Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Пак Нинг Ху, Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири: «Бизда тиббий суғуртани татбиқ этишга 40 йилдан зиёд вақт кетган бўлса, Ўзбекистон бу йўлни 20 йилда босиб ўтиши, шубҳасиз» Бош сахифа

22 апреля 2019

Пак Нинг Ху, Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири: «Бизда тиббий суғуртани татбиқ этишга 40 йилдан зиёд вақт кетган бўлса, Ўзбекистон бу йўлни 20 йилда босиб ўтиши, шубҳасиз»

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда хорижий тажрибани ўрганиш, ундан тўғри хулоса чиқариб, татбиқ этиш муҳим масала саналади. Шу маънода, Жанубий Корея соғлиқни сақлаш тажрибаси Ўзбекистон учун энг мақбул тизимлардан биридир. Икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари хусусида Корея Республикаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарига эксклюзив интервью берди.

— Вазир жаноблари, аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро муносабатларимиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

— Катта раҳмат. Юртингизга ташриф буюрганимдан, унинг гўзал ва бой маданий мероси билан яқиндан танишаётганимдан жуда хурсандман. Айтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Президент Мун Чжэ Иннинг дўстона мулоқоти ва сиёсий иродаси туфайли тиббиёт соҳасидаги изчил ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди. Ґозир соғлиқни сақлаш соҳасининг деярли барча жабҳасида биргаликда иш юритяпмиз. Мисол учун, шифохоналар қурилиши, кадрлар алмашиш, замонавий технологиялар келтириш, умуман, барча йўналишда изчил иш олиб борилмоқда.

Ґамкорлигимизнинг ўзига хос жиҳати сифатида Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлигида ишлаб келган, катта тажриба тўплаган Ли Донг Ук ҳозирги пайтда юртингизда фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Жаноб Ли айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари маслаҳатчиси ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари сифатида меҳнат қилмоқда.

Куни кеча давлатларимиз раҳбарлари иштирокида ўтган йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Корея марказини ташкил этишга оид ҳужжат имзоланди. Бу мен учун чиндан ҳам қувончли воқеадир. Ушбу марказ Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини молиялаштириш, тиббий суғуртани татбиқ қилиш ҳамда рақамли тиббиётни йўлга қўйиш ишларини янада фаоллаштириб боради.

— Бугун тиббиёт соҳаси энг ривожланган мамлакатлар ҳақида сўз кетганда, Корея Республикаси пешқадамлардан бири сифатида тилга олинади. Айтинг-чи, бундай муваффақиятга эришиш сири нимада?

— Дарҳақиқат, Корея Республикаси қисқа вақт мобайнида соғлиқни сақлаш соҳасида дунёда юқори ўринларга чиқишга муваффақ бўлди. “Бунинг асосий сири нимада?” деб берган саволингизга қуйидаги учта омилни келтирмоқчиман. Биринчидан, охирги қирқ йил ичида мамлакатимизда тиббиёт технологиялари жуда тез суръатда ривожланди. Иккинчиси, малакали кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилди. Шу ўринда мутахассисларни қандай тарбиялашимиз ҳақида икки оғиз айтиб ўтсам. Даставвал мактабнинг юқори синфини билими, интилиши ва тиббиёт соҳасига қизиқиши бўйича тамомлаётган энг яхши ўқувчилардан уч нафарини танлаб оламиз. Улар тиббиёт олий ўқув юртларига кирганидан кейин энг тажрибали ўқитувчилардан сабоқ олади, касбини чуқур ўрганади. Умуман, институтлардаги ўқитиш тизими мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга жиддий туртки берди. Муваффақиятнинг учинчи сири — барча аҳолимиз тиббий суғурта билан таъминланган ва уларга мунтазам равишда юқори сифатли хизмат кўрсатилади.

— Шу кунларда Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишяпсиз. Айтинг-чи, соҳани ривожлантиришда қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш керак?

— 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида юртингиз тиббиёти ҳақида тўлиқ маълумотлар билан танишган эдим. Гувоҳ бўляпманки, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Нафақат Жанубий Корея, балки тиббиёт соҳаси ривожланган бошқа давлатлар билан ҳам соғлиқни сақлаш тизимига янгиликлар, илғор технологиялар татбиқ этиляпти. Бугун мамлакатда амалга оширилаётган ишларни кўриб, шундай хулоса қилиш мумкин: Ўзбекистон яқин вақт ичида тиббиёт соҳасини, албатта, халқаро даражага етказади.

— Айни пайтда Жанубий Корея томони юртимизда мажбурий тиббий суғуртани жорий этишга кўмаклашяпти. Шу йўналишда сизнинг мамлакатингизда қандай ислоҳотлар амалга оширилди ва бунга қанча вақт сарфланди?

— Корея Республикасида мажбурий тиббий суғурта тизимини татбиқ қилиш 1977 йилда бошланган. Даставвал давлат хизматчилари ва йирик компаниялар ходимлари суғурта қилинган бўлса, 1980 йилга келиб буни мамлакатимиз аҳолисига нисбатан босқичма-босқич қўллашга киришилди. Мана, қирқ йилдан зиёд вақт ичида бутун мамлакат тиббий суғурта билан қамраб олинди. Бу жараённи давлат ўзи тўлиқ назорат қилиб борганини алоҳида эътироф этишим керак. Бугунги кунда фуқароларимиз тиббий суғуртадан қониқиб келмоқда. Дунёда Жанубий Кореядагидек суғурта тез ривожланган бошқа давлатни тополмайсиз. Аммо бир жиҳатни айтай, бизда тиббий суғуртани татбиқ қилишга 40 йилдан зиёд вақт кетган бўлса, Ўзбекистон бу йўлни 20 йилда босиб ўтиши, шубҳасиз. Умуман, бу ишларда давлатингизга фақат муваффақиятлар ёр бўлсин!

— Алоҳида вақт ажратганингиз учун ташаккур!

— Сизларга ҳам соғлиқ ва омонлик тилайман!

Омонулла ФАЙЗИЕВ

суҳбатлашди.

Манба: «Халқ сўзи» газетаси, 21.04.2019 й.