Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

“САЛОМАТЛИК МАКТАБЛАРИ” МАНАСДА ҲАМ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ Бош сахифа

19 апреля 2018

“САЛОМАТЛИК МАКТАБЛАРИ” МАНАСДА ҲАМ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси ва бевосита топшириқлари билан юртимизнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқларни ободонлаштириш, аҳоли учун шаҳардан кам бўлмаган қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури ишга туширилди. Ушбу ташаббус доирасида ободошлаштириш ишлари бошлаб юборилган Манас қишлоғи 45 кун ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди.

Шу йилнинг 30 март куни Президентимиз Жиззах вилоятига қилган ташрифларида Манас қишлоғининг замонавий қиёфаси, унда барпо этилган янги-янги иншоотлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб, қишлоқ аҳлининг ғайрат ва шижоатини алоҳида эътироф этдилар.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудуд аҳолисининг тиббий маданиятини янада ошириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий санитария ёрдамини ташкил этиш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Айни пайтда Манас қишлоғида 6,5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айтиш ўринлики, инфратузилма иншоотлари, кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси таъминоти, маданий-маиший хизмат кўрсатиш талабга жавоб бермаслиги туфайли аҳоли қийналиб келаётган эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида бу ердаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа муддат ичида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ана шундай бунёдкорлик ишларидан бири сифатида ҳудуддаги 27-оилавий поликлиникада яратилган шарт-шароитларни алоҳида қайт этиш даркор. Узоқ йиллар давомида фаолият олиб борган, шароити етарли даражада бўлмаган қишлоқ врачлик пункти ўрнида замонавий оилавий поликниканинг ташкил этилгани ҳудуд аҳолисига бирламчи тиббий хизмат ва ихтисослашган хизматни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу ердаги шароитлар шаҳар оилавий поликлиникаларидан асло қолишмайди. Оилавий поликлиникада айни пайтда қабулхона, муолажа, стоматология, лабаротория, зарарсизлантириш, умумий амалиёт шифокори, тор соҳа мутахассисларига мўлжалланган хоналар ва кундузги шифохоналар мавжуд бўлиб, давр талаби асосида энг сўнгги замонавий услубда жиҳозланган. Шунингдек, УТТ, стоматологик жамланма, лаборатория жиҳозлари, патронаж сумкалари, компьютерлар ва барча тиббий асбоб-ускуналар билан ҳам таъминланган.

Тадбирда таъкидланганидек, оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, ҳар бир инсон онгига ўзи ва яқинлари соғлиғи учун масъуллик туйғусини чуқур сингдириш соғлиқни сақлаш тизими зиммасига катта масъулият юклайди.

Халқимизга бу борада замонавий андозалар бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббий-профилактика ва патронаж хизмати ташкил этилиб, бу тизим фаолияти узлуксиз равишда такомиллаштирилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида бирламчи тиббий-санитария тизимида аҳолини патронаж ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш механизмлари тартиби аниқ белгилаб берилди.

Айтиш жоизки, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш узлуксиз жараён бўлиб, бу борадаги ишларни тизимли равишда амалга ошириш нафақат тиббиёт муассасалари, балки кенг жамоатчилик зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан “Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида” ги қўшма қарори шу мақсадда қабул қилинди.

Эндиликда мазкур қарор доирасида, ҳудудларда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу мақсадда жорий йилдан эътиборан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва юқоридаги ҳамкор ташкилотлар биргаликда “Саломатлик мактаблари” фаолиятини йўлга қўйди. Шунингдек, бу йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган тарғибот тадбирлар дастури тайёрланди. Айни пайтда “Саломатлик мактаблари” Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридадаги жами 195 та туман (шаҳар)да жамоатчилик асосида фаолият юритиб келмоқда. ҚВПлар, қишлоқ ва шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт врачлари, патронаж ҳамширалар, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари, таълим муассасалари шифокорлари ҳамкорликда мазкур жамоат тузилмасига бирлашиб, оилаларда, аҳоли орасида, таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади.

“Саломатлик мактаблари” фаолияти мониторингини амалга ошириш механизми ҳафталик иш режаси асосида олиб борилади. Ҳафтанинг ҳар бир куни алоҳида ном билан номланади. Яъни, душанба нуронийлар куни, сешанба ҳомиладорлар куни, чоршанба болалар ва ўсмирлар куни, пайшанба хонадон ва экология куни, жума аёллар ва қизлар куни, шанба саломатлик куни, деб белгиланади. Ҳар бир куннинг моҳиятидан келиб чиқиб, тегишли аҳоли қатлами орасида соғлом турмуш тарғиботига оид чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шу ўринда айтиш керакки, бу чора-тадбирларни амалга ошириш патронаж ҳамшира ва умумий амалиёт шифокори зиммасидаги масъулиятни янада ошириши табиий. Зеро, патронаж хизмати ҳар бир оила, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини тўла ҳимоя этиш, касалликларнинг олдини олиш, оилаларга тиббий маърифат тарқатишда муҳим бўғиндир.

Семинарда таъкидланганидек, ана шу йўналишда фаол иш олиб борувчи патронаж ҳамшира эндиликда, аниқ кун тартиби асосида иш фаолиятини ташкил этади. Яъни, патронаж ҳамширанинг иш куни эрталабдан ўзига тегишли ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий-тиббий муҳитини ўрганиш билан бошланади. Патронаж ҳамшира бунинг учун маҳалла фаолларига таянади. Эрталаб уларга қўнғироқ қилиб, ҳудудлардаги ҳолатни ўрганади. Сўнгра аниқлаган маълумотларини умумий амалиёт шифокорига етказади. Шу тахлитда шошилинч ва режали патронаж уюштириладиган хонадонлар маълум бўлади. Сўнгра оилаларга патронаж уюштирилади. Патронаж ҳамшира, шунингдек, умумий амалиёт врачига беморлар ва тиббий маслаҳат сўраб келганларни қабул қилиш ва тиббий хизмат кўрсатишда кўмаклашади. Иш кунининг якунида барча маълумотлар таҳлил этилади ва ҳисоботлар тақдим этилади.

Патронаж хизмати сифатини ошириш учун ҳамшира доимий изланишда бўлиши, билим ва тажрибасини бойитиб бориши муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун соҳа мутахассисларининг ҳар бири шахсий оилавий кутубхонасига эга бўлиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиб, жаҳон алоқа тармоғи орқали тиббиёт янгиликларини чуқур ўзлаштириб бориши замоннинг муҳим талабидир. “Саломатлик мактаби” лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган тадбирлар жараёнида бу масалаларга ҳам устувор аҳамият қаратилади.

Бундай тиббий-ижтимоий лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад аввало инсон саломатлигини асраш, жамиятда тиббий-ижтимоий муаммоларнинг олдини олишдир. Ана шундай муҳим тиббий-ижтимоий муаммолардан бири оналик ва болалик муҳофазаси билан боғлиқ. Айниқса, она ва бола ўлимининг олдини олиш масаласи ниҳоятда долзарб. Саломатлик мактаби аъзоларининг иш фаолиятида ҳам бу масалалар устувор ўрин тутади. Яъни, оналар ўлими рўй берса, вазиятни жойига чиқиб чуқур ўрганиш, болалар ўлими ҳолатларини ҳар ой таҳлил қилиш орқали йўл қўйилган камчиликни аниқлаб, зудлик билан бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, она ва бола саломатлигини асраш мақсадида туғиш ёшидаги аёлларни соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этиш режалаштирилган.

Қилинаётган ушбу ишлар одамлар ҳаётида қандай натижа бераётганини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида мониторинг гуруҳлари шакллантирилади. Улар маҳаллаларда , таълим муассасаларида иш олиб бораётган “Саломатлик мактаблари”нинг иш фаолиятини ўрганади. Бу жараёнда оилалардаги санитария ҳолати, оила аъзоларининг тиббий маданият даражаси, оилаларнинг мақсадли патронаж билан қамраб олиниши, одамларнинг соғлиқни сақлаш ходимлари ва маҳалла фаолиятидан розилиги асосий мезон этиб белгиланади.

“Саломатлик мактаблари” фаолияти шу тахлит барча худудларда бўлгани каби Манасда хам таҳлил этилиб, муаммоларни жойида ўрганиш, ечимларини топишга алоҳида аҳамият қаратилади. Семинар якунида сўзга чиққанлар, соғлом авлодни тарбиялаш, узоқ умр кўриш сирлари, овқатланиш тамойиллари, кундалик турмушимизда қўлланиладиган гигеник талаб ва қоидалар ҳақида ҳам тўҳталиб ўтишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати