Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Фарғона вилоятида вазифасига сусткашлик билан ёндашган тиббиёт ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилди Бош сахифа

10 февраля 2018

Фарғона вилоятида вазифасига сусткашлик билан ёндашган тиббиёт ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилди

Фарғона вилояти бирламчи тиббий-санитария хизмати бўйича ўтказилган текширишлар натижасида ҳудудда ўз вазифасини сусткашлик билан бажариб келаётган тиббиёт ходимлари ҳам борлиги маълум бўлди.

Шу муносабат билан, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг масъул ходими А.Нигманова вилоятдаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида патронаж ишлари, тор соҳа мутахассислари кўрикларини талаб даражасида ташкил этмагани ва берилган топшириқларга етарли даражада эътибор қаратмаганлиги сабабли ўз эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиқ ўринбосари О. Қосимова, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси масъул ходими М. Раҳмонова ҳамда болалар бўлими масъул ходими М.Ғаниева туман аҳолисини тиббий патронаж кўриги билан қамраб олиш ишларини талаб даражасида бажармаганлиги, тиббиёт бўйича берилган топшириқларни суст бажаргани учун вазифасидан озод этилди.

Риштон туманида “103” тез тиббий ёрдам хизмати ишларини талаб даражасида ташкил этмаганлиги, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги селектор йиғилишда шошилинч тибий ёрдам хизмати фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминламаганлиги учун туман тиббиёт бирлашмаси тез ёрдам бўлими мудири М.Болтабоев ҳамда бўлим мутасадди ходими Д.Бурхоновалар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, вилоятда ўтказилган текширишлар натижасида Боғдод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ю. Абдусатторов, Қўштепа туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б. Абдураҳмонов, Тошлоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Т. Мамажонов, Риштон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М. Турсунхўжаев, Олтиариқ туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Ш. Бузруковларнинг бошқарувда йўл қўйган камчиликлари туфайли аҳолининг тиббий ёрдамга муҳтож қатламига бирламчи тиббий-санитария хизмати талаб даражасида кўрсатилмаган ва натижада фаолиятда қатор камчиликлар кузатилган. Шу муносабат билан уларнинг 3 ойлик маоши давлат ҳисобига ўтказилди.

Аслини олганда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш соҳасини ҳар томонлама ривожлантиришга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. 2017 йилда соҳа ривожи учун Давлат бюджетидан жами 633,0 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2018 йилда бу рақам 759,3 млрд. сўмга етди. Дори-дармон бўйича ажратилган маблағлар 2017 йилда 30 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу рақам қарийб икки баробарга оширилиб, 57 млрд. сўмга етказилди. Тез тиббий ёрдам хизматининг ҳар бир чақируви учун ажратилаётган маблағлар ҳам қарийб уч баробарга оширилди.

Вилоятга амалий ёрдам бериш ташаббуси билан чиққан Республика тиббиёт марказларининг 11 нафар етакчи мутахассислари ҳозирда эндокринология, офтальмология, кардиология, сил ва ОИТСга қарши кураш, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази ва шошилинч тиббий ёрдам маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарида фаолият олиб бормоқда. Тиббиёт ходимларидан эса яратиб берилаётган ана шундай шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиш, халқ розилиги учун сидқидилдан меҳнат қилиш талаб этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ахборот хизмати.