз ҳам анчагина. Ушбу шифо масканларида диагностика ва даволаш жараёнида замонавий тиббиёт ютуқлари билан бир қаторда табобатга оид анъаналардан ҳам самарали фойдаланилади. Бундан ташқари, мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган замонавий тиббий хизматлар учун нархлар хориждаги клникалардан анча арзон.

— Табиийки, бундай замонавий шароитлар юртимизга ташриф буюраётган хорижлик меҳмонлар ва сайёҳларнинг эътиборини тортиши юртимизда тиббиёт туризмининг жадал ривожига туртки бўлмоқда, —дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Акобир Шукуров. — Масалан, 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги давлат тиббиёт муассасаларида ўн уч мингга яқин хорижлик фуқаролар ва сайёҳларга тиббий хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида бу рақам йигирма тўрт минг нафардан кўпроқни ташкил этди. Қолаверса, юртимизнинг турли ҳудудларида барпо этилган замонавий хусусий шифо масканлари хазматидан фойдаланаётган хорижликлар сони ҳам ошиб бормоқда. Бу рақамлар юртимизда тиббиёт туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ўзига хос натижаларидан далолатдир.

Соҳада эришилаётган бундай ютуқлар яқин келажакда мамлакатимизни тиббиёти тараққий этган мамлакатлар даражасига олиб чиқиш, жамиятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ёрқин истиқболларни очади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.