Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

МАҚСАДЛИ ҲАМКОРЛИК: ФАОЛИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР Бош сахифа

29 мая 2018

МАҚСАДЛИ ҲАМКОРЛИК: ФАОЛИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР

Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий профилактика назоратини кучайтириш. Табиийки, ушбу жараёнлар илм-фан равнақи ва тиббиёт тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ масала. Шу боис, айни пайтда мамлакатимизда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган фаолиятларга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мақсад аниқ, касалликларнинг олдини олиш, халқимиз саломатлигини асраш ва уларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатишдир.

Шу маънода бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар доирасида соҳага татбиқ этилаётган янгиликлар, инновацион ғоялар, юқори технологияли амалиётлардан хабардор бўлиб бориш, бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ишлари йўлга қўйилмоқда. Натижада халқаро доирада ўзаро фикр алмашилмоқда, мутахассислар малакаси мустаҳкамланиб, касалликларнинг олдини олишда салмоқли самарадорликка эришилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 22 май куни Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида Ўзбекистонда END-TB – "силни тўхтатиш" стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда илм-фан ва инновацион технологиялар билан ҳамкорлик интеграцияси мавзусида ташкил этилган халқаро конференция фикримизнинг ёрқин ифодасидир.

МАҚСАДЛИ ҲАМКОРЛИК: ФАОЛИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ХАЛҚАРО ТАЖРИБАЛАР

АҚШ, ЖАР, Латвия, Россия, Швейцария, Қозоғистон сингари жаҳоннинг 10 га яқин давлатидан 15 нафардан ортиқ чет эллик мутахассислар иштирок этган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактикаси ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармасининг бошлиғи Фаррух Шарипов кириш сўзи билан очиб, вазирлик ҳамда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган фаолиятларда Президентимиз Таъкидлаганидек, аҳоли ўртасида тиббий профилактикани кучайтириш, касалликларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлигига тўхталиб ўтди. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти мисолида қўлга киритилаётган натижалар, хусусан, силга қарши кураш хизмати сифатини яхшилаш, касалликни даволаш ишларида қўлланилаётган янги амалиётлар ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчиларига халқаро мутахассислар ва конференциянинг кун тартибидан ўрин олган масалалар таништирилди. Таъкидлаш жоизки, 22 май куни марказ ҳамда Тошкент тиббиёт академиясида, 23-24 май кунлари Қашқадарё вилоятида ўтказилган маҳорат дарсларида силни тезкор аниқлаш ва самарали даволашда лаборатор диагностиканинг инновацион амалиётлари, тиббиёт муассасаларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган инфекцион назорат, дори воситаларидан рационал фойдаланишга мўлжалланган Quan-TB тизими ёрдамида прогноз қилиш, беморга йўналтирилган ёндашишни юритишда ўрта тиббиёт ходимининг роли ҳамда силга қарши курашишда фуқаролик жамоатчилигини жалб қилиш каби долзарб мавзулар қамраб олинди.

Севим АХМЕДОВ,

USAIDнинг сил касаллиги бўйича техник масалалар катта маслаҳатчиси, тиббиёт фанлари доктори, АҚШ:

– Аввало, мамлакатингизга ташрифимдан мамнунман. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази мутасаддиларига миннатдорлик билдираман. Сабаби, ушбу конференцияда етакчи мутахассислар иштирокида силга қарши курашнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Аслида бу ерга йиғилганларни бир жойга тўплаш жуда қийин масала. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан уларнинг уйғунлашган фикрлари эса силга қарши кураш чораларида муҳим хулоса, қарорлар чиқаришга асос бўлади. Шунинг учун ҳам USAID бу каби ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Фикрлашилган мавзуларнинг қай даражада аҳамиятга эга эканлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Масалан, мен силга қарши курашда техник ёрдам кўрсатишни АҚШ тажрибаси мисолида ёритиб бердим ва бу борадаги ўз тажрибаларим билан ўртоқлашдим. Фаолиятим давомида беморларни бошқариш, сил ва ОИВ соҳасидаги дастурларда иштирок этиб келаяпман. Айни пайтда шу мақсаддаги йўналишларда олиб борилаётган ишларнинг Африка ва Марказий Осиё давлатларидаги мессияларининг қўллаб-қувватларишини таъминлашга ҳаракат қилаяпман. Кузатишларим орқали мамлакатингизда сил касаллигини аниқлаш, даволаш ҳамда у билан боғлиқ муаммоларни кескин камайтириш бўйича эришилаётган натижалар билан яқиндан танишман ва бу тажрибани янада кенгроқ кўламда давом эттириш керак, деб ҳисоблайман. Зеро, қарашларимиз турли бўлишидан қатъи назар мақсадларимиз бир – бутун инсониятни сил касаллиги асоратларидан халос этиш ва жамият фаровонлигини оширишдир.

Наргиза ПАРПИЕВА,

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия вапульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор:

– Тадбирдан кўзланган мақсад, аввало, сил касаллигини аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва уни самарали даволашда инновацион технологиялардан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришдан иборатдир. Хорижнинг етакчи мутахассислари иштирокида ўтказилаётган маҳорат дарсларида бирламчи тизим фаолиятида фтизиатрия хизматини кучайтириш, замонавий аппаратлар билан ишлаш тажрибаси ва янги амалиётлар муҳокама қилинди. Айтиш керакки, бугунги кунда соҳа ривожида касалликларни энг замонавий микробиологик усуллар ёрдамида энг қисқа фурсатда аниқлаш имконини берувчи технологиялар муҳим аҳамият касб этади. Тизимга қаратилаётган эътибор натижасида мамлакатимизда мазкур турдаги аппаратлар сони ҳозирга қадар 32 тани ташкил қилган бўлса, айни пайтда 19 таси жойлардаги муассасаларга ўрнатилмоқда. Қувонарлиси, яқин кунларда улар сони яна 10 тага кўпаяди. Жойларда яратилган шарт-шароитлар эвазига бугунги кунда сил касаллиги билан боғлиқ аломатларни исталган ҳудудда икки соат ичида аниқлаш ва даволаш ишларини бошлаш имконияти мавжуд. Талаб этиладиган дори воситалари билан юз фоиз таъминланган. Бу борада халқаро ташкилотлар, хусусан, USAID билан ҳамкорликда узоқни кўзлаб, аниқ мақсадларга йўналтирилган фаолиятлар амалга оширилмоқда. Биргина мисол, яқинда марказ қошида масофадан туриб онлайн тарзда ташхис қўйиш, касалликлар устида фикр алмашиш имконини берувчи инновацион тренинг марказ фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги END-TB – "силни тўхтатиш" стратегиясининг амалиётга татбиқ этилиши ҳам фаолиятларимизни янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади. Жумладан, Миллий дастурнинг олдига қўйилган асосий вазифалар – силдан касалланиш ва ўлимни камайтириш, хасталик кенг тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.

Кэрри ТЬЮДОР,

Халқаро ҳамширалар кенгашининг сил лойиҳаси бўйича директори, профессор, ЖАР:

– Аслини олганда соғлиқни сақлаш тизимини тиббиёт ҳамшираларисиз тасаввур қилиш мумкинми, назаримда йўқ. Сабаби, у бирламчи тизим бўладими ёки соҳанинг бошқа тармоқларидами ҳамшира фаолияти асосий таянч хизматини ўтайди. Бу ўз навбатида ҳамширадан ҳам катта билим, тажриба ва масъулият талаб қилади. Шунинг учун ушбу конференция доирасида ҳам мазкур масалага алоҳида аҳамият қаратилди. Анжуманда сил беморларига тиббий ёрдамни ташкиллаштиришда тиббиёт ҳамшираларининг роли мавзусидаги маърузам билан иштирок этдим. Унда бу борада ҳамширага қўйиладиган талаблар, у томонидан амалга ошириладиган вазифаларга ойдинлик киритилган. Ўтказилган маҳорат дарсларида бошқа мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини кузатдим. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказидаги ҳамширалар иши билан ҳам яқиндан танишдим. Мутахассис сифатида улар фаолиятини тўғри баҳолайман. Албатта, бу касб эгалари олдига мутахассислиги бўйича талаблар қўйишдан олдин, улар учун зарурий шароитларни яратиб бериш керак. Йўналишига қараб улар билим ва кўникмаларини ҳам ошириб бориш мақсадга мувофиқдир.

Юқорида таъкидлаганимиздек, конференциянинг мантиқий давоми Қашқадарё вилоят фтизиатрия диспансерида давом эттирилди. Улар доирасида ўтказилган маҳорат дарслари ва кенгайтирилган анжуманда дориларга чидамли сил касаллигининг диагностикасида замонавий тезкор усуллар: регионал бактериологик лабораториялар фаолиятини мувофиқлаштириш, силга қарши дори воситаларининг менежментини такомиллаштириш учун Quan-TB дастурини қўллаш, сил касаллигининг инфекцион назорат тизими – шифохона ичи инфекцияси тарқалишининг олдини олиш гарови, силга қарши янги дори воситалари ва қисқартирилган даволаш тартиби, беморларни стационар ва амбулатория босқичида даволашда силга қарши дориларнинг ножўя таъсирини кузатишда ҳамширалар амалиёти, касаллик диагностикаси ва даволашни назорат қилишда инновацион лаборатория технологиялари, болалар сил касаллиги, ўпка силини даволашда инновацион ёндашувлар, жарроҳлик ёрдамида даволаш моделлари ва шу каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар жаҳон тажрибаси билан таққосланди, мавжуд муаммо ва камчиликларга самарали ечим изланди.

ЭЪТИБОР БЕРИНГ

– Конференция доирасида яқинда марказ қошида фаолияти йўлга қўйилган инновацион мониторинг ва тренинг маркази орқали европалик профессор-олимлар ва Тошкент шаҳри ҳамда Бухоро вилояти мутахассислари тўғридан-тўғри ўзаро фикр алмашишди.

– Марказ томонидан ташкил қилинган шарт-шароитлар натижасида бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сил касаллиги билан боғлиқ аломатларни қисқа вақт ичида аниқлаш ва даволаш ишларини бошлаш имконияти яратилган.

– END-TB – "силни тўхтатиш" стратегиясининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида сил касаллиги тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар сезиларли даражада такомиллашади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, марказда йўлга қўйилаётган самарали фаолиятлар натижасида сўнгги йиллар мобайнида сил касаллигига қарши курашиш, унинг олдини олиш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Халқаро миқёсда олиб борилаётган кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари эса мазкур натижалар салмоғини янада оширишга хизмат қилади. Тадбир сўнгида Ўзбекистонда сил бўйича назоратни кучайтириш ва у туфайли юзага келадиган талафотни камайтиришга қаратилган зарурий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.

Акром АБДУЛЛАЕВ олган суратлар.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш”

газетасининг 2018 йил 25 май сонидан олинди.