Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Термизда янги шифохона иш бошлади Бош сахифа

26 июня 2018

Термизда янги шифохона иш бошлади

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиали иш бошлади.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт ходимлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори З.Сиддиқов ва бошқалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Президентимиз 2017 йил 11-12 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, мавжуд тиббиёт муассасаларини жаҳон андозаларига мос жиҳозлаш, реконструкция қилиш ва янгиларини барпо этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида вилоятда кўз касалликлари билан боғлиқ масалалар ҳам ўрганилиб, Термиз шаҳрида Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази филиалини ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. Вилоят перинатал марказининг собиқ биноси тубдан реконструкция қилиниб, 75 ўринли даволаш биноси ва 150 қатновга мўлжалланган поликлиника бунёд этилди. Бу ерда беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш учун барча шароит яратилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига 7 миллиард 500 миллион сўм, замонавий жиҳозлашга 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Таҳлилларга кўра, Сурхондарё вилоятидан йилига ўртача 3 мингдан ортиқ киши офтальмологик касалликлар билан Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказига мурожаат этади. Термизда бунёд этилган замонавий янги шифо маскани беморларнинг пойтахтга қатнашига чек қўйиб, шу ернинг ўзида ишончли тиббий кўрикдан ўтиши ва самарали даволанишига хизмат қилади.

– Бу ерда барча турдаги офтальмологик мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш учун етарли шароит мавжуд, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиали бош шифокори Д.Абдиназаров. – Шифокорларимизнинг хорижда малака ошириши, катаракта жарроҳлигининг замонавий йўналишларини чуқур ўзлаштириши ва энг сўнгги русумдаги тиббиёт ускуналаридан тўғри фойдаланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шифохонада йўлга қўйилган телемедицина мамлакатимиз ва хориждаги клиникалар билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган мобиль офтальмологик мажмуа вилоятнинг чекка ҳудудларидаги аҳолини малакали тиббий диагностика билан қамраб олиш кўламини янада оширишга хизмат қилади.

Тиббиёт муассасасида беморлар учун зарур қулайликлар яратишга вилоят ҳокимлиги ҳам алоҳида аҳамият берди. Ҳудуднинг иссиқ иқлими эътиборга олиниб, хоналар қуёш нуридан ҳимояловчи пардалар, совутгич билан таъминланди, деразаларга декоратив ҳимоя металл тўсиқлар ўрнатилди. Ҳар бир даволаниш хонасида беморлар учун алоҳида ювиниш хонаси ва бошқа қўшимча хоналар барпо этилди. Бунинг учун 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бундай қулайликдан мижозлар ҳам жуда мамнун.

– Ёшим 78 да, – дейди Узун тумани Файзиобод маҳалласидан келган Ш.Абдусоатова. – Кўзим яхши кўрмай қолган эди. Катаракта бўлган экан. Яқинда вилоят офтальмология шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказилгач, яхши кўряпман. Бугун тиббий кўрикдан ўтишга келиб, янги бинода яратилган қулайликлардан бошим осмонга етди.

Жорий йилда шифохона қарийб 500 минг долларлик замонавий ускуналар билан қайта жиҳозланади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА