Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ЖССТ Ўзбекистон тиббиётидаги тизимли ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди Бош сахифа

21 ноября 2018

ЖССТ Ўзбекистон тиббиётидаги тизимли ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлайди

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти(ЖССТ)нинг Европа минтақавий бюроси ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Барқарор ривожланиш мақсадлари даврида Ўзбекистонда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Унда ҳукумат вакиллари, ЖССТ экспертлари ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этишди.

Қайд этиш жоизки, тиббиётни янада ислоҳ қилиш ва сифат даражасини ошириш борасида изчил саъй-ҳаракатлар бир зум бўлса-да, тўхтагани йўқ. Бу борада илғор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Ушбу конференция ҳам мамлакатимизда соғлиқни сақлашни комплекс ислоҳ қилиш ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда кўмаклашувчи узоқ муддатли стратегик дастур – Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини тадбиқ этиш мақсадида ташкил этилди.

Унда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган 7 йиллик ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳияти ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, соғлиқни сақлашнинг бошқариш ва молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, давлат-хусусий шерикчилик ва тиббий туризмни ривожлантириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва тиббиёт фанини ривожлантириш каби устувор йўналишларга эътибор қаратилди. Бундан ташқари, бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш ва фаровонлигини ошириш йўлида барча давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

Конференцияда сўзга чиққат ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб тиббиётни ислоҳ қилишга қаратилган мазкур концепцияга эътибор қаратиб, соҳага кўрсатилаётган улкан эътибор учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистон тиббиётидаги тизимли ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу амалга оширилаётган ислоҳотлар кўплаб давлатларга намуна бўла олишини эътироф этди. Жумладан, иммунизация ёки вакцинация борасидаги ишларга қаратилаётган эьтибор, ҳаттоки, Европанинг ривожланган мамлакатларида ҳам амалга оширилмагани айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ўз чиқишида мамлакатимиз соғлиқни сақлашда барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадларга эришиш ва аҳолини сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш бўйича мажбуриятларини бажаришда содиқ эканига урғу берди. Тиббиёт тизимини ривожлантириш бўйича янги концепциянинг татбиқ этилиши одамлар саломатлигини янада самарали ҳимоялашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Қизғин ва кўтаринки руҳда ўтган халқаро конференцияда Концепция лойиҳасида акс этган соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳаракатларнинг асосий устувор жиҳатлари, шу жумладан, аҳоли соғлиғини сақлашга қаратилган қонунчилик, бирламчи тиббиёт тизимини такомиллаштириш, она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ва борадаги профилактика ишлари, фармацевтика ва бошқа шу каби йўналишлар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Конференция доирасида Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати