Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ФОТОРЕПОРТАЖ: ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ ТИЗИМИДА ЎТГАН ЙИЛ ДАВОМИДА 50 МИНГДАН ЗИЁД ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР ЎТКАЗИЛДИ Бош сахифа

13 сентября 2018

ФОТОРЕПОРТАЖ: ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ ТИЗИМИДА ЎТГАН ЙИЛ ДАВОМИДА 50 МИНГДАН ЗИЁД ЮҚОРИ ТЕХНОЛОГИЯЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР ЎТКАЗИЛДИ

2017 йил давомида саккиз ярим миллиондан кўпроқ фуқарога тез тиббий ёрдам тизими орқали хизмат кўрсатилди. Уч миллионга яқин бемор стационар ва амбулатор шароитда даволанди. Шу даврда шошилинч тиббий ёрдам тизимида 50 мингдан зиёд беморга юқори технологияли операциялар муваффақиятли ўтказилди.

Ушбу кўрсаткич пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизими:муаммолар, ютуқлар ва истиқболлар” мавзуида шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг IV съездида алоҳида эътироф этилди. Мазкур тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг олим ва шифокорлари қатори Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Исроил каби дунёнинг 15 давлатидан қарийб етмиш нафар малакали мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.

Унда қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг тезкорлиги, сифат ва самарадорлигини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, илм-фан янгиликларини амалиётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қувонарли жиҳати, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ўтган йили эллик мингдан кўпроқ юқори технологияли операциялар ўтказилган. Жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилгани тиббиётимизнинг муҳим ютуғи бўлди.

Тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техника базаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Жумладан, ўтган йилда тез тиббий ёрдам хизмати учун 1269 та ихтисослаштирилган автотранспорт харид қилинди ва ҳудудларнинг ушбу техникага бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди, дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш 3 баробарга кўпайди. Яъни, бугунги кунда ҳар бир чақириқ учун минимал харажатлар 5000 сўм миқдорида белгиланди. Яна бир эътиборли жиҳати, жойлардаги тез тиббий ёрдам бригадалари ва шошилинч тиббий ёрдам муассасаларининг автопаркини такомиллаштириш мақсадида 2019 йили яна 200 га яқин махсус транспортлар харид қилиш кўзда тутилган.

Шошилинч тиббий ёрдам тизими шифокорларининг икки кунлик съездида тиббиётимизнинг муҳим ютуқлари ва илғор тажрибалар оммалаштирилиши баробарида, дунё тиббиётида эришилаётган муҳим илмий-амалий кашфиётлар, янги технологиялар ҳамда улардан инсон саломатлиги йўлида самарали фойдаланишга оид қизиқарли маърузалар тингланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.