Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:ФАРМАЦЕВТИКА КОРХОНАЛАРИ СОНИ ЯНА КЎПАЯДИ Бош сахифа

26 апреля 2018

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:ФАРМАЦЕВТИКА КОРХОНАЛАРИ СОНИ ЯНА КЎПАЯДИ

Инсон саломатлигини асрашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда аҳолини сифатли, арзон, шифобахш дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим ўрин тутади. Кейинги икки йил мобайнида бу борада фармацевтика тармоғини ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг арзонлиги ва эркин муомаласини таъминлашга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Мазкур агентлик зиммасига Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари ижросини ҳаётга татбиқ этиш, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш билан боғлиқ қатор вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда фармацевтика саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш, бу йўналишда хориждаги етакчи ишлаб чиқариш компаниялари билан алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

18-26 апрель кунлари Ўзбекистон ишбилармон доиралари делегациясининг Хитой Халқ Республикасига уюштирилган ташрифидан ҳам ана шундай мақсад кўзланган эди. Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А. Абдуллаев, "Zomin-Farm" эркин иқтисодий зонаси раҳбари А. Назаров, Тошкент ва Жиззах вилояти ҳокимларининг ўринбосарлари иштирок этмоқда.

Мазкур ташриф доирасида Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги Хитойнинг фармацевтика соҳасидаги йирик давлат корпорациялари – "China Meheco Corparation", "Xitoy Sinopharm International Corparation", "Avic International Ingeneering Company", "Ziu Zhi Co, Ltd" ва бошқа шу каби нуфузли компаниялар билан музокаралар олиб борди. Мулоқотлар чоғида ҳамкорликнинг қуйидаги устувор йўналишлари аниқланди:

– Мамлакатимизда талаб катта бўлган дори воситаларининг субстанцияларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

– Юртимизда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш;

– Вакциналар ва таркибида зардоб сақловчи препаратларни ишлаб

чиқаришни ташкиллаштириш;

– маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчиларининг юқори сифатли Хитой маҳсулотларидан фойдалана олиш имкониятларини кенгайтириш.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари «China Sinopharm International Corparation» ва “National Vaccine and Serum Institute” вакцина заводига ташриф буюрди.

Пекин интеграция ривожлантириш хизмати “Shenteihe” МЧЖ билан Ўзбекистон Республикасида қаттиқ дори шакллари: таблеткалар, капсулалар ва кукун шаклдаги дори воситларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга кўра, умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланди. Лойиҳа 2018-2020 йилларда “Zomin-Farm” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган.

Айни пайтда мамлакатимиз ишбилармонларининг Хитойга ташрифи давом этмоқда. Ташриф якунига қадар фармацевтика саноатидаги илғор технологиялар билан танишиш ва тажриба алмашиш, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича яна бир қатор келишувларга эришиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 150 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармондан тиббиётимиз амалиётида кенг фойдаланиляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.