Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ОҚ ТУТУННИНГ ҚОРА КЎЛАНКАСИ Бош сахифа

31 мая 2018

ОҚ ТУТУННИНГ ҚОРА КЎЛАНКАСИ

31 май – Бутунжаҳон тамакига қарши курашиш куни


“Чекиш инсонни ўлдиради”, “Чекиш ўпка ракига олиб келади” ... Бу каби қайдларни бугун деярли ҳар бир сигарета қутисида кўриш мумкин. Аммо кашандалар бу ибораларни кунига камида 20 маротаба ўқишса-да, унинг моҳиятига эътибор бермай, бепарволик билан сигаретани лабига қистириб, ўз ҳаётини заҳарлашда давом этаверади… Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 31 май – Бутунжаҳон тамакига қарши курашиш куни муносабати билан ўтказилаётган қатор тадбирларда ана шу хусусда яна бир бор гапирилди.

Ҳақиқатан ҳам тамаки истеъмол қилиш юрак ишемик касаллиги, инсульт ва периферик томирлар касалликлари ривожланишининг хавфли омилларини келтириб чиқаради. Дунё бўйича юрак-томир тизими касалликлари туфайли вафот этаётган одамлар сони йилдан-йилга ошмоқда. Ҳар йили глобал тамаки эпидемияси деярли 7 миллион инсон умрига зомин бўлмоқда. Улардан 900 мингдан ортиғи чекмайдиган, лекин тамаки тутуни таъсири остида заҳарланганлардир.

31 май – Бутунжаҳон тамакига қарши курашиш куни

Шу мақсадда бугун юртимизда кашандаликка қарши курашиш, унинг олдини олишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 2030 йилгача барқарор ривожланиш миллий мақсадларини тасдиқлаш бўйича мамлакатимизда қабул қилиниши мўлжалланаётган қарор лойиҳасига тўртта муҳим мақсад киритилганлиги сўзимиз исботидир. Ушбу ҳужжат лойиҳаси кучга киргач юқумли бўлмаган касалликлардан барвақт ўлим даражасини учдан бир қисмга камайтириш, юртимизда тамаки истеъмол қилиниш кўрсаткичини 10 фоизга қисқартириш, жамоат жойларида мутлақ тамакисиз муҳитни таъминлаш ва ЖССТнинг Тамакига қарши Ҳадли конвенцияси доирасида самарали фаолиятни олиб боришга эришишилади.

Тамакининг аҳоли саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига етказадиган зарарини ҳисобга олиб, 2011 йилда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Шунингдек, мамлакатимиз ЖССТнинг тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенциясига қўшилганлиги ҳам бу йўналишдаги ишларни амалга оширишда муҳим бурилиш ясаб берди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида бугун аҳоли орасида тамаки истеъмолини камайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, тамаки маҳсулотларига солиқлар ставкаси оширилиб, унинг тутунидан ҳоли муҳит яратиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, назорат қилиш усуллари кучайтирилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ, бу чораларнинг ўзи етарли эмас. Ушбу йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, кашандаликка қарши курашишни олдини олиш мақсадида ЖССТнинг Европадаги бюроси томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Мазкур йўл харитасининг асосий мақсади сифатида тамаки билан боғлиқ касалланишларнинг олдини олиш ва бунинг учун тамакидан ҳоли ҳудудни ташкил этиш вазифаси белгиланди.

“Йўл харитаси” доирасида кашандаликка қарши курашиш бўйича халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда тамаки саноати фаолиятини мониторинги, унинг тутунидан бутунлай ҳоли жамоат хоналари, иш жойлари ва жамоат транспортини яратиш ва бу билан одамларни тамаки тутуни таъсиридан ҳимоялаш, барча тамаки ўрамларига унинг саломатликка зарари хусусидаги маълумотларни жойлаштириш ва унинг зарарли хусусиятлари ҳақида ОАВ орқали тарғибот-ташвиқотлари олиб бориш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

“Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхшироқ”, дейди доно халқимиз. Шундай экан, ҳар бир киши соғлом турмуш тарзига риоя этса, у соғлом миллатни вояга етказади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.