Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Инсульт мактаби: касалликка қарши курашда якдил қадам Бош сахифа

20 апреля 2018

Инсульт мактаби: касалликка қарши курашда якдил қадам

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, сайёрамизда ҳар йили 20-25 миллион одам инсультга чалинади. Ушбу беморларнинг бир қисми касаллик туфайли вафот этади. Бу глобал тиббий-ижтимоий муаммо нафақат инсон саломатлиги, жамият ривожига ҳам таъсир этмоқда. Шу боис, инсультнинг олдини олиш, неврологияда диагностика ва даволаш ишларини такомиллаштириш, беморларга реабилитация ёрдами кўрсатиш сифатини яхшилаш илм-фан ва тиббиёт олдида турган муҳим вазифадир.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган инсультга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тамойилларига бағишлаб ўтказилган илмий-амалий анжуманда шу ҳақда сўз юритилди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон неврологлар ассоциацияси, Европанинг инсультга қарши кураш ташкилоти (ESO) ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар билан бир қаторда Жаҳон ва Европа инсультга қарши кураш ташкилоти экспертлари, Арманистон, Озарбойжон, Грузия, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан келган мутахассислар иштирок этди.

Инсульт мактаби: касалликка қарши курашда якдил қадам

Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда тиббиётнинг турли йўналишлари каби неврология соҳасини ҳам тубдан ислоҳ этиш, бу йўналишда аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, самарадорлигини ошириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасалари тузилмаси такомиллашмоқда. Неврология хизматини ривожлантириш бўйича янги концепция ишлаб чиқилаётир.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда бу йўналишда жойлардаги бирламчи тиббий-санитария бўғинида 550 дан ортиқ неврология кабинетлари фаолият юритяпти. Уларда 1500 нафарга яқин невролог, жумладан, 350 нафар болалар неврологлари эл саломатлиги йўлида иш олиб боряпти. Шунингдек, бу йўналишда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда.

Тиббиёт амалиётига ультратовуш таҳлил, компьютер тамография, магнит резонанс тамография каби замонавий диагностика аппаратларининг кириб келиши аҳолига диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатишни яхшилашга замин яратмоқда.

Маълумки, мия қон-томир касалликларининг олдини олишда тиббий ёрдам билан бир қаторда оиладаги тиббий маданият даражаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, соғлом турмуш тарзини юритиш кўплаб касалликлар каби инсультнинг олдини олишда ҳам муҳим қадамдир. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бу вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда “Саломатлик мактаблари” фаолият юритмоқда.

Аҳолига неврология соҳасида кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами сифатини янада оширишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Бу борада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон неврологлар ассоциацияси ва Европанинг инсультга қарши кураш ташкилоти(ESO)нинг ҳамкорлиги ўз самараларини бераётир. Ушбу ҳамкорлик лойиҳаси доирасида мамлакатимизда қатор йиллардан бери хориждаги етакчи илм-фан марказлари олимлари ва мутахассислари иштирокида “Инсульт мактаби” машғулотлари ўтказилмоқда. Унда неврология соҳасида жаҳон илм-фани эришаётган муҳим ютуқлар бўйича ўзаро тажриба алмашилаётир. Мамлакатимиз халқаро миқёсда амалга оширилаётган ESO-EAST “Инсультни даволашни яхшилаш ва тезлаштириш”дастурига аъзо бўлди. Бу инсульт профилактикаси, диагностикаси ва даволаш, шунинг билан бирга, соҳага оид ахборот алмашишни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур анжуманда ҳам Жаҳон инсультга қарши кураш ташкилоти (WSO) вице-президенти, профессор Н.Борнштейн, Европанинг инсультга қарши кураш ташкилоти (ECO) президенти, профессор В.Касо каби нуфузли меҳмонларнинг иштироки тиббиётимизнинг ўзига хос салоҳияти ва истиқболидан далолатдир.

— Инсультга қарши курашда касалликнинг бирламчи белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва беморга биринчи ёрдамни тўғри кўрсатиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ғофуров. — Бу нафақат невролог врачлар, терапевт, умумий амалиёт шифокорларидан ҳам катта масъулият талаб этади. Юртимизда хориждаги нуфузли клиникаларнинг етакчи олимлари иштирокида анъанавий тарзда ўтказилаётган “Инсульт мактаби” машғулотлари бу борада жаҳон тиббиёти эришаётган энг муҳим ютуқларни ўзлаштириб ундан инсон саломатлиги йўлида кенг фойдаланишга замин бўлмоқда.

Бу галги анжуман ҳам ниҳоятда қизиқарли руҳда ўтди. Унда инсультга қарши кураш, бу йўналишда профилактика, диагностика, даволаш ишлари сифатини ошириш, беморларга тиббий-реабилитация ёрдами кўрсатиш бўйича илм-фанимиз эришаётган энг сўнгги янгиликлар оммага тақдим этилди. Бундай халқаро алоқалар нафақат мамлакатимизда, балки, бутун дунёда тиббиётни ривожлантириш, инсон саломатлигини асрашда юксак самаралар бериши табиий.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.