Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

“СОҒЛОМ АЁЛ ОЙЛИГИ”ГА 110 МИНГ НАФАРДАН ЗИЁД ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ЖАЛБ ЭТИЛАДИ Бош сахифа

21 сентября 2018

“СОҒЛОМ АЁЛ ОЙЛИГИ”ГА 110 МИНГ НАФАРДАН ЗИЁД ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ ЖАЛБ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда 20 сентябрдан 20 октябргача “Соғлом аёл ойлиги” ўтказилмоқда. Ушбу ойликдан мақсад тиббиётимизнинг муҳим ютуқларидан ҳар бир инсонни баҳраманд этиш, ўсмир қизлар ва фертил ёшдаги аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришдир.

– Ушбу ойликни самарали, аниқ ва тизимли ўтказиш чоралари кўрилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова. – Бунинг учун ҳар бир умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширага ўз ҳудудидаги туғруқ ёшидаги аёлларни қайта хатловдан ўтказиш, уларни аниқ режа асосида тиббий кўрикка чақириш тавсия этилди. Вақти белгиланган чақириқ варақалари патронаж ҳамшира ва “Саломатлик мактаби” аъзоси томонидан ҳар бир аёлга шахсан тақдим этилади ва кўрикдан бир кун олдин, аёлга яна бир бор эслатилади. Тиббий кўрикка аёллар тартиб билан, режа асосида “Саломатлик мактаби” фаоллари ёрдамида олиб чиқилади.

Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва шаҳар оилавий поликлиникалари, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий кўрикда зарур бўладиган барча асбоб-анжомлар тайёрлаб қўйилди. Тиббий кўрикни юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят шифохоналари, республика илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртларидан 110 минг нафардан кўпроқ олимлар, малакали шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалар жалб этилади. Ойлик доирасида саккиз миллион нафар фертиль ёшдаги аёллар ва ўсмир қизлар қамраб олиниши режалаштирилган. Мактаб, коллеж ва лицейларда ҳам тиббий кўрик ва соғломлаштириш акциялари ташкил этилади. Аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, бехатар оналик, ўсмир қизлар ўртасида учрайдиган тиббий муаммоларнинг олдини олиш борасида мулоқот ва суҳбатлар уюштирилади.

Тиббий кўриклар жараёнида аниқланган касалликлар амбулатор ва стационар шароитда даволанади. Ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтожларни республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларида соғломлаштириш режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати