Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Буйрак трансплантацияси ўтказилган 14 ёшли бемор соғлом ҳаётга қайтди Бош сахифа

17 апреля 2018

Буйрак трансплантацияси ўтказилган 14 ёшли бемор соғлом ҳаётга қайтди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида 14 ёшли Умиджон Абдумаджидовга отаси Илгор Абдуқаюмов донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси бажарилган эди. Бугун бемор шифо топиб уйига қайтди.

Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг талаб ошиб бораётган, истиқболли йўналишларидан бири. Бугун бундай юқори технологик операциялар тиббиёти ривожланган давлатлар билан бир қаторда юртимиздаги икки марказ — академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида шундай мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.

Буйрак трансплантацияси  ўтказилган 14 ёшли бемор соғлом ҳаётга қайтди

— Марказимизда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори Мақсудхон Рашидов . — Бу операциянинг мураккаблиги шунда бўлдики, бемор Умиджон жуда ёш, организми ҳали ривожланиш босқичида эди. Ички аъзоларининг кичиклиги, қон томирларининг ингичкалиги алоҳида ёндашув талаб қилди. Шу боис марказда катта тайёргарлик кўрилди. Хориж тажрибасини ўргандик. Шундан сўнг, Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда марказимиз тарихида илк бор буйрак трансплантацияси бажарилди. Операциягача беморнинг буйраги ўз фаолиятини бажара олмагани боис, қони 8 ой давомида тўлиқ гемодиализ аппарати орқали тозаланган. Ҳозир буйрак меъёрида фаолият олиб бормоқда. Умиджон соғлом ҳаётга қайтди, деб бемалол айта оламиз.

— Бугун ўғлим Умиджон қайта дунёга келгандай бўлди, — дейди беморнинг отаси, донор Илгор Абдуқаюмов. — Давлатимизнинг кўмаги, шифокорларнинг астойдил меҳнати оиламиз қувончини қайтариб берди. Операциядан олдин натижа қандай бўларкан, деган ўй-хаёллар бўлгани рост. Мана, ҳаммаси ортда қолди. Ҳозир Умиджоннинг кайфияти, ўзига ишончи баланд.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари ушбу мураккаб амалиёт муваффақиятли ўтганига катта ишонч билдиришди. Ҳозиргача бўлган натижаларнинг барчаси ижобий. Бемор ва донор соғлом ҳолатда ўз оиласи, яқинлари бағрига қайтди. Энг муҳими, энди марказ мутахассислари бу каби операцияларни бемалол бажара олади.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бундай мураккаб амалиётлардан ташқари, юртимиз шошилинч тиббий ёрдам тизими бўйича йилига600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам, шунингдек йилига 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича тиббий ёрдам ҳам кўрсатиб келмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.

Суратларда: Бемор Умиджон Абдумаджидовни шифокорлар оила аъзолари иштирокида уйига кузатишмоқда.