Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Онкологик касалликларнинг олдини олиш мумкинми? Бош сахифа

02 июля 2018

Онкологик касалликларнинг олдини олиш мумкинми?

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда онкология ҳизматининг ҳолати: онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, ташхислаш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, замонавий диагностика ва даволаш аппаратлари билан таъминлаш ҳолати ва истиқболлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов очиб, онкология хизматининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самаралари хусусида сўзлади.

Тадбирда қайд этилганидек, онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Онкологик касалликлар ичида сут бези саратони етакчи ўрин эгаллайди, кейинги ўринларни меъда, бачадон бўйни ва ўпка саратони қайд этилади. Афсуски, 50 фоиздан ортиқ холатларда ушбу касаллик кечки, яъни учинчи ва тўртинчи босқичларда, яъни, тўлақонли даволаш мушкул бўлган ҳолатларда аниқланмоқда. Шу боис, бу тиббий-ижтимоий муаммога қарши қурашиш нафақат соғлиқни сақлаш соҳаси, балки, бутун жамият зиммасига катта масъулият юклаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелда қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада ўз ечимини кутаётган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятлардаги 15 та онкология диспансерлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининт филиалларига айлантирилди. Онкология муассасалари реконструкция ва модернизация қилинди, онкологик касалликлар диагностикаси ва даволашнинг замонавий стандартлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ҳозирги кунда онкология хизматининг вертикал тизими яратилган бўлиб, ҚВП ва оилавий поликлиникаларда УАШлар томонидан онкологик касалликларга гумон бўлган беморлар вилоятлардаги филиалларга йўлланма асосида юборилади. Филиалларда беморлар текширилиб, онкологик касаллик тасдиқланса, уларга юқори малакали ихтисослашган ёрдам кўрсатилади. Зарур бўлган вазиятларда эса, улар ордер асосида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига юборилади. Республикамизнинг барча онкология муассасаларида диагностика ва ва даволаш ишлари давлат маблағлари ҳисобидан, бепул амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган онкология хизмати сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ўтган йили пойтахтимизда фаолият юритаётган етакчи мутахассислар Марказнинг вилоят филиалларига раҳбар лавозимларга юборилди. Бунинг натижасида ҳудудларда ҳам юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Бу имконият туфайли ҳудудлардан пойтахтга текшириш ва даволаниш учун мурожат қилаётган беморлар сони камайиб боряпти.

Бу ишларни янада кучайтириш, ҳудудларга консультатив ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг етакчи мутахассисларидан иборат 10 та гуруҳ шакллантирилди. Улар томонидан хозирги кунгача жаъми 593 та туман ва шаҳарга чиқишлар амалга оширилди. 913 та тиббий машғулот ва маърузалар ўқилди. Ҳудудлардан жаъми 19222 та мутахассис ушбу маъруза ва маҳорат дарсларида иштирок этишди. Жаъми 13319 та беморлар кўрикдан ўтказилди. Ҳудудларда жаъми 389 та жаррохлик амалиёти бажарилди ва уларнинг 153 таси юқори технологик амалиётлардир.

Онкология соҳасида аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан яна бир – дори-дармон таъминоти билан боғлиқ эди. Давлатимиз томонидан бу муаммони бартараф этиш юзасидан бажарилган узлуксиз чора-тадбирлар туфайли бугунги кунга келиб онкология муассасаларини дори билан таъминлаш 3 баробарга ошди. Жорий йил охирига бориб деярли тўлиқ таъминиши кўзда тутилган.

Аҳолига кўрсатилаётган юқори технологик тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш соҳа олдида турган муҳим вазифадир. Шу мақсадда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази қатор хорижий клиникалар ва институтлар билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Ҳозирги кунгача 100 га яқин мутахассислар АҚШ, Польша, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Беларус ва бошқа нуфузли чет эл муассасаларида қисқа ва узоқ муддатларда ўз малакаларини ошириб келишди.

Ўсма касалликларини ташхислашни халқаро андозалар даражасига кўтариш мақсадида пойтахтимизда, Самарқанд, Фарғона вилоятларидаги онкология муассасаларида ҳудудлараро иммуногистохимик лабораториялар ташкил қилинмоқда. Шунингдек, тиббиёт муассасалари замонавий нур терапия, гамма терапия, брахитерапия, МРТ+гипертермия, ПЭТ томография, “da Vinci” робот ускунаси, Кибер тиғ, ангиографик комплекс каби энг замонавий ташхислаш ва даволаш ускуналари билан жихозланади.

Марказнинг барча вилоят филиалларида кечки босқичлардаги беморларга ёрдам кўрсатиш учун жами 200 ўринли паллиатив ёрдам бўлимлари ташкил қилинмоқда. Хозирги кунгача 4 та вилоятда шундай бўлимлар очилди ва йил охиригача барча вилоят филиалларида паллиатив бўлимлар ташкил қилинади. Кечки босқичлардаги, махсус давога эҳтиёж бўлмаган оғир беморларга ёрдам кўрсатувчи ҳудудлараро Хоспислар Тошкент шаҳри, Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритиши йўлга қўйилмоқда.

Бажарилаётган бундай чора-тадбирлар инсон соғлиғини асраш учун жуда муҳим, албатта. Бироқ, касалликни даволашдан кўра олдини олган афзал, деган тушунча, онкология соҳаси учун янада қимматлидир. Шу боис, аҳоли орасида касалликнинг олдини олиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бугунги замонавий тадқиқотлар шуни исботладики, ҳар бир инсон кундалик ҳаётида амал қилиши мумкин бўлган оддий усуллар ёрдамида онкологик касалликларнинг олдини олиш мумкин экан. Яъни, рационал овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш, чекиш, ичиш каби зарарли одатлардан тийилиш, соғлом турмуш юритиш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш инсонни бундай оғир касалликларга чалинишдан асрайди.

Аҳоли орасида бундай тушунчаларни кенг тарғиб қилиш, халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдамини ривожлантириш мақсадида саратон профилактикаси маркази ташкил қилинди, кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони скрининг тадқиқотлари бошлаб юборилди, жойларда шифокорлар онкологик эҳтиёткорлигини ва аҳоли ўртасида онкологик жиҳатдан хабардорликни ошириш мақсадида махсус гуруҳлар тузилиб, улар томонидан регуляр чиқишлар амалга оширилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида мақолалар, видеороликлар намойиш этилаётир.

Сут бези саратони скрининги ўтказиш учун 13 та мобил ва 16 та стационар маммографик ускуналар харид қилинмоқда. Бундан ташқари, қизилўнгач, меъда ва колоректал саратон бўйича эса Фарғона вилоятида тажриба тариқасида скрининг тадқиқотлари режалаштирилган.

Матбуот анжуманида онкология хизматининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистларнинг саволларига мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.