Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ШИФОХОНАДА КУЗАТУВ ВА НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛАДИ Бош сахифа

05 июля 2019

ШИФОХОНАДА КУЗАТУВ ВА НАЗОРАТ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонасида бемор бошқа бемор томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар тарқалмоқда. Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари вазиятни жойига чиқиб ўрганиб, қуйидагиларни аниқлади:

Вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасида 2019 йил 20 июнь куни 95 нафар бемор даволанишда бўлган. Калтакланган бемор М.Т. ҳам шу куни шифохонага қабул қилинган. Бемор шифохонага келган кунида унда агрессив ҳолат кучли бўлган. Эртасига, яъни 21 июнь куни эрталаб тахминан соат 4-5 оралиғида ҳам унинг аҳволи ҳали у қадар енгилламаган бўлган. Сабаби, бажарилган тиббий муолажалар таъсир этиши учун муайян муддат вақт талаб этилади. Шу боис, М.Т. кичик тиббий ходим кузатувида ҳожатхонага борганда у ердаги икки нафар беморга тажовуз қилган, беморлар эса уни дўппослаган. Шовқин-суронни эшитган тиббиёт ходимлари уларни тезлик билан ажратишган.

Шуни айтиш жоизки, вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасига ўзига ўзи хизмат қила оладиган беморлар қабул қилинади. Шу боис, кичик тиббий ходимлар уларни фақат ҳожатхона ташқарисида кузатиб туради. Бироқ, шифохонага руҳий қўзғалиш ҳолатида келган беморлар томонидан шифохона ходимларига ва бир-бирига жароҳат етказиш ҳолатлари учраб туради.

Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун шифохона ходимлари ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозим. Шу боис, юқоридаги ҳолат келиб чиқишида назоратни бўшаштирган тиббий ходимларга нисбатан ҳайфсан эълон қилинди. Ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун шифохона ходимларининг масъуллигини ошириш, шифохонада назоратни кучайтириш борасидаги асосий вазифалар уқтирилди.

Ўрганишлар давомида беморнинг онаси И.Э.нинг қизини Косон туман тиббиёт бирлашмасидан вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонасига етказиш учун “тез ёрдам” машинаси ҳайдовчисига 50 минг сўм пул бергани тасдиғини топмади. Бемор шифохонага “тез ёрдам” машинасида эмас, тиббий хизмат машинасида олиб келинган. Тиббий хизмат машинаси ҳайдовчиси тушунтириш хатида беморнинг онасидан пул олмаганини, келтирилган важлар унга нисбатан туҳмат эканини қайд этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.