X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
Ли Донг Ук, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг Жанубий кореялик ўринбосари: “Ўзбекистон тиббиёт соҳаси ривожига ҳисса қўшиш менга фахр бағишлайди”

Бош сахифа

19 апреля 2019

Ли Донг Ук, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг Жанубий кореялик ўринбосари: “Ўзбекистон тиббиёт соҳаси ривожига ҳисса қўшиш менга фахр бағишлайди”

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари маслаҳатчиси, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Жанубий кореялик мутахассис Ли Донг Ук билан суҳбатимиз мамлакатимизда тиббиёт ривожи истиқболлари ва бу соҳада Корея Республикаси тажрибаси ҳақида бўлди.

— Жаноб Ли, келинг, дастлаб Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик хусусида тўхталиб ўтсангиз?

— Аввало, таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Буни ҳар икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи ҳам дўстона алоқаларнинг янги босқичини бошлаб беришга, уни янада юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Биргина соғлиқни сақлаш соҳасини оладиган бўлсак, айни пайтда Тошкент шаҳрида замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида жадал суръатларда барпо этилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини икки томонлама ҳамкорликнинг самараси сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу улкан мажмуа 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Умумий қиймати 130,58 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган мазкур тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш билан бир қаторда, марказда ишлайдиган кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти. Янги тиббиёт муассасаси 280 ўринга эга бўлиб, клиникада кунига 250 беморни қабул қилиш ва йилига 2 мингга яқин энг мураккаб ва ноёб операцияларни ўтказиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Миллий тиббий суғурта хизмати ўртасида юртимизда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий қилишда ўзаро ҳамкорлик бўйича шартнома имзолангани ҳам диққатга сазовор. Шу билан бирга, Кореянинг кўплаб ташкилотлари, жумладан, «KOICA», «KOFIH», «EDCF» жамғармалари билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида қиймати 190 миллион АҚШ долларидан зиёд қатор сармоявий ва грант лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йил 19 апрелда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон — Жанубий Корея тараққиёт форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Републикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан тиббиёт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш марказини ташкил этиш ва бошқариш бўйича ўзаро англашув меморандуми ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳам тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, албатта.

— Ўзбекистонда фаолият бошлаганингизга унча кўп бўлмади. Илк таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

— Ўзбекистон — улкан салоҳиятга эга мамлакат. Бу фикрни бугун дунё жамоатчилиги бот-бот эътироф этмоқда, десам муболаға бўлмайди. Чиндан ҳам, мустақил тараққиёт йўлидан дадил қадам ташлаётган юртингиз иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият, спорт, айниқса, тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришмоқда. Бундан етти йил аввал илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрганимда халқингизнинг меҳмондўстлиги, самимияти қалбимдан чуқур жой эгаллаганди. Ўшанда Ватанимга қайтиб кетаётиб, яна юртингизга келишни ният қилгандим. Мана, яна Тошкентдаман. Биласизми, илк ташрифимдан кейин орадан кўп вақт ўтмаган бўлса-да, Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларни кўриб, тўғриси, ҳайратдаман.

Ўзбекистон тиббиёти билан танишиш давомида Корея Республикаси тиббиёт соҳасидаги баъзи ўхшашликларга ҳам гувоҳ бўлдим. Масалан, сизларда ҳар бир вилоятда қишлоқ оилавий поликлиникалари иш олиб боради. Бизда ҳам шундай: барча ҳудудда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган пунктлар бор. Соҳадаги изчил ислоҳотлар эса юқоридаги каби ўхшаш жиҳатларнинг янада кўпайишига замин яратишига ишонаман.

— Соғлиқни сақлашни жадал ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйласиз ва бу борада қандай ишлар олиб бориляпти?

— Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда тиббиёт соҳаси ривожи йўлида қилиниши керак бўлган муҳим вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Халқаро стандартлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида соҳани комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш, тизимни молиялаштириш ва ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини қўллаш, инвестицияларни жалб этишда қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда «электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг татбиқ этиш каби йўналишлар шулар жумласидандир.

Ушбу вазифаларнинг барчаси соҳа ривожида бирдек муҳим. Мисол учун, мажбурий суғурта тизимини жорий этиш масаласини олайлик. Уни шунчаки амалга ошириб бўлмайди. Дастлаб, мажбурий суғуртани қандай қилиб одамлар орасига олиб кириш мумкинлигини ишлаб чиқишимиз керак. Аслида, бу тизим мамлакатингиз учун янгилик эмас. Аввал ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан мажбурий суғуртани йўлга қўйиш бўйича маълум ишлар қилинган. Шу боис ишни бошлашдан олдин ЖССТ мутахассисларининг юртингизда олиб борган тадқиқотлари билан танишдик. Уларнинг тавсиялари, ўтказилган ишлар бўйича натижа ва хулосаларни ўрганиб чиқдик. Ҳозир мажбурий суғурта тизимини жорий этиш қайси кўринишда бўлиши кераклиги устида изланяпмиз.

— Яна бир муҳим йўналиш — “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини жорий этиш борасида нима дейсиз?

— Тиббиёт соҳасида аниқ маълумотга эга бўлиш муҳим саналади. “Электрон соғлиқни сақлаш” тизими ўзаро ахборот алмашишнинг замонавий кўриниши бўлиб, ортиқча қоғозбозликларга чек қўяди. Қолаверса, бемор ҳақидаги маълумотлар керак пайтда зарур мутахассисга йўналтирилиши мумкин. Мисол учун, бемор “А” тиббиёт муассасасида тиббий текширувлардан ўтиб, “Б” шифохонасига муолажа учун боради. Бунда “А” тиббиёт муассасаси ходимлари “Б” шифохонага бемор таҳлил натижалари ва у ҳақдаги бошқа маълумотларни етказади. Натижада бемор сифатли, тўлиқ тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, қайта таҳлил топшириш, бир қанча тиббий маълумотномаларни кўтариб юришга ҳожат бўлмайди. Аммо электрон маълумотлар базасини ташкил этиш учун дастур ишлаб чиқилиши лозим. Ҳозир шу масала устида ишлаяпмиз.

— Изчил саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, сўнгги йилларда юртимиз тиббиёти ривожланиб боряпти. Соғлиқни сақлаш тизими тараққий этган давлат вакили сифатида ушбу ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

— Ўзбекистонга биринчи ташрифим тиббиёт соҳасига алоқадор эмасди. Аммо бу галгиси айни соҳа билан бевосита боғлиқ бўлгани учун юртингиз тиббиёти билан танишишга ҳаракат қилдим. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон тиббиётига оид маълумотлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, шифокорларингизнинг қайси давлатларда малака ошираётгани, шунингдек, хорижда ишлаётган ўзбекистонлик шифокорларнинг ватанга қайтиб, фаолият юрита бошлагани ҳақида ўқиган эдим. Тиббиёт соҳасида кўплаб янгиликлар қилинаётганидан билиш мумкинки, ушбу йўналишга давлат томонидан катта эътибор қаратилган.

Юртингиздаги меҳнат фаолиятим давомида оналар ва болалар саломатлиги ниҳоятда қадрланишини билдим. Соғлом авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилагани мамлакатингиз тўғри ривожланиш йўлида эканини англатади. Аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштиришга ҳам алоҳида аҳамият берилаётганининг гувоҳи бўлдим. Сўнгги икки йилда олтита янги ихтисослаштирилган тиббиёт маркази фаолият бошлабди. Эътиборли томони, ихтисослаштирилган марказларнинг ушбу филиаллари ҳудудларда мавжуд касалликлар кўлами чуқур таҳлил этилган ҳолда, эҳтиёж юқори бўлган жойларда ташкил этилаётгани ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги улкан ғамхўрликдир.

Мамлакатингизда мураккаб ва ноёб операциялар ўтказилаётгани ҳам эътиборга молик. Маҳаллий шифокорлар томонидан буйрак ва жигар трансплантацияси каби энг қийин амалиётларни муваффақиятли ўтказилаётганлиги эътиборга молик воқеадир. Билишимча, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида кейинги йилларда даволашнинг 500 дан ортиқ янги ва самарали усуллари қўлланила бошланган. Шунингдек, тиббиёт муассасаларида “Ақлли тиббиёт” технологияларини қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам диққатга сазовор.

Аҳамиятли жиҳати, давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган ишлар, бошқарув-назорат тизими, хорижда амалга ошириладиган мураккаб операцияларнинг шу ернинг ўзида бажарилаётгани ҳақида соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, амин бўлдимки, Ўзбекистон тиббиёти жадал суръатда ривожланмоқда. Тиббиёт ходимларида билим олиш, тажриба алмашишга иштиёқ шу қадар кучлики, яқин келажакда мамлакатингиз тиббиёти ҳозиргидан-да тараққий этиб, яқин келажакда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими сифати янада яхшиланишига эришилади.

— Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Фурқат САНАЕВ суҳбатлашди.