Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Дил изҳори САМАРАЛИ ФАОЛИЯТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ Бош сахифа

04 сентября 2019

Дил изҳори САМАРАЛИ ФАОЛИЯТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ

Президентимизнинг 2019 йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маънавият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, турли соҳалар вакиллари қаторида бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ҳам ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Улардан айримларининг дил сўзларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Халида АЛИМОВА

Халида АЛИМОВА,

Жиззах вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони соҳибаси :

– Шифокор сифатида ишлаб келаётганимга 45 йилдан ошди. Жиззах вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори лавозимида фаолият юритаётганимга ҳам 32 йил бўлибди. Узоқ йиллар фаолият юритган шифокор сифатида мамнуният билан айтишим мумкинки, сўнгги йилларда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш соҳасида ўзига хос ўзгариш ва янгиланишлар даврига ўтдик, дея бемалол айтишим мумкин. Шундай ўзгаришлар палласида марказимиз жамоасидан ҳам фидойилик ва ҳалоллик билан аҳолиги малакали тиббий хизмат кўрсатиш талабини қўйдим. Шу тамойил асосида меҳнат қилиб кам бўлмадик.

Марказимизда болаларни даволашда қатор илғор усулларни амалиётга жорий қилишга муваффақ бўлдик. Натижада ёш болаларда кўп учрайдиган касалликларнинг кескин камайтирилишига эришдик.

Камтарона меҳнатимни юксак баҳолаб, давлат мукофотига муносиб кўрилганимдан ғоятда хурсандман. Келгусида ҳам аҳоли, жумладан, фарзандларимиз саломатлини асраш йўлида бор куч-ғайратимни аямайман.

Агзамжон УСМАНОВ

Агзамжон УСМАНОВ,

Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “New Life Medical” хусусий клиникаси ядро тиббиёт маркази раҳбари, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 30 декабрида мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистоннинг етакчи олимлари билан учрашганида аҳолига ядро медицинаси бўйича тиббий циклотронларни ўрнатиш, онкологик беморларни текшириш ва даволаш учун замонавий нур диагностикаси усулларини қўллашни кенг татбиқ этиш каби ўта долзарб масалаларни кўтарган эди.

Президентимизнинг гапларидан руҳланиб, Ватанимизда биринчи позитрон-эмиссион томография марказини ташкил этдик. Ҳозирда корхонамизда 35 нафар ходим халқимиз саломатлиги йўлида тун-у кун ишлашмоқда. Ўтган бир йил давомида 2200 нафар беморга эрта ва аниқ ташхис қўйдик ва даволаш режасини туздик. Натижада эндиликда ушбу текширув учун чет элга боришга ҳожат қолмади. Бундан ташқари, қўшни давлатлардан ҳам 300 нафар беморни ПЭТ ускунасида текширишга муваффақ бўлдик.

31 йиллик фаолиятим ижобий баҳоланиб, биринчи бор давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан беҳад шодман ва ушбу юксак мукофот бутун жамоамизнинг меҳнати маҳсули, деб ҳисоблайман.

Мурод ТЎХТАЕВ

Мурод ТЎХТАЕВ,

“Дўстлик” ордени соҳиби, Тошкент шаҳар хўжалик ҳисобидаги эшитиш ва нутқни тиклаш ҳамда овоз реабилитацияси маркази шифокори:

— Барчамизга аёнки, бугун юртимизда ҳар бир соҳада бўлгани каби тиббиёт тизимида ҳам ислоҳотлар жадаллик билан кечмоқда Бундай оламшумул янгиланишлар тиббиётнинг ўзига хос ва нисбатан мураккаб соҳаси бўлган оториноларингология йўналишида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Кейинги йилларда ушбу соҳага лазер жарроҳлик усуллари кириб келиши тиббиётимизнинг катта ютуғи бўлди. Эндиликда биз катталар, айниқса, болаларнинг эшитиш органларида учрайдиган касалликларни даволашда юқори натижаларга эришмоқдамиз.

Бизнинг тиббиёт марказимизда 2018 йилда бир ярим минг нафар, 2019 йил олти ойида эса бир минг икки юз нафардан кўпроқ беморларга тиббиётнинг ана шундай замонавий ютуқлари асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Тиббиётимизнинг бундай ютуқларидан нафақат юртдошларимиз, балки қўшни давлатлардан келган беморлар ҳам баҳраманд бўлмоқда.

Мукофотланганлар қаторида эканимдан жудаям ҳаяжондаман. Муҳтарам Президентимиз ва халқимиз томонидан менга билдирилган бу юксак ишонч нафақат менинг, балки, жамоамизда ишлаётган барча ҳамкасбларимнинг катта ютуғи, десам муболаға бўлмайди. Ушбу эътибор ва ғамхўрликка жавобан, ҳалол меҳнат қилиш, илм-фан ва даволаш ишларидаги юқори кўрсаткичларга эришиш, халқимизга муносиб хизмат қилиш асосий вазифамиздир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.