Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

ФОТОРЕАПОРТАЖ: ФАОЛ, ТАШАББУСКОР ВА ФИДОЙИ Бош сахифа

14 мая 2018

ФОТОРЕАПОРТАЖ: ФАОЛ, ТАШАББУСКОР ВА ФИДОЙИ

Ҳар йили 12 май – Халқаро ҳамширалар куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, юртимизда ҳам кенг нишонланади. Жорий йилги Халқаро ҳамширалар куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан “Саломатлик – инсон хуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи” шиори остида ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан 11-12 май кунлари пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида “Саломатлик – инсон ҳуқуқи, уни таъминлашда ҳамшираларнинг ўрни ва истиқболи” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда соғлиқни сақлаш тизимида самарали ва фаол меҳнат қилиб келаётган ҳамширалар иштирок этди.

Халқаро ҳамширалар куни

Анжуманда таъкидланганидек, Президентимиз Ш.Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан учрашувларда, видеоселектор йиғилишларида, ҳудудларга уюштирган сафарлари мобайнида соғлиқни сақлаш тизимидаги масалаларга доимий эътибор қаратиб, халқимизни рози қилиш учун аввало тиббий хизмат сифатини яхшилаш лозимлигини таъкидламоқда. Шу боис, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини ривожлантириш ҳам устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.

Ҳамширалик иши кенг қамровли жараён бўлиб, тиббиётнинг бирор йўналишини бу мутахассис фаолиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, шошилинч тиббий хизмат, реанимация, операция блокларида малакали ҳамширанинг билим, маҳорати, тажрибаси, ўз касбига садоқати беморни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим омил бўлади. Шошилинч ҳолатларда вазиятни тўғри баҳолаб, биринчи ва ҳал қилувчи ёрдамни тез тиббий ёрдам фельдшерлари кўрсатади. Илгари ушбу бўғин ходимлари тиббий техника ва дори воситалари танқислигидан турли ноқулай вазиятларга тушиб қолаётгани бор гап эди. Президентимизнинг фармон ва қарорлари билан ушбу масала ҳам ўз ечимини топмоқда.

Анжуман давомида аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ўрта тиббиёт ходимларидан бир гуруҳи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиғи ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Маросимдан сўнг, ҳамшираларни касб байрами билан муборакбод этиш мақсадида “Бор бўлинг, ҳамширалар!” деб номланган гала-концерт ташкил қилиниб, унда элимиз суйган санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди.

Анжуман доирасида иштирокчиларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган муқаддас қадамжоларга зиёрати уюштирилиб, мустақиллик йилларида барпо этилган бино ва иншоотлар билан яқиндан таништирилди.

Тадбир якунида тиббиёт муассасаси, жумладан, тиббиёт ҳамшираси фаолиятига соҳа амалдорлари эмас, балки оддий одамлар, аҳолининг бевосита ўзи холис баҳо берадиган тизим яратилгани ва ушбу мезон орқали баҳоланиши қайд этиб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.