Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ОРТИҚЧА ВАЗНДАН ХАЛОС БЎЛИШ УЧУН ЮРИШ ВА ГИМНАСТИКА БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШНИ ТАВСИЯ ҚИЛМОҚДА Бош сахифа

06 мая 2019

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ОРТИҚЧА ВАЗНДАН ХАЛОС БЎЛИШ УЧУН ЮРИШ ВА ГИМНАСТИКА БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШНИ ТАВСИЯ ҚИЛМОҚДА

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштиришга қаратилган оммавий тадбирлар 7май ойида янада кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда. Жорий йил 4 май, шанба куни “Ортиқча вазн – қўшимча касаллик” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, Тошкент тиббиёт академиясининг “Шифокор” спорт мажмуасида ҳам юриш ва гимнастика тадбирлари аҳоли иштирокида уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Маълумки, юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик сабаб носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, чекиш, ичиш каби салбий иллатларга ҳам чек қўйилади.

Гимнастика машқларини бажариш орқали эса мушак тизимини мустаҳкамланади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади, куч, тезлик, чидамлилик тарбияланади. Соғломлаштирувчи таъсир кучига эга машқлар туфайли қоматнинг тик ва тўғри ривожланишини таъминлайди. Кўриниб турибдики, ҳар икки ҳолат инсон танасининг чиниқиб, ортиқча вазндан халос бўлишига хизмат қилар экан.

Семизлик касаллик бўлиб, тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши натижасида келиб чиқади. Камҳаракатланиш, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилишлари, стрессларга берилувчанлик каби факторлар семизликни келтириб чиқаради. Ушбу сабаблардан энг кўп учрайдигани кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлардир.

Семизлик оқибатида метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Бутужаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, юрак, қон-томир касалликлари ер юзида ўлимнинг асосий сабабчиси бўлиб, айнан семизлик унинг ривожланишига олиб келади.

Ортиқча вазн ва семизликка қарши соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳамда зарарли одатлардан, яъни тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан воз кечиш орқали курашиш мумкин. Бунда жисмоний фаоллик: спорт билан шуғулланиш, пиёда юриш, гимнастика машқларини бажариш ҳамда бадантарбия билан шуғулланиш муҳим ўринга эга.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган даврда “Юриш куни”, “Юриш бўйича марафон куни”, “Саломатлик сари қадам”, “Велосипедда сайр куни”, “5 километр масофага фаол юриш” ҳамда “Соғлом озиш куни”, “Фаол юриш ва муассасалараро спорт мусобақалари” каби оммавий тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.