Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

“ОЧИҚЛИК ИНДЕКСИ” РЕЙТИНГИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ: СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ 92 БАЛЛ БИЛАН 5-ЎРИНДА Бош сахифа

30 марта 2018

“ОЧИҚЛИК ИНДЕКСИ” РЕЙТИНГИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ: СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ 92 БАЛЛ БИЛАН 5-ЎРИНДА

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “Очиқлик индекси” бўйича рейтинги эълон қилинди. Рейтинг натижаларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 92 балл билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари орасида — 5-ўринни, вазирликлар ичида эса — 3-ўринни эгаллади.

Ўтган галги рейтинг баҳолашда вазирликка 88 балл билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ичида 12-ўрин берилган эди.

Жорий йил 1 январгача бўлган даврни ўзида ифодалаган “Очиқлик индекси” рейтинги 52 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида белгиланган талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Бунда вазирлик Ахборот хизмати фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ахборотлардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш, давлат органлари ва жамият ўртасида ўзаро ахборот алмашишнинг аниқ механизмларини яратиш бўйича қатор амалий ишлар олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилган эди. Ушбу кенгаш экспертлар иштирокида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиб, баҳолаш натижаларини ҳар йили икки маротаба эълон қилиб боради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.