Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ССВ Бош трансплантологи: Аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлиги ошади Бош сахифа

30 июля 2018

ССВ Бош трансплантологи: Аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлиги ошади

Нефрологик касалликлар сўнгги вақтларда “ёшариб” бораётган ва аҳоли орасида кўп кузатилаётган хасталиклардир. Улар, асосан, меҳнатга лаёқатли кишиларда учрайди. Белгилари тезда намоён бўлмаслиги мумкин, бироқ терминал буйрак етишмовчилигига сабаб бўлиши билан хавфлидир.

Қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози нефрологик касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Терминал ва ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлган беморларни даволашда фақатгина икки усул самаралидир: биринчиси, программали гемодиализ, иккинчиси, буйрак трансплантацияси.

Мамлакатимизда ҳозирги кунда 2 минг 600 га яқин буйрак етишмовчилигининг терминал босқичидаги беморлар бор. Афсуски, уларни даволашда замонавий усуллардан тўла фойдалана олмаяпмиз. Республика ва барча вилоят тиббиёт муассасаларида нефрологик касалликларга чалинган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилган бўлишига қарамай, уларнинг турмуш сифатини яхшилашни таъминлайдиган шарт-шароитлар замон талабларига мос эмас. Жумладан, юртимиз тиббиёт масканларида гемодиализ олиш учун ўринларнинг умумий сони реал эҳтиёждан бир неча баравар кам, гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлашган, зарур мосламалар ва машиналарнинг белгиланган фойдаланиш муддати ўтиб кетган.

ССВ Бош трансплантологи: Аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлиги ошади

Беморларга ўз вақтида ташхис қўйишнинг самарали тизими яратилмагани касалликни барвақт аниқлаш ва унинг олдини олишда турли камчиликларни юзага келтирмоқда.

Президентимизнинг шу йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, тармоқда замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган.

Қарор ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, олий тиббиёт таълим муассасалари клиникалари, кўп тармоқли шифохоналарнинг етакчи мутахассислари иштирокида тизимли равишда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилади.

Беморларга ташхис қўйиш ва уларни гемодиализга юбориш жараёнининг халқаро амалиётга мувофиқ қайта кўриб чиқилиши, юртимизда сурункали буйрак етишмовчилигига дучор бўлганлар ҳисобини юритиш ва уларнинг мониторингини олиб боришнинг ягона электрон регистри жорий этилиши нефрологик касалликларни даволаш ва реабилитация қилиш бўйича ишларни янги босқичга кўтаради.

Аҳолига ихтисослаштирилган нефрологик ва гемодиализ тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг тасдиқлангани бу борада кўзда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказининг ташкил этилиши, айниқса, мамлакатимиз ҳаёти ва тиббиётида катта воқеликдир. Мазкур даргоҳ нафақат жойлардаги муассасаларни услубий жиҳатдан зарур материаллар билан таъминлайди, балки соҳада илм-фанни ривожлантиришга, даволашнинг юқори технологик усуллари ва замонавий стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга ҳисса қўшади.

Марказдаги гемодиализ аппаратларининг умумий сони 40 тага (шулардан 10 таси болалар гемодиализи бўлими учун) ва беморларнинг стационар равишда даволаниши учун ўринлар сони 170 тага оширилиши мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан даволанишга муҳтож бўлиб келаётган юртдошларимизга юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам беришга асос яратади. 20 ўринга мўлжалланган буйрак трансплантацияси бўлимининг очилиши ҳафта давомида 4-5 нафар беморга буйракни кўчириб ўтказиш амалиётини бажаришга, бу эса йиллар давомида гемодиализ муолажасини олаётганлар сонини қисқартириш ва унга муҳтожларнинг тезроқ бу муолажага бўлган эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради.

Бугунги кунда шифохонамизда кенг кўламли реконструкция ва қурилиш ишларини олиб боришга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Атроф ободонлаштириляпти.

Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази негизида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти “Нефрология, гемодиализ ва буйрак трансплантацияси” кафедраси ташкил этилади, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, магистратура ва клиник ординатуранинг “нефрология” ва “болалар нефрологияси” мутахассисликлари бўйича янги йўналишлари очилади. Бу соҳанинг оғриқли муаммоси — кадрлар масаласини самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Марказда яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, билимини бойитган, малакасини оширган шифокорлар замонавий дунё стандартлари ва протоколларига мос муолажалар ҳамда операцияларни ўтказа олишига ишонамиз.

Президентимиз карорининг яна бир муҳим жиҳати, “Ўзбекистон диализ жамияти” нодавлат нотижорат ташкилотининг тузилишидир. Гемодиализ муолажасини олишга мажбур бўлиб қолган беморларнинг бирданига саросимага тушишини ҳаммамиз тушунамиз. Ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири бундай беморларни руҳий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, гемодиализ хизмати фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш, даволашнинг замонавий услубларини амалиётга киритишдан иборатдир.

Халқаро ҳамкорликнинг кучайтирилиши чет эл етакчи клиникаларининг юқори малакали мутахассислари томонидан юртимизда ўқувларни ташкил этиш, ёш кадрларимизнинг эса бу клиникаларда тажрибасини ошириб қайтишига имкон яратади.

Улуғбек ЮЛДАШЕВ,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бош трансплантологи, Тошкент шаҳар нефрология

шифохонаси буйрак трансплантация

бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди.

Манба: www.xs.uz