Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

"ҲАМ БЕМОР, ҲАМ ДОНОР ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ОСОН ЭМАС..." Бош сахифа

29 мая 2018

"ҲАМ БЕМОР, ҲАМ ДОНОР ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ОСОН ЭМАС..."

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли амалга оширилди. Маълумки, жорий йил 6 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Туркия шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, бугунги кунда мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларини замонавий стандартлар асосида фаолият юритишини янада такомиллаштириш, аҳолига ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш, юксак профессионал салоҳиятга эга малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айтиш керакки, юртимизда ушбу соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратилаётгани унинг нақадар муҳим роль ўйнашини кўрсатиб турибди. Қолаверса, бу борада Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилинди. Жумладан, 2017 йил 16 мартдаги "Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2018 йил 25 январдаги "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорларининг ижроси натижасида тез тиббий ёрдам шифохоналари фаолияти янада яхшиланмоқда. Яъни тез тиббий ёрдам хизматини соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғини муассасалари билан самарали интеграциясини таъминлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жаҳон тиббиёти ва илм-фан ютуқларини чуқур ўзлаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этиш каби самарали фаолиятлар йўлга қўйилди.

"ҲАМ БЕМОР, ҲАМ ДОНОР ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛИШ ОСОН ЭМАС..."

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 6-8 апрель кунлари имзоланган меморандумга кўра, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Туркия ва Европа давлатларида трансплантология йўналишига асос солган профессор Меҳмет Хаберал иштирокида буйрак трансплантацияси муваффақиятли бажарилган эди. У буйрак кўчириб ўтказиш бўйича 1 минг 832 та, жигар кўчириб ўтказиш бўйича эса 344 та операцияга бевосита раҳбарлик қилган. Жорий йилнинг 18-19 май кунлари ҳам 6 нафар беморда ана шундай юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

– Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришларни доим кузатаман, – дейди туркиялик профессор Меҳмет Хаберал. – Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан бугун мамлакатингиз ҳар жабҳада тез ривожланиб бормоқда. Хусусан, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этмоқчиман. Яъни соғлиқни сақлаш соҳасида самарали фаолиятлар олиб борилиб, қатор давлат дастурларнинг амалга оширилиши натижасида вилоятларингизда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, жумладан, ихтисослаштирилган ҳамда шошилинч тиббий ёрдам хизмати фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилаётгани диққатга сазовор, албатта. Таъкидлаш керакки, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида буйрак тарнсплантациясини бажаришга катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, барча шарт-шароитлар яратилган. Мутахассислар малакаси ёки техник имкониятларни айтмайсизми, буларнинг барчаси юқори савияда ташкил этилган. Бу эса мазкур ўтказган жарроҳлик амалиётларимизга ўзининг таъсирини кўрсатиши табиий. Мана, гувоҳи бўлганингиздек, яна бир инсонга соғлом буйрак кўчириб ўтказилди. Шукрки, бу жараён муваффақиятли бажарилди. Яна бир жиҳат, ушбу муассаса шифокорларида органлар трансплантацияси бўйича етарли билим ва маҳорат мавжуд. Ўзимнинг касбий қасамёдимга содиқ қолган ҳолда, яна бир беморга соғлом ҳаёт бахш этиш учун доим тайёрлигимни айтмоқчиман.

Юқорида таъкидлаганимиздек, жорий йил 6-8 апрель кунлари Марказда носоғлом буйракдан азият чеккан янги-йўллик Умиджон Абдумажидовга отаси Илғор Абдуқаюмовнинг буйраги кўчириб ўтказилган эди. Муассасада навбатдаги текширувдан ўтиш учун келган ушбу беморларнинг соғлиғи билан қизиқдик.

– Ўзимни анча енгил ҳис қиляпман, – дейди Умиджон. – Олдимга қўйган мақсадларим сари интилишим учун яна бир йўл очилди. Энди мен ҳам бошқа тенгдошларим қатори соғломман. Бунинг учун ёрдам берган барча шифокорларга миннатдорлигимни билдираман. Улардаги маҳорат, касбига бўлган садоқатни кўриб, менда ҳам ушбу касбни эгаллашга бўлган қизиқиш янада ортди. Улар каби инсонларни дарддан фориғ қилиш ниятидаман.

Фан ютуқлари

Жаҳонгир СОДИҚОВ,

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази врач-нефрологи:

– Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлари асосида тиббиётимиз янги босқичга кўратилди, десам муболаға бўлмайди. Жумладан, марказимиз, унинг вилоятлардаги филиаллари, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошидаги бўлимлари, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги тез тиббий ёрдам хизмати станциялари янада яхшиланмоқда. Яъни ушбу фаолиятларда замонавий илмий-техник ютуқлар ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, замонавий механизмларни татбиқ қилиш, кадрлар тайёрлаш борасида илғор усуллар жорий этилиб, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Масалан, Юртбошимизнинг ташаббуси асосида мамлакатимизда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга оширилаётганини эътироф этиш керак. Сабаби, бу каби жарроҳлик амалиётлари фақатгина ривожланган давлатлардагина бажарилади. Фаолиятим давомида беморларни нафақат трансплантацияга тайёрлайман, балки операциядан сўнг уларнинг саломатлиги билан мунтазам хабардор бўлиб туриш ҳам асосий вазифамдир. Бемор операцияга тахминан 2 ҳафтадан 1 ойгача бўлган вақт мобайнида тайёрланади. Ўз навбатида жарроҳлик амалиётидан сўнг 2 ҳафта давомида муассасамизда назоратда бўлади. Уйга жавоб берилгач ҳам амбулатор шароитда текширувдан ўтади, яъни ойида бир марта чуқурлаштирилган тиббий текширувлар амалга оширилади. Шу билан бирга, ўз ҳудудидаги поликлиника шифокорлари томонидан назоратга олинади. Масалан, Умиджон Абдумажидовга отасининг буйраги кўчириб ўтказилганига 40 кундан ошган бўлса, ҳозирда ҳар ҳафта аҳволидан хабар олинмоқда. Бугунги кунда туркиялик ҳамкорларимиз билан бирга 6 та ана шундай жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Улардан бири муассасамизда биринчи марта эридан турмуш ўртоғига буйрак кўчириб ўтказилди. Шунингдек, яна бир шу каби жарроҳлик амалиёти пойтахтимизда истиқомат қилувчи Анвар Алиевда амалга оширилди. Унга отаси Камол Алиев ўз буйрагини бериб, зурриёдини дарддан халос этди. Айтиш жоизки, мазкур жараёнлар бепул бажарилди. Бу эса мамлакатимизда халқ манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг амалий ифодасидир.

Онанинг қувончлари

– Ўғлим Умиджон 8 ой давомида диализ олиб келган эди, – дейди Умиджоннинг онаси Нилуфар Абдуқаюмова. – Гемодиализга тушиб қолгач, шошилинч равишда ушбу муассасага келтирилди. Сўнг, шифокорлар текшириб, операцияга тайёрлашди. Шукрки, мутахассислар томонидан буйрак кўчириб ўтказиш трасплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Ўғлимга турмуш ўртоғим ўз буйрагини бериб, соғлом ҳаёт бахш этди. Ҳозирги кунда Умиджон ва отасининг аҳволи яхши. Аввало, ана шундай имконият яратиб берганлари учун Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевга ҳамда барча шифокорлару ҳамшираларга ўз ташаккуримни айтишдан асло чарчамайман. Кўз олдингизга келтириб кўринга, ҳам бемор, ҳам донор ҳаётини сақлаб қолиш осон эмас. Уларнинг маҳоратига тан берамиз. Шу билан бирга, поликликлиниканинг умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираси доим хабардор бўлиб туришибди. Ҳозирда икковларининг тўғри овқатланишига алоҳида эътибор қаратяпман, парҳезга амал қилишяпти. Умиджоннинг ҳаётга бўлган иштиёқи ҳар қачонгидан кўра ортди. Бундан менинг ҳам қувончим чексиз. Сабаби, она учун фарзандини соғлом, доим кулиб юришини кўришдан ортиқ бахт йўқ, менимча.

Хулоса ўрнида

Отанинг ўғлига, онанинг қизига, ака-ука, опа-сингилнинг эса ўз жигарбандига соғлом тана аъзоси, буйрак, жигарини бераётгани қувонарли ҳол, албатта. Бу билан улар яқинларининг соғлом ҳаёт кечиришларини таъминлаб, хурсанд-чиликларига шерик бўлишмоқда. 5-6 соат мобайнида давом этган операция жараёнини кузатар эканмиз, ҳам бемор, ҳам донорнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокордан икки карра кўп масъулият ва маҳорат талаб этилишининг яна бир бор гувоҳи бўлдик. Жарроҳлик амалиётидан сўнг оиласи бағрида соғлом юрганлигини кўриб соҳа ходимларининг малакасига тан берасан, киши. Ўз навбатида бундай эзгу фаолиятлар мамлакатимиз тиббиёти ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаётгани, осмони мусаффо бу юртда инсон қадри азизлигидан даракдир.

Жонибек МАЪРУПОВ,

Акром АБДУЛЛАЕВ олган суратлар.

“O’zbekistonda sog’liqni saqlash

Здравоохранение Узбекистана”

газетасининг 2018 йил 25 май сонидан олинди.