Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Дори арзон ва сифатли бўлиши зарур Бош сахифа

12 января 2017

Дори арзон ва сифатли бўлиши зарур

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, хавфсиз ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб, улар томонидан 2 мингдан ортиқ турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Самарқанд вилоятида шу йўналишдаги ўнга яқин корхона ишлаб турибди. Давлат ўрмон хўжаликларида доривор ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилган. Бу маҳсулотлардан тайёрланаётган 11 турдаги дори воситаси давлат реестридан ўтказилиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтариш, халқимизни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Мазкур қарорнинг қабул қилиниши кейинги пайтда дори-дармон воситалари нархининг асоссиз ошиб бораётгани, бир хил дорининг дорихоналарда турли нархларда сотилиши ҳамда маҳаллий дори воситалари ўрнига хорижда ишлаб чиқарилганларини қўллаш каби ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси Н.Холмуродов. – Ушбу ҳужжатда 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланди. Ижтимоий аҳамиятга молик дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари белгиланган нархларда сотилади. Қарорга биноан ташкил этилган даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш республика комиссияси вакиллари Самарқанд вилоятидаги 600 дан зиёд ижтимоий ва хусусий дорихоналар фаолиятини ўрганиб, соҳа ходимларига зарур тавсиялар бермоқда. Барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган 76 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда шифокор рецептисиз бериладиган 1033 турдаги дори-дармон воситалари рўйхати дорихоналарнинг харидорга қулай ва кўринарли жойига илиб қўйилмоқда. Тиббиёт ходимлари ва дорихоналар масъуллари учун амалий семинарлар ташкил этилиб, қарор моҳияти, унда белгиланган вазифалар тушунтирилмоқда.

“Самарқанд дори-дармон” акциядорлик жамияти вилоятдаги шифохона ва дорихоналарни маҳаллий дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш чораларини кўрмоқда. Жойлардаги даволаш муассасаларининг эҳтиёжи ўрганилиб, йил давомида уларга узлуксиз дори воситалари етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланмоқда.

– Бугунги кунда дорихоналаримизда 76 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда шифокор рецептисиз бериладиган 1033 турдаги дори-дармон воситалари рўйхати кўринарли жойларга ўрнатилган, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Фармацевт” масъулияти чекланган жамияти раиси ўринбосари Ф.Амиров. – Харидорлар дориларга қўйилган янги нархлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари билан танишиш имкониятига эга бўлмоқда. Буларнинг барчаси халқимизни сифатли дори-дармон билан таъминлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, аҳолини арзон ва сифатли, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари билан таъминлашда вилоятнинг 13 туманида фаолияти йўлга қўйилган ижтимоий дорихоналарнинг ўрни катта бўлмоқда. Ушбу дорихоналарнинг барчасида фитобарлар ташкил этилган бўлиб, ўнлаб доривор ўсимликлардан тайёрланган дамламалар аҳолига таклиф этилмоқда. Жорий йилда мазкур дорихоналар тармоғини кенгайтириш ҳамда уларда сотилаётган дори-дармон воситалари турини янада кўпайтириш режалаштирилган

Манба: uza.uz